Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан савдоси сўнгги 9 йилда 4 баробарга ўсди
2016–2025-йилларда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 1,3 млрд долларга етди. Инвеститсиялар ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган.
© president.uzИқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, 2016–2025-йилларда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан товар айирбошлаш ҳажми 4 баробарга ошиб, 1,3 млрд долларга етган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга экспорти 4,9 баробарга ўсган. Экспорт ҳажми 2025-йил якунига кўра 164,8 млн долларни ташкил қилган.
Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт эса 4 баробарга кўпайиб, 1,1 млрд долларга етган. Бу икки давлат ўртасидаги савдода импорт улуши юқори эканини кўрсатади.
Инвеститсиялар ҳам ошди
Марказ маълумотларига кўра, 2016–2025-йилларда Ҳиндистондан Ўзбекистонга киритилган жами инвеститсиялар ҳажми 587 млн доллардан ошган.
Инвеститсиялар ўсиши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик фақат товар айирбошлаш билан чекланиб қолмаётганини кўрсатади. Ҳинд капитали иштирокидаги корхоналар сони ҳам йиллар давомида кўпайган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги 439 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолияти икки давлат ўртасидаги бизнес алоқаларининг кенгайиб бораётганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 29-30-август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Тошкентда бўлади.





