Logo

Олмаота ва Тошкент ўртасида фақат аёлларга мўлжалланган поезд вагони ишга туширилади

Bugun 21:072 daqiqa

Ушбу махсус вагонда чипталар фақат хотин-қизларга ва уларнинг ҳамроҳлигидаги 7 ёшгача бўлган ўғил болаларга сотилади ҳамда уларга фақат аёл кузатувчилар хизмат кўрсатади.

Олмаота ва Тошкент ўртасида фақат аёлларга мўлжалланган поезд вагони ишга туширилади © Dubai metro

2026 йилнинг 1 октябридан бошлаб Олмаота – Тошкент йўналишидаги 1/2-сонли халқаро поезд таркибида илк бор фақат аёллар учун мўлжалланган вагон хизмати йўлга қўйилади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «Йўловчи ташувлари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълум қилди.


Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларини боғловчи мазкур поезд икки давлат ўртасида мунтазам темир йўл қатновини таъминлайди.

«Олмаота – Тошкент халқаро йўналиши Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги йўловчилар қатновини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишга бўлган талаб ва йўловчилар оқимининг ўсишини инобатга олиб, мазкур йўналишда «Аёллар вагони»ни ишга туширишга қарор қилдик», — дейди «Йўловчи ташувлари» АЖ бошқаруви раиси Ануар Ахметжанов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур хизмат ички темир йўл йўналишларида ҳам юқори талабга эга бўлиб, лойиҳа ишга туширилганидан буён ундан 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланган.

Қоидалар ва чипта харид қилиш тартиби

«Аёллар вагони»да фақат аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлигида етти ёшгача бўлган (етти ёш ҳам киради) ўғил болаларнинг ҳаракатланишига рухсат берилади. Шунингдек, ушбу вагонларга фақат аёл кузатувчилар (проводниклар) хизмат кўрсатиши таъкидланган.

Чипталарни темир йўл кассаларидан кассирга «Аёллар вагони»ни танлашни маълум қилган ҳолда ёки bilet.railways.kz расмий сайти орқали онлайн харид қилиш мумкин. Хабарда айтилишича, чипта расмийлаштираётганда жойнинг аёллар вагонига тегишли эканини билдирувчи «ЖН» (женский) белгисига эътибор қаратиш лозим. Поезд жўнашидан 45 кун олдин чипталар сотуви очилади, бу эса йўловчиларга сафарни олдиндан режалаштириш имконини беради.

Қатнов жадвали ва бошқа йўналишлар

Ҳозирги вақтда мазкур поезд ҳар куни қуйидаги жадвал асосида ҳаракатланмоқда:

Олмаота бекатидан жўнаш — соат 19:05 да;
Тошкент бекатига етиб келиш — соат 12:53 да (Тошкент вақти билан);
Тошкент бекатидан жўнаш — соат 14:41 да (Тошкент вақти билан);
Олмаота бекатига етиб келиш — соат 08:51 да.

Янги вагоннинг ишга туширилиши билан Қозоғистон темир йўлларида «Аёллар вагони» хизмати мавжуд бўлган йўналишлар сони 14 тага етади. Улар қаторида Олмаота – Манғистау, Павлодар – Туркистон, Манғистау – Семей, Атирау – Остона, Актобе – Олмаота, Остона – Олмаота, Остона – Шимкент, Остона – Семей, Уральск – Манғистау каби ички қатновлар ҳамда Олмаота-2 – Тошкент халқаро йўналиши бор.

Teglar

Mavzuga oid