Мурожаатга юзаки жавоб бераётган вазирликлар маълум қилинди

Bugun 14:573 daqiqa

Халқ қабулхоналари ҳам фақат мурожаат қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил ва диагностика қиладиган марказ сифатида фаолият юритиши белгиланди.

Мурожаатга юзаки жавоб бераётган вазирликлар маълум қилинди

Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлили айрим вазирлик ва идоралар фуқаролар муаммосини ҳал қилиш ўрнига расмий жавоблар билан чекланаётганини кўрсатди. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги эса 58 фоизига аниқ ечим бермагани қайд этилди.

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Такидланишича, бундай ҳолатлар фақат айрим ташкилотлардагина эмас, бошқа вазирлик ва идораларда ҳам учрамоқда. Бу эса мурожаатлар билан ишлаш тизимида ҳали ҳам муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари фаолиятида фуқаролар мурожаатларининг мазмуни ҳам ўзгариб бораётгани айтилди. Тизим янги ташкил этилган дастлабки йилларда мурожаатларнинг 90–95 фоизи шикоят шаклида бўлган. Ҳозирги вақтга келиб бу кўрсаткич 60–65 фоизга тушган.

Давлат раҳбари таъкидлашича, бу фуқаролар дунёқараши ўзгараётганидан далолат беради. Одамлар эндиликда фақат шахсий муаммолар эмас, балки маҳалладаги шароитни яхшилаш бўйича таклифлар билан ҳам мурожаат қилмоқда.

Бироқ муаммоси ҳал этилмаган фуқаролар раҳбарлар қабулини ташкил этишни Президентдан сўрашга мажбур бўлаётгани ҳам қайд этилди. Шу боис мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Янги тизим Қарши шаҳри мисолида тушунтирилди

Янги тартибга кўра, ҳокимлар аризада кўтарилган масалани ҳал қилиш билан чекланмайди. Аксинча, муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, унинг такрорланмаслиги учун тизимли чоралар кўриши лозим.

Президент янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берди. Маълум қилинишича, ўтган йили Халқ қабулхонасига Қарши шаҳри аҳолисидан 11 мингта мурожаат келиб тушган ва уларнинг мазмуни атрофлича таҳлил қилинган.

Таҳлил жараёнида шаҳарда алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган 255 нафар фуқаро ҳолати алоҳида ўрганилди. Маълум бўлишича, уларнинг 193 нафарида касб-ҳунар бўлса-да, ишсиз экани аниқланган. Қолган 62 нафар фуқаро эса ўз даромадини камайтириб кўрсатиб келаётгани маълум бўлган.

Шундан келиб чиқиб, муаммони ҳал қилиш учун бир нечта идораларни қамраб олган ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Хусусан, ҳокимлик, банклар, ҳоким ёрдамчилари, шаҳар бандлик бўлими ҳамда Мажбурий ижро бюроси биргаликда иш олиб боради.

Бу жараёнда ишсиз алимент тўловчилар тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинади ёки ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги бўш иш ўринларига жойлаштирилади. Шунингдек, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқаролар билан уч томонлама шартнома тузилиб, уларга тил ва касб ўргатиш орқали юқори даромадли ишларга юбориш режалаштирилган.

Даромадини яшириб келаётган шахслар билан эса алоҳида тартибда ишланади. Бу борада шаҳар солиқ инспекцияси Бош прокуратура департаменти билан ҳамкорликда уларнинг фаолиятини расмий иқтисодиётга чиқариш чораларини кўради.

Ушбу чоралар амалга оширилса, алимент тўловчилар қарамоғида бўлган қарийб 700 нафар боланинг моддий таъминоти яхшиланишига эришилади.

Teglar

Mavzuga oid