Logo

Исломий молия микромолиядан сукук бозоригача ривожлантирилади — Марказий банк раиси

Bugun 12:453 daqiqa

Айни пайтда 12 та микромолия ташкилоти муробаҳа, ижара, салам, музораба ва мушорака каби исломий молия шартномалари асосида хизмат кўрсатмоқда. Улардан бири эса аёл тадбиркорларни музораба, яъни фойдани тақсимлаш тамойили асосида молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга тўлиқ ихтисослашган.

Исломий молия микромолиядан сукук бозоригача ривожлантирилади — Марказий банк раиси © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк раиси Тимур Ишметов «Silk Road Finance & Technology» форумида Ўзбекистонда исломий молия тизимини шакллантириш уч босқичда амалга оширилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар бермоқда.

У дастлаб исломий микромолиялаштириш йўлга қўйилганини айтиб, кейинчалик исломий банк фаолияти учун ҳуқуқий асос яратилишини урғулади. Навбатдаги босқич исломий капитал бозорини, жумладан, сукук инструментларини ривожлантиришга қаратилмоқда.

Исломий молия уч босқичда ривожлантирилади

Регулятор мулозими Ўзбекистонда замонавий исломий молия тизимини шакллантириш давлат сиёсатидаги муҳим йўналишлардан бири эканини таъкидлади.

«Ўзбекистонда замонавий исломий молияни ривожлантиришни уч босқичга бўлиш мумкин. Улар исломий микромолия, исломий банк ва исломий капитал бозорини ривожлантириш ҳамда жорий этишни қамраб олади», — деди у.

Биринчи босқичда микромолия ташкилотларига исломий молия маҳсулотларини таклиф қилиш имконини берадиган қонунчилик ва тартибга солиш механизмлари жорий этилди. Айни пайтда 12 та микромолия ташкилоти муробаҳа, ижара, салам, музораба ва мушорака каби исломий молия шартномалари асосида хизмат кўрсатмоқда. Улардан бири эса аёл тадбиркорларни музораба, яъни фойдани тақсимлаш тамойили асосида молиялаштириш ва қўллаб-қувватлашга тўлиқ ихтисослашган.

Исломий банклар учун ҳуқуқий асос яратилди

Исломий молияни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи жорий йил 29-июн куни исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонун кучга кириши билан бошланди. Янги қонун Ўзбекистонда тўлиқ исломий банкларни ташкил этиш, шунингдек, анъанавий банклар таркибида «исломий дарча»ларни очиш учун алоҳида лицензия тизимини назарда тутади.

Шу билан бирга, исломий молияни бошқаришнинг икки поғонали тизими ҳам жорий этилмоқда. У Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгаши ва тижорат банкларидаги тегишли кенгашларни ўз ичига олади.

Ишметовнинг таъкидлашича, исломий ва анъанавий молиявий операциялар учун солиқ жиҳатидан тенг шароит яратиш соҳадаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис янги қонунда қўшилган қиймат ва даромад солиғи бўйича тегишли механизмлар белгиланган.

Навбатдаги босқич — сукук бозори

Энди асосий эътибор исломий капитал бозорини шакллантиришга қаратилади. Капитал бозори тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида сукукка бағишланган махсус боб киритилган. Қонун лойиҳаси парламентнинг Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, давлат ва корпоратив сукукларни чиқариш учун ҳуқуқий асос яратишни назарда тутади.

Ҳужжатда сукукнинг асосий турлари, исломий молия стандартларига мувофиқлик талаблари, сукук учун махсус лойиҳа компанияларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда активларни ҳимоя қилиш механизмлари белгиланган. Шунингдек, 2026–2030-йилларга мўлжалланган миллий исломий молия индустриясини ривожлантириш йўл харитаси ИФСБ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

Беш йиллик ҳужжат бешта йўналиш ва 39 та тадбирни қамраб олади. Унда қонунчилик ва тартибга солиш базасини кучайтириш, соҳадаги кадрлар салоҳиятини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, исломий банклар фаолиятини йўлга қўйиш ва зарур инфратузилмани яратиш каби вазифалар белгиланган.

Финтех исломий молиянинг янги таянчига айланиши мумкин

Марказий банк раиси финтехни исломий молия экотизимини ривожлантиришдаги муҳим воситалардан бири сифатида баҳолади. Унинг қайд этишича, технологиялар молиявий хизматларнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириб, уларни кенг қамровда кўрсатиш имкониятини яратади.

Рақамли ечимлар эса янги бизнес моделлари, инвестисиялар ва иқтисодий фаоллик учун қўшимча шароит очади. Марказий раҳбарига кўра, рақамли иқтисодиёт шароитида, жумладан, исломий молиявий хизматларни рақамли каналлар орқали кўрсатишнинг аҳамияти тобора ортиб боради. Бу бизнес ва жамиятнинг ўзгариб бораётган эҳтиёжларига тезроқ жавоб қайтариш, инновацияларни ривожлантириш ва янги инвестисия имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

 

Teglar

Mavzuga oid