Мурожаатлар бўйича қонунчилик талабини бузганларга жазо кучайтирилади

Мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга кўриб чиқиш учун юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилиши белгиланди.

Мурожаатлар бўйича қонунчилик талабини бузганларга жазо кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 13-март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида Халқ қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Халқ қабулхоналари бўйича янги чора-тадбирлар

Унга кўра, Президент Администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жамлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилган.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ойда Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказиб, ижросини назорат қилади. Одамлар кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли масалалар бўйича таклифларни ҳукуматга киритади.

Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади. Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ваколати берилади.

Коммуникациялар департаментига мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтингини йўлга қўйиш ва ҳар олти ойда эълон қилиб бориш топширилди. Бош прокурорнинг комплаенс бўйича ўринбосари олдига бу борадаги барча топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.

Мурожаатлар билан ишлашда «маҳалла еттилиги»нинг масъулияти оширилади

Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади. Уни юритишга ёшлар етакчиси билан маҳалла раиси масъул бўлади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим қилиб боради.

Мутасаддиларга «Рақамли маҳалла» тизимини Президент Виртуал қабулхонасига тўлиқ интеграция қилиш топширилди.

Бундан буён мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга кўриб чиқиш учун юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилиши белгиланди.

Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо ҳам кучайтирилади.

Доимий социологик таҳлиллар ўтказилади

Президент Мирзиёев бугун ижтимоий-социологик тадқиқот натижалари давлат сиёсати ва ислоҳотларининг асосий йўналишларини белгилаб бериши кераклигини таъкидлади. Шу боис, социология фан сифатида қайта тикланди, олийгоҳларда социологлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида ижтимоий-социологик тадқиқотлар кўлами ва сифати оширилади.

Эндиликда бир марталик сўровлар эмас, балки қаерда ишонч ортаётгани, қаерда заифлашгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий равишда мониторинг ва таҳлиллар ўтказилади.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтинги методологиясини ишлаб чиқиб, таҳлиллар асосида рейтингни шакллантириш ва мунтазам равишда президентга киритиб бориш топширилди.

Ижро интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилди. Берилган ҳар бир топшириқнинг реал ижро ҳолати бўйича кундалик назорат ўрнатиш, масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар бўйича танқидий, очиқ ва холис ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid