Ҳолливуд тиз чўкди: «YouTube» дунёдаги энг бой медиа империяга айланди!
Дунё кино гигантлари шокда: «YouTube» рекламадан шунчалик кўп пул топдики, «Disney», «NBCUniversal», «Paramount» ва «Warner Brosers» бирлашиб ҳам унга ета олмай қолди.

Ҳолливуд гигантлари учун хавотирланишга жиддий сабаб пайдо бўлди: «Google» таркибига кирувчи «YouTube» видеоплатформаси ўтган йили рекламадан тушган даромад бўйича «Disney», «NBC Universal», «Paramount» ва «Warner Brosers», «Discovery» компанияларининг жами кўрсаткичидан ўзиб кетди.
«Business Insider» нашрининг «MoffettNathanson» тадқиқот компаниясининг ҳисоботига асосланиб хабар беришича, 2025 йилда YouTube’нинг рекламадан топган даромади 37,8 миллиард долларни ташкил этди. Таққослаш учун, юқорида номи келтирилган тўртта йирик рақобатчининг умумий реклама тушуми бундан камроқ бўлган. (Агар бешинчи ўриндаги «Fox» компанияси қўшилса, анъанавий медиа гуруҳи 44,8 млрд доллар билан «YouTube»дан бироз ўзади).
Бу 2024 йилдаги ҳолатга нисбатан кескин ўзгаришдир. Ўшанда YouTube’нинг 36,1 миллиард долларлик даромади Голливуд «тўртлиги»нинг умумий 41,8 миллиард долларлик тушумидан сезиларли даражада кам эди.
Кўриш ва обуналар бўйича етакчилик
YouTube нафақат реклама, балки аудиторияни қамраб олиш бўйича ҳам доминантлик қилмоқда:
Телевизион улуш: «Nielsen» маълумотларига кўра, январ ойида АҚШ телеканалларида YouTube’ни кузатувчилар сони «Disney», NBCU, «Paramount» ва WBD стримингларининг жами томошабинларидан кўп бўлган. Фақат «Netflix» (8,8 фоиз улуш билан) «YouTube» (12,5 фоиз) билан рақобатлаша оладиган ягона пуллик стример бўлиб қолмоқда.
Обуналардан тушум: 2025 йилда «YouTube Premium», «YouTube Music» ва «YouTube TV» каби пуллик хизматлардан 22 млрд доллар даромад олинган. Бунга «NFL Sunday Ticket» каби спорт трансляцияларига бўлган қизиқиш ҳам катта ҳисса қўшган.
Келажакдаги ўсиш ва технология гигантлари
Таҳлилчилар Майкл Натансон ва Роберт Фишманнинг фикрича, реклама контентини ҳисобга олмаганда, «YouTube» ҳозир «Disney»ни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик медиакомпанияга айланди. Платформанинг обуналардан тушадиган даромади яқин уч йил ичида йилига 10 фоиздан ўсиши кутилмоқда.
Бироқ, шунга қарамай, «YouTube»нинг реклама бизнеси бошқа технология гигантлари билан солиштирганда ҳали ҳам камтарроқ кўринади. Масалан, 2025 йилда «Meta» («Facebook» она компанияси) рекламадан 196,2 млрд доллар, «Alphabet» (қидирув рекламаси орқали) эса 224,5 млрд доллар даромад кўрган.
