3 йил аввал банкрот бўлган Hi Tech Bank биноси аукционга қўйилди
Бино Тошкент марказида, Навоий кўчасида жойлашган бўлиб, 74 млрд сўмлик нарх билан сотувга чиқарилган.

2023-йилда иқтисодий суд қарори билан банкрот деб эълон қилинган Hi Tech Bank биноси кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда “E-auksion” платформасидан маълум бўлди.
Бино Тошкент марказида, Навоий кўчасида, Алишер Навоий кинотеатрининг олдида жойлашган. Аукцион 13-март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Лот учун 74 млрд сўм бошланғич нархи қилиб белгиланган. Бино йил бошидан бери 4 марта аукционга чиқарилди, бироқ уларнинг бирортасида харидор топилмади.
Объект ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилган 1500 кв м ер майдонида жойлашган.
Бино-иншоотлар ҳақида маълумот:
— Давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиш ости майдони — 890 кв м
— Ўзбошимчалик билан қурилган қурилиш ости майдони — 86 кв м
Умумий майдонлар:
— Умумий майдони — 5405 кв м
— Давлат рўйхатидан ўтказилган майдони — 4429 кв м
— Ҳужжатсиз майдони — 890 кв м
— Ўзбошимчалик билан қурилган майдони — 86 кв м
Мулк номида мавжуд тақиқ аукцион ғолибига топширилишидан олдин олиб ташланади. Бино ичидаги ускуналарсиз сотилади.
Аввалроқ Шайхонтоҳур тумани ҳокимияти биноси 100 млрд сўмдан кўпроққа аукционга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.


