Тошкент метрополитенида поездлар интерваллари қисқартирилади
Пойтахтдаги олий таълим муассасаларида дарсларнинг биринчи сменаси соат 08:00 дан бошланиши сабабли эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда поездлар ҳаракати интерваллари қисқартирилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaТошкент метросида поездлар интервали қисқартирилади. Бу ҳақда Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортишига тайёргарлик кўрилмоқда. Олий таълим муассасаларида биринчи смена машғулотлари соат 08:00 дан бошланиши эрталабки тиғизликни янада ошириши кутилмоқда.
Шу сабабли эрталабки ва кечки тиғиз вақтларда метро поездлари ҳаракати интерваллари қисқартирилади.
Хусусан:
• Чилонзор йўналишида — 1,5–2 дақиқагача;
• Ўзбекистон йўналишида — 3 дақиқагача;
• Юнусобод йўналишида — 4 дақиқагача;
• Ер усти ҳалқа йўли йўналишида — 7–8 дақиқагача камаяди.
Вагонлар сони оширилади
Метрополитен вагон паркини янгилаш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. 2026 йил давомида паркни 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдириш режалаштирилган.
Ҳозирга қадар уларнинг 11 таси етказиб берилган. Қолган 3 та замонавий ҳаракат таркибини ҳам яқин кунларда олиб келиш кутилмоқда.





