Logo

«Путин Украинадаги урушни янада кескинлаштиришга тайёрланмоқда» — ОАВ

Bugun 10:453 daqiqa

Москва Украинадаги тинчлик шартлари бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, деган хулосага келган ва ўз мақсадларига эришиш учун вазиятни янада кескинлаштирмоқчи.

«Путин Украинадаги урушни янада кескинлаштиришга тайёрланмоқда» — ОАВ © Foto: Kremlin

Россия Украинадаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолган, деган хулосага келди ва энди қўшни давлатга ҳужумларни кучайтиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Кремлга яқин манбалар 26-август куни «Bloomberg» агентлигига маълум қилган.

Ҳозирда Москва Киевга, жумладан, шаҳарнинг марказий ҳудудларига ядро каллагисиз баллистик ракеталар ёрдамида янада кучли зарбалар бериш имкониятларини ўрганмоқда. Журналистлар билан аноним шартларда суҳбатлашган манбаларга кўра, Россия армиясининг бошқа эҳтимолий нишонлари Украинадаги шаҳарларнинг инфратузилма обектлари бўлиши мумкин. Уларнинг баҳолашича, Россия иқтисодиётига нисбатан санкциялар босими, шунингдек, Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводлари ва логистика марказларига бераётган зарбалари Россия президенти Владимир Путинни урушни якунлашга мажбур қилмайди.

«Bloomberg» манбаларининг сўзларига кўра, Москва Украина томонидан берилаётган зарбаларни тобора кўпроқ НАТО давлатларининг ҳужуми сифатида баҳоламоқда, чунки Шимолий Атлантика алянси аъзолари Киевни қурол-яроғ ва разведка маълумотлари билан таъминламоқда.

«Ҳозирги кўринишдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳали кескинлашувнинг энг юқори нуқтаси эмас», — деган манбалар.

Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Ретклиффнинг Москвага ташрифи

25-август куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Ретклифф Москвага ташриф буюрди. Унинг россиялик ҳамкорлари билан музокараларида қандай масалалар муҳокама қилингани ҳозирча маълум эмас. «Bloomberg» эслатишича, саккиз ойлик танаффусдан сўнг АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер яна Москвага ташриф буюриши, шунингдек, илк бор Киевга бориши кутилган эди. Бироқ ҳозирча бу ташрифларнинг ҳеч бири учун аниқ сана белгиланмаган.

Дипломатик саъй-ҳаракатлардан натижа чиқмаётган бир пайтда, Москва ўз мақсадларига эришиш воситаси сифатида урушни янада кескинлаштиришдан бошқа муқобил йўлни кўрмаяпти. Бу ҳақда Кремлга яқин тўрт манба агентликка маълум қилган.

Россия Уиткофф ва Кушнер Москвага тинчлик шартлари бўйича янги таклифлар олиб келишига умид қилмоқда. Бироқ музокараларда катта ютуққа эришилишига бўлган умидлар жуда паст, дея таъкидлаган манбалар. Уларнинг сўзларига кўра, Москва нуқтайи назаридан Россия аллақачон бир қатор муросаларга борган ва бундан кейинги ҳар қандай ён бериш унинг позициясини янада заифлаштиради. Россияда муваффақияциз якунланган муросалардан бири сифатида Путин ва Трампнинг Анкориждаги учрашуви натижаси кўрилмоқда.

Россиянинг тактик ядро қуролидан фойдаланиш хавфи борми?

Шу билан бирга, айрим россиялик амалдорлар Россия ва Украина томонидан бир-бирининг логистика обектларига, шунингдек, Қора денгиздаги портлар ва кемаларга давом этаётган ҳужумлар Владимир Путин тактик ядро қуролидан сўнгги чора сифатида фойдаланишига олиб келиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. «Bloomberg»нинг ёзишича, сўнгги пайтларда Москвадаги «қаттиққўл» кучлар бундай қадамни қўллаш тарафдори бўлган таклифларни тобора кўпроқ илгари сурмоқда.

АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмурияти Россияга Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланилган тақдирда, АҚШ бунга ядровий бўлмаган қуроллардан фойдаланган ҳолда кучли ҳарбий зарба билан жавоб беришини билдирган эди.

Teglar

Mavzuga oid