Тошкентдаги электр «заправка»лар бузилиши юзасидан депутатлик сўрови юборилади

Bugun 15:002 daqiqa

Либерал-демократик партияси депутатлари тадбиркорларга тегишли ташқи реклама воситалари, электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда енгил конструкцияли объектларни демонтаж қилиниши қонунийлигига изоҳ талаб қилмоқда.

Тошкентдаги электр «заправка»лар бузилиши юзасидан  депутатлик сўрови юборилади

Тошкентда тадбиркорларга тегишли ташқи реклама воситалари, электромобилларни қувватлантириш станциялари ҳамда енгил конструкцияли объектларни демонтаж қилиш ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлари тегишли давлат органларига депутатлик сўрови юборишини маълум қилди.

Партия матбуот хизматининг билдиришича, сўровда давлат идораларидан амалга оширилган ҳаракатларнинг қонунийлиги бўйича расмий изоҳ бериш талаб қилинади.

Депутатлар Конституциянинг 65-моддасига таяниб, хусусий мулк дахлсизлиги қонун билан ҳимоя қилиниши ва мулкдор суд қарори бўлмасдан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмаслигини эслатди.

Шунингдек, агар тадбиркорлар объектларни ўрнатиш жараёнида қонунчиликда белгиланган тартибда барча зарур рухсатномаларни олган бўлса, кейинчалик уларни «ноқонуний» ёки «дизайн-кодга мос эмас» деган асос билан суд қарорисиз бузиб ташлаш мумкин эмаслиги таъкидланди.

Қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ҳамда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланган. Низоли вазиятлар, жумладан “ноқонуний қурилмалар” деб топилган объектлар масаласи ҳам суд тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Шу муносабат билан партия суд қарорисиз мажбурий демонтаж қилиш амалиётига чек қўйиш зарурлигини билдирди. Давлат органлари қарорлари тадбиркорларга зарар етказмасдан, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши кераклиги қайд этилди.

Нега демонтаж ишлари олиб борилмоқда?

Мазкур масала сўнгги кунларда Тошкентда электромобиллар учун қувватлаш станцияларининг тармоқдан узилиши билан боғлиқ вазият ортидан янада долзарблашди. Пойтахт ҳокимлиги тезкор зарядлаш шохобчаларидан фойдаланишда қатор қоидабузарликлар аниқланганини билдирган.

Маълум қилинишича, 101 та қувватлаш станцияси вақтинча ўчирилган, 62 тасида эса электр таъминоти корхоналари билан шартнома мавжуд эмаслиги аниқланган. Шунга қарамай, шаҳар ҳокимлиги бизнес билан ҳуқуқий майдонда конструктив ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.

Бизнес-омбудсман ҳам мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлар мурожаатларини ўрганаётганини маълум қилди. Агар асоссиз қарорлар ёки хатти-ҳаракатлар аниқланса, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid