Қаҳрамонжон Олимов яна “Анорбанк”нинг асосий эгаси бўлиб олди
Олимовни Париж марказида ўғирлаб кетишгани, бу ҳолат саҳналаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

2025-йил охирида асосий эгаси хорижий компанияга ўзгарган “Анорбанк”, яна асосий аксиёдорини ўзгартирмоқда. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида маълум қилинди.
Декабр ойида Қаҳрамонжон Олимовнинг банкдаги улуши 99,38 фоиздан 49,38 фоизгача қисқарганди. Унга тегишли тегишли 50 фоиз акциялар Нидерландияда рўйхатдан ўтган Бекамин B.V. компанияси ҳисобига ўтказилганди.
2026-йилнинг январ ойида “Анорбанк” қиймати 50 млрд сўмлик, ҳар бирининг номинал қиймати 1 000 сўмдан бўлган 50 млн дона акциялар чиқарган эди.
Бу акцияларнинг барчаси Қаҳрамонжон Олимов номидан жойлаштирилди. Натижада Олимовнинг банкдаги улуши 49,38 фоиздан 52,36 фоизга кўтарилди.
Очиқ маълумотларга кўра, Олимов Kapital Sug‘urta суғурта компаниясининг ҳам асосий эгаси ҳисобланади.
2025-йилда “Анорбанк”нинг соф фойдаси 112,5 млрд сўмга кўпайиб, 302,8 млрд сўмни ташкил қилгани ҳақида дастлабки маълумотлар тарқалган.
Аввалроқ Қаҳрамонжон Олимов Париж марказида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ва товон пули тўлангач озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кейинчалик бу ҳолат саҳналаштирилгани гумон қилинганди.





