Тошкентдаги янги туннел йўлида тиргак девор ўпирилиб тушди

Bugun 13:382 daqiqa

Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мазкур йўлўтказгич қурилиб, фойдаланишга топширилганига атиги 1,5 йил бўлган эди. Ўшанда йўл 100-120 йил хизмат қилиши айтилган эди.

Тошкентдаги янги туннел йўлида тиргак девор ўпирилиб тушди

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Темур Малик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмасидаги янги туннел йўли атрофидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми кўчиб тушди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан ахборот берди.

«Айни пайтдаги маълумотларга кўра, жабрланганлар қайд этилмаган. Воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд ўраб олинган, зарур хавфсизлик чоралари кучайтирилган», – дейилади ҳокимлик изоҳида.

Билдирилишича, ҳозирда комплекс техник текширув ўтказилмоқда. Ҳокимлик текширув якунланмагунча, узил-кесил хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини таъкидлаган.

Ўпирилиб тушишга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?

Дастлабки тахминлар қаторида сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик таъсири, жумладан, тупроқнинг ҳаддан ташқари намланиши ва конструкцияга тушадиган юкламанинг ортиши каби омиллар кўриб чиқилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳавий ечимлар, қурилиш-монтаж ишлари сифати, дренаж тизимининг ҳолати, қурилиш назорати ҳамда объектни қабул қилиб олиш тартиби каби барча тегишли ҳолатлар ҳам текширилмоқда.

«Техник текширув якунлари бўйича тиклаш ишлари юзасидан қарор қабул қилинади. Қоидабузарликлар ёки ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланса, масъул шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади», – дейилади ҳокимлик хабарида.

Атиги 1,5 йил олдин қурилган

Маълумот учун, мазкур йўл ўтказгич 2024-йилнинг август ойида 128, 6 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Teglar

Mavzuga oid