Logo

Маҳалла аҳолиси энди профилактика инспекторига ишончсизлик билдириши мумкин

Bugun 10:402 daqiqa

Профилактика инспекторлари энди аҳоли олдида ҳар чорак ҳисобот беради. Агар уларнинг фаолияти қониқтирмаса, маҳалла аҳолиси ишончсизлик ташаббусини билдириш ҳуқуқига эга бўлади.

Маҳалла аҳолиси энди профилактика инспекторига ишончсизлик билдириши мумкин © Ijtimoiy tarmoqlar

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 25-август куни «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжат профилактика инспекторларининг ҳуқуқий мақоми, хизмат вазифалари, ваколатлари ва фаолияти кафолатларини алоҳида қонун даражасида белгилашни назарда тутади.

Асосий янгиликлардан бири эса инспекторнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш ва унинг ишига маҳалла аҳолиси баҳосини бериш механизмини жорий этишдир.

Қонун лойиҳасига кўра, профилактика инспектори ҳар чоракда ўз хизмат ҳудудида амалга оширган ишлари юзасидан аҳоли ва жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Шу билан бирга, аҳоли инспектор фаолиятига нисбатан ишончсизлик ташаббусини билдириши мумкин бўлади.

Профилактика инспекторларига ортиқча вазифалар юклатилмайди

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг хизмат фаолиятига асоссиз аралашишга чеклов қўйилмоқда. Уни хизмат вазифаларига алоқаси бўлмаган ишларга жалб қилиш ёки қўшимча вазифалар юклаш тақиқланади.

Бу норма инспекторнинг асосий вазифаси — ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва хизмат ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлашга эътиборини жамлашга қаратилган.

Ҳозиргача профилактика инспекторларининг мақоми, вазифалари ва хизмат ўташ тартиби турли норматив ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган. Янги қонун қабул қилинса, ушбу масалалар ягона ҳуқуқий ҳужжат доирасида белгиланади.

Имтиёзлар

Қонун лойиҳаси профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ҳам кучайтиришни назарда тутади. Жумладан, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилиниши, меҳнатига муносиб ҳақ тўланиши ва хизмат шароитлари яхшиланиши белгиланмоқда.

Самарали фаолият юритаётган инспекторларни рағбатлантириш, уларнинг хизмат ва уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича кафолатлар ҳам қонун даражасида мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid