Logo

Давлат бинолари Германия тажрибаси асосида бошқариладими?

Ўзбекистон давлат кўчмас мулкини самарали бошқариш учун Германия тажрибасини ўрганмоқда. Бу борадаги ҳамкорлик уч босқичда йўлга қўйилади.

Давлат бинолари Германия тажрибаси асосида бошқариладими?

Ўзбекистон давлат кўчмас мулкини бошқариш тизимида Германия тажрибасини қўллаш имкониятларини ўрганмоқда. Шу мақсадда 27-август куни Давлат активларини бошқариш агентлиги, Германия Федерал кўчмас мулк институти — «BImA», Германия Федерал молия вазирлиги, «GIZ» ва «Indecon Consulting» вакиллари иштирокида онлайн семинар ўтказилди.

Семинарда Германияда давлат кўчмас мулкини марказлашган тарзда бошқариш, объектларни баҳолаш, ижарага бериш ва сотиш механизмлари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлат мулкининг рақамли реестрларини юритиш, объектларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда фойдаланилмаётган биноларни иқтисодий муомалага жалб қилиш тажрибаси ўрганилди.

Германия тажрибаси Ўзбекистонга нима беради?

Тадбирда сўзга чиққан Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов «BImA»нинг давлат кўчмас мулкини марказлашган ва самарали бошқариш бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун муҳимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Германиянинг мулкни баҳолаш, ижарага бериш ва реализация қилиш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш давлат активларини бошқаришда замонавий, рақамли ва шаффоф тизимни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.

alisher miraliev

Давлат активларини бошқариш агентлиги директор ўринбосари Алишер Миралиевнинг айтишича, бу семинар Германия Федерал молия вазирлиги билан кўп йиллик ҳамкорликнинг давоми ҳисобланади.

«Бугунги семинарнинг асосий мақсади Германиядаги кўчмас мулк агентлиги — «BImA» билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш ва жадаллаштиришдан иборат. Хусусан, федерал кўчмас мулкни самарали бошқариш ва унга хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича уларнинг бевосита тажрибасини ўрганмоқдамиз», — деди у.

Миралиев Ўзбекистонда ҳам давлат кўчмас мулкидан самарали фойдаланиш учун сўнгги йилларда объектларни тадбиркорларга онлайн аукцион орқали ижарага бериш тизими кенг қўлланаётганини қайд этди.

Хусусий сектор улуши 85 фоизга етказилади

Агентлик директор ўринбосарига кўра, давлат активларини самарали бошқариш иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш бўйича белгиланган вазифалар билан ҳам бевосита боғлиқ.

2030-йилгача иқтисодиётда хусусий ва нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, давлат иштирокидаги корхоналар сонини эса олти баробарга қисқартириш вазифаси белгиланган.

«Германиялик экспертлар Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этди. Улар белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва зарур ҳолларда янги қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди», — деди Алишер Миралиев.

Ҳамкорлик уч босқичда давом этади

Режага кўра, биринчи босқичда агентлик мутахассислари учун онлайн ўқув семинарлари ташкил этилади. Иккинчи босқичда Германия экспертлари Ўзбекистонга келиб, ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини белгилайди.

Учинчи босқичда эса Ўзбекистон делегацияси Германияга амалий ташриф буюриб, «BImA»нинг давлат кўчмас мулкини бошқариш тизимини бевосита ўрганади.

Муродовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Германия ўртасида давлат активларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик анча йиллик тарихга эга. Хусусан, Германия томони кўмагида давлат мулкини бошқариш, корпоратив бошқарув ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилган.

Teglar

Mavzuga oid