Ялпи ички маҳсулот ҳажми юқори ҳудудлар маълум бўлди

2025 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсди, айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши анча юқори бўлди.

Ялпи ички маҳсулот ҳажми юқори ҳудудлар маълум бўлди

2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни сақлаб қолди. Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1 849,7 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 7,7 фоизга ошган. Бу кўрсаткич иқтисодий фаоллик ва ҳудудлар кесимида ишлаб чиқариш ҳажмларининг кенгайганини кўрсатади.

Ялпи ҳудудий маҳсулот юқори ҳудудлар

Ҳудудлар кесимида энг катта ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахт иқтисодиёти 367,2 трлн сўмга етиб, бир йилда 11,3 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич республика бўйича энг юқори иқтисодий ўсиш суръати ҳисобланади. Мутахассислар буни хизматлар соҳаси, савдо ва саноат фаоллигининг юқори даражаси билан изоҳламоқда.

Иқтисодий ўсиш суръати бўйича иккинчи ўринни Сирдарё вилояти эгаллади. Ушбу ҳудудда ялпи ҳудудий маҳсулот 35,8 трлн сўмни ташкил этиб, 9,8 фоизга ўсган. Кейинги ўринларда Наманган ва Жиззах вилоятлари турибди. Ҳар икки ҳудудда ҳам иқтисодий ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, Фарғона вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 111,3 трлн сўмга етиб, 8,1 фоизга ошган. Самарқанд вилоятида эса бу кўрсаткич 121,5 трлн сўмни ташкил этиб, 8 фоизлик ўсиш қайд этилган. Хоразм вилояти иқтисодиёти ҳам 7,9 фоизга ўсиб, 63 трлн сўмга яқинлашган.

Ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши паст ҳудудлар

Навоий вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 167,9 трлн сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсган. Тошкент вилояти, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам иқтисодий ўсиш 7,2 фоиз атрофида бўлган. Андижон ва Қашқадарё вилоятларида эса ўсиш 6,8 фоиз, Сурхондарё вилоятида 6,6 фоиз даражасида қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида иқтисодий ўсишга саноат, хизматлар соҳаси ва инфратузилма лойиҳаларидаги фаоллик асосий омил бўлмоқда. Айрим вилоятларда инвестиция лойиҳалари ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши иқтисодий фаолликни кучайтирган.

Teglar

Mavzuga oid