Авиадиспетчерлар учун мажбурий тиббий кўрик бекор қилинди

Bugun 11:111 daqiqa

Фуқаро авиацияси қоидаларига киритилган янги ўзгартиришларда диспетчерлар учун ҳар кунлик сменадан олдинги тиббий текширув талаби бекор қилинди.

Авиадиспетчерлар учун мажбурий тиббий кўрик бекор қилинди

Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси самовий ҳудудида фуқаро ва экспериментал авиациясининг парвоз қилиш авиация қоидаларига (ЎзР АҚ-91) киритилган ўзгариш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди.

Киритилган ўзгаришларга кўра, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш диспетчерларининг ҳар куни сменадан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши ҳақидаги талаб бекор қилинди. Бу қарор халқаро авиация стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Хусусан, ўзгаришлар Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция талабларига мослаштирилган. Мазкур конвенция доирасида диспетчерлар учун ҳар кунлик тиббий текширув амалиёти мажбурий ҳисобланмайди.

Амалда йўқ қоидалар

Шунингдек, янги таҳрирда айрим қоидалар амалдаги аҳамиятини йўқотгани сабабли чиқариб ташланди. Масалан, булутларнинг қуйи чегараси белгиланган минимумдан паст бўлмаган тақдирда ўтиш эшелонидан пастга тушишга рухсат берилишига оид нормалар энди авиация қоидалари таркибига кирмайди.

Қоидаларда ҳаво кемаларини таснифлаш тартиби ҳам аниқлаштирилди. Унга кўра, жиҳозланишига қараб ҳаво кемалари икки тоифага — асосий ҳаво кемаси ҳамда қайта жиҳозланган ҳаво кемасига ажратилади.

Киритилган ўзгаришлар миллий авиация қонунчилигини халқаро стандартларга уйғунлаштириш ва парвозларни ташкил этишда ортиқча бюрократик талабларни қисқартиришга қаратилган. Бу эса авиация соҳасидаги меъёрий базани янада соддалаштириш ҳамда соҳанинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid