Киберфирибгарлик учун жавобгар банклар, янада кўп сотилган электромобиллар ва жиноий жавобгарликка тортилган ҳоким ёрдамчилари — 13-март дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Электромобиллар савдоси февралда 14 фоизга ошди
2026 йил феврал ойида Ўзбекистонда 84,2 мингта автотранспорт сотилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ўсди. Январ ойига нисбатан ҳам бозорда ижобий динамика сақланиб, савдо ҳажми 2 фоизга ёки тахминан 1,6 мингтага кўпайди. Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Самарқанд вилоятида қайд этилди — бу ерда автотранспорт савдоси 65 фоизга ошган.
Электромобиллар бозори ҳам фаол ўсишни давом эттирмоқда. Феврал ойида енгил электромобиллар савдоси 6,9 мингтани ташкил этиб, январга нисбатан 14 фоизга кўпайди. Йиллик ҳисобда эса электромобиллар савдоси 1,5 баробарга ошган. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 24 мингтани ташкил этиб, ўтган йил февралига нисбатан 10,7 фоизга ўсган.
Ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласидан норозилар кўп – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ички ишлар тизимига оид мурожаатлар таҳлил қилинди. Қайд этилишича, ўтган йили ички ишлар ваколатига кирувчи масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Айниқса, ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов ишлари сифати пастлиги юзасидан норозиликлар кўплиги таъкидланган.
Йиғилишда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқлар ҳам муҳокама қилинди. Бу масала бўйича 448 нафар фуқаро мурожаат қилгани айтилди. Президент Адлия вазирлигига ушбу муаммога содда ечим ишлаб чиқишни топширди. Шунингдек, мурожаатлар сони кўп бўлган Денов, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарларида аҳоли билан ишлашни кучайтириш, профилактика инспекторлари ва терговчиларнинг касбий ҳамда муомала маданиятини ошириш вазифаси қўйилди.
Метан «заправка»лар қачондан тўлиқ ишлаши маълум қилинди
Ўзбекистонда метан газ қуйиш шохобчалари фаолияти 14 мартдан бошлаб босқичма-босқич қайта тикланади. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда заправкалар чекланган тартибда ишлаб, асосан ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи транспорт ва жамоат транспортига газ қуймоқда.
14 мартдан эса метан шохобчалари одатий иш режимига босқичма-босқич қайтиши кутилмоқда. Эслатиб ўтиш жоиз, мамлакатда ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабаб 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилган эди.
Энди кибержиноятлардан етказилган зарарни банклар ва тўлов ташкилотлари қоплайди
Ўзбекистонда кибержиноятлардан етказилган моддий зарар учун банклар ва тўлов ташкилотларининг жавобгарлигини белгилаш таклифи илгари сурилди. Бу масала 12 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, сўнгги олти йилда мамлакатда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган бўлиб, етказилган умумий моддий зарар 2 трлн сўмдан ошган.
Йиғилишда банклар ва тўлов тизимлари ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилмагани сабаб кибержиноят содир этилса, етказилган зарарни улар қоплаши кераклиги таъкидланди. Маълум қилинишича, сўнгги йилларда учта банк тизимидаги заифликлар туфайли 3025 нафар мижозга жами 17 млрд сўм зарар етказилган. Шунингдек, криптожиноятларда ўз номидаги тўлов воситалари, SIM-карта ёки аккаунтлардан фойдаланилишига йўл қўйган шахслар учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.
Коррупция бўйича жавобгарликка тортилган ҳоким ёрдамчилари сони маълум қилинди
2025 йилда Ўзбекистонда 153 та жиноят иши доирасида жами 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Олий суд маълумотларига таяниб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди. Суд қарорларига кўра, 37 нафар шахс озодликдан маҳрум этилган, 38 нафарга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, 160 нафарга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган, 12 нафарга жарима берилган ва яна 5 нафарга бошқа турдаги жазо чоралари белгиланган.
Бу рақамлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев айтган маълумотлардан анча юқори экани қайд этилмоқда. У аввалроқ 2025 йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ атиги 8 та коррупцион ҳолат қайд этилганини билдирган эди. Шу билан бирга, 2026 йил февралдан ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар учун коррупцияга қарши барқарорликни баҳолаш тестлари жорий этилгани маълум қилинган.