Ҳиндистон гўшти Ўзбекистонга «ҳалол» сертификати билан келтирилади — қишлоқ хўжалиги вазири
Ўзбекистон Ҳиндистондан гўшт импортини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Маҳсулот тайёрлаш жараёнида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон Ҳиндистондан гўшт импортини кенгайтириш ва ушбу мамлакатда гўшт етиштириш ҳамда тайёрлаш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик ва озиқ-овқат йўналишидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда кенгайган. Ҳиндистондан нисбатан арзон гўшт маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда қўшма корхоналар ташкил этилган.
Ҳиндистоннинг «Алана» компанияси билан эса келгуси йилларга мўлжалланган йирик режалар ишлаб чиқилмоқда. Маҳсулот хавфсизлиги ва ҳалоллик импортда асосий талаблардан бири бўлади.
Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, Ҳиндистонда гўштни тайёрлаш ва сўйиш жараёнларида Ўзбекистон мутахассисларининг иштироки ҳамда халқаро ва ҳалол сертификатларини таъминлаш бўйича келишувларга эришилган.
«Ўзимизнинг озиқ-овқат корхоналари гўштни ўша жойда тайёрлаб, кейин экспортини йўлга қўйиши режалаштирилмоқда», — деди вазир.
Мерсин порти орқали етказилади
Гўштни Ўзбекистонга етказиб беришда логистика масаласи ҳам алоҳида эътиборда. Вазирнинг маълум қилишича, Ҳиндистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида Туркиядаги Мерсин порти орқали уч томонлама логистика йўналишини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама савдо ҳам сезиларли ошган. Абдураҳмоновнинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмаси уч баробардан кўпроқ ўсган.
Ҳиндистондан гўшт маҳсулотлари импорт қилинаётган бир пайтда, Ўзбекистон 30 дан ортиқ турдаги маҳсулотни ушбу мамлакатга экспорт қилиш бўйича тегишли рухсатномаларга эга. Улар қаторида фитосанитар рухсатномалар ва лицензиялар ҳам бор.
Уруғчилик ҳам ривожланмоқда
Икки давлат ҳамкорлиги гўшт импорти билан чекланмайди. Ҳиндистон билан уруғчилик ва янги қишлоқ хўжалиги экинларини жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хоразмда шўрга чидамли пахта навлари 12 минг гектарда синовдан ўтказилмоқда.
Сабзавот ва озуқа экинлари учун янги уруғлар Ўзбекистонга олиб келинмоқда. Ғўза қатор ораларига зира экиш бўйича ҳам тажрибалар ўтказилган. Бунинг учун Ҳиндистондан 10 тоннадан ортиқ зира уруғи келтирилиб, республика бўйлаб синовдан ўтказилган.
Ҳиндистон билан жут етиштириш бўйича ҳам янги йўналиш шаклланмоқда. Ҳозир қарийб 2 минг гектарда жут етиштирилмоқда. Келгуси йилларда майдонни камида 50 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Ўзбекистон йилига қарийб 30 миллион долларлик табиий толаларни импорт қилади, Ҳиндистонда эса жут қарийб 1 миллион гектарда етиштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди иштирокида икки давлат ҳамкорлигининг турли йўналишларини қамраб олган 12 та ҳужжат имзолангани ҳақида хабар берилганди.





