Қайси банклар факторинг хизматларини кўпроқ кўрсатмоқда?

Bugun 15:353 daqiqa

Ўзбекистонда факторинг бозори сезиларли кенгаймоқда — 2025-йилда кредит ташкилотлари 9,5 трлн сўмлик хизмат кўрсатди. Декабр ойининг ўзида рекорд даражада факторинг амалга оширилди.

Қайси банклар факторинг хизматларини кўпроқ кўрсатмоқда? © Фото: Евгений Сорочин / Spot

2025-йилда кредит ташкилотлари томонидан жами 9,5 трлн сўмлик факторинг хизматлари кўрсатилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Факторинг хизматлари бозори шарҳидан маълум бўлди.

Ўтган йили кўрсатилган факторинг хизматларининг 8,8 трлн сўми ёки 93 фоизи банклар ва 699 млрд

сўми ёки 7 фоизи микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган.

Факторинг — бу тадбиркорларга ҳисоб-фактураларни дарҳол пулга айлантириш имконини берувчи молиявий хизмат. Масалан, қайсидир компания махсулотини сотди ва шартнома бўйича 60 кундан кейин пул тушиши керак. Факторинг ёрдамида банкдан пулни дарҳол олиш мумкин.

Бунда, кўрсатилган факторинг хизматларининг 4,4 трлн сўми ёки 46 фоизи рақамли факторинг хизматлари ҳиссасига тўғри келди. Ушбу факторинг хизматларининг 2,5 трлн сўми (58 фоиз) Ozplanet электрон факторинг платформаси, 1,8 трлн сўми (42 фоиз) Finmakon электрон факторинг платформаси орқали амалга оширилган.

2024-йилда факторинг хизматлари бўйича энг юқори кўрсаткич декабрь ойида 630 млрд сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2025-йил декабрь ойида икки баробар ўсиб, 1,2 трлн сўмлик рекорд даражага етди.

2025-йил давомида тадбиркорлик субъектларига давлат улуши мавжуд банклар томонидан жами 5 трлн сўм (56 фоиз), хусусий банклар томонидан жами 3,8 трлн сўм (44 фоиз) миқдоридаги факторинг хизматлари тақдим қилинган.

1

Бунда давлат улуши бор банкларда энг кўп факторинг операциялари Асакабанк (1,5 трлн сўм шундан, электрон платформа орқали 508 млрд сўм), Миллийбанк (921 млрд сўм, 801 млрд сўм) ва Саноатқурилишбанк (761 млрд сўм, 720 млрд сўм) томонидан кўрсатилган.

Шунингдек, хусусий банклар орасида Капиталбанк — 1,3 трлн сўм (31 млрд сўм), Ҳамкорбанк — 909 млрд сўм (246 млрд сўм) ва Asia Alliance Bank — 354 млрд сўм (194 млрд сўм) билан факторинг хизматларини кўрсатишда етакчилик қилган.

Шу билан бирга, микромолия ташкилотлари томонидан йил давомида жами 699 млрд сўмлик дебиторлик қарздорликлар молиялаштирилган.

Нега айрим банкларда факторинг хизматидан кўпроқ фойдаланилмоқда?

Факторинг хизматларидан фойдаланиш бўйича ўтган йилда Асакабанк яққол етакчи бўлди. Бу банкнинг дисконт фоиз ставкаси банклар орасида энг паст экани билан изоҳланади — ойлик 1,5 фоиз.

2

Асакабанк халқаро факторинг хизматлари бўйича ҳам катта фарқ билан етакчи. Банк 2025 йилда 29,9 млн долларлик (ойлик 1 фоиз) халқаро факторинг хизматини амалга оширган. Бу умумий хорижий факторингнинг ярмидан кўпи дегани.

Халқаро факторинг хизматларининг асосий қисми Тожикистон (39 фоиз) ва Россия (33,7 фоиз) ҳисобига тўғри келмоқда.

Факторингдан энг кўп саноат корхоналари фойдаланяпти

Иқтисодиёт тармоқлари кесимида факторинг хизматларининг асосий қисми саноат соҳасига йўналтирилиб, 4,5 трлн сўм ёки жами ҳажмнинг 48 фоизини ташкил этган. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига 4,1 трлн сўм ёки 44 фоиз йўналтирилган.

3

Шунингдек, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги секторларида мос равишда 391 млрд сўмлик (4 фоиз) ва 409 млрд сўмлик (4 фоиз) дебиторлик қарздорликлар молиялаштирилган.

Муддатлар қирқимида 30 кунгача факторинг хизматлари жами факторинг хизматларининг 23 фоизини (2,2 трлн сўм), 31 кундан 60 кунгача — 21 фоизини (1,9 трлн сўм), 61 кундан 90 кунгача — 38 фоизини (3,6 трлн сўм), 91 кундан 120 кунгача — 8 фоизини (0,7 трлн сўм) ҳамда 121 кундан 180 кунгача — 10 фоизини (1 трлн сўм) ташкил қилган.

Teglar

Mavzuga oid