Ўзбекистон БМТнинг илмий муассасалари билан сув соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Соҳада қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, академик алмашинув ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги тажрибасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳокама қилинди.

Бутунжаҳон сув ҳафталиги — «World Water Week 2026» доирасида Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Тимур Бутунбоев БМТ Университетининг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти (UNU-INWEH) директори, профессор Каве Мадани билан учрашди.
Мулоқот аввалги Ню-Йорк учрашувида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлди. Томонлар қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, академик алмашинув ва малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг сув соҳасидаги тажрибасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сув масаласи Ўзбекистон давлат сиёсатининг стратегик устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди. Соҳада барқарор молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш, рақамлаштириш ва инновацияларни жорий этиш ягона давлат сиёсати доирасида олиб борилмоқда.
Бунинг натижасида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича салмоқли амалий натижаларга эришилмоқда.
Томонлар UNU-INWEH билан ҳамкорликни аниқ ва ўлчаб бўладиган натижаларга йўналтириш, жумладан, қўшма илмий ва амалий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, Ўзбекистон тажрибасини БМТнинг Сув конференцияси доирасидаги глобал ташаббусларда илгари суриш, сув танқислиги шароитида илм-фан, замонавий технологиялар ва самарали бошқарувга асосланган ечимларни халқаро миқёсда татбиқ этиш истиқболлари кўриб чиқилди.





