Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон савдони 2030-йилга бориб 5 млрд долларга етказишга келишиб олди

Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди икки давлат муносабатларини янги даражага олиб чиқиш бўйича келишувларга эришди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон савдони 2030-йилга бориб 5 млрд долларга етказишга келишиб олди © president.uz

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг музокаралари бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Музокараларда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Етакчилар муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар сиёсий мулоқотни барча даражаларда фаоллаштиришга келишиб олди.

Жумладан, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасидаги алмашинувларни кучайтириш режалаштирилди. Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари даражасида мувофиқлаштирувчи механизм ҳам таъсис этилади.

Савдо ва инвестициялар

Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айирбошлаш илк бор 1 млрд доллардан ошган. Томонлар мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш орқали савдони бир неча баробар ошириш мумкинлигини қайд этди.

Шу мақсадда 2030-йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 5 млрд долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олинди. Бунинг учун саноат кооперацияси ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноати устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ҳамкорлик йўналишлари

Ҳудудлараро алоқаларни кучайтириш ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бўлди. Андижон ва Гужарат, Фарғона ва Ҳаряна, Самарқанд ва Агра ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.

Таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳам келишувларга эришилди. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта университети фаолият юритаётгани қайд этилди.

Томонлар маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказишга келишди. Ташриф доирасида маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Музокаралар якунида масъул идораларга қўшма лойиҳалар бўйича аниқ механизм, муддат ва масъулларни белгилайдиган «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш топширилди.

Teglar

Mavzuga oid