Logo

«Давлат бюджетидан умуман пул ажратилмаган»: Ипак йўли форуми кимнинг ҳисобидан ўтди?

Bugun 18:203 daqiqa

75 дан ортиқ давлат вакиллари йиғилган «Silk Road Finance & Technology Forum»га давлат буджетидан пул ажратилмади. Тадбир кимлар ҳисобидан ўтказилгани ва ундан нималар кутилаётгани ҳақида Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Vaqt.uz'га изоҳ берди.

«Давлат бюджетидан умуман пул ажратилмаган»: Ипак йўли форуми кимнинг ҳисобидан ўтди?

25 август куни бўлиб ўтган «Silk Road Finance & Technology Forum»ни ташкил этиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев «Vaqt.uz» мухбирига маълум қилди.

«Давлат бюджетидан умуман пул ажратилмаган. Форумни ташкил этиш учун иштирокчи ташкилотлар, ҳомийлар ва ҳамкорлар маблағлари жалб қилинган. Биз эса фақат муҳит ва мулоқот учун майдонча яратдик, холос», — деди Турдалиев.

Унинг таъкидлашича, форумда банклар, молиявий ташкилотлар, стартаплар, консалтинг компаниялари, тўлов операторлари ва технологик компаниялар ўз маҳсулотлари ҳамда янги режаларини намойиш этмоқда.

«Ҳар битта банк ўзининг рақамли хизматлари билан фахрланиб, уларни намойиш этяпти. Олдингидек фақат анъанавий банк хизматлари билан иштирок этиш эмас», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Марказий Осиёда финтех хаби бўла оладими?

Турдалиевга кўра, бу каби масштабдаги тадбирлар Марказий банк ва умуман Ўзбекистон учун янги тажриба ҳисобланади. Форум фақат бугунгача эришилган натижаларни кўрсатиш эмас, балки банк-молия соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилиш учун ҳам майдон бўлмоқда.

Тадбирда 75 дан ортиқ давлатдан вакиллар, халқаро экспертлар ва дунёдаги етакчи компаниялар қатнашмоқда.

«Бугунги кунда бу ерда рақамли технологиялар, финтех йўналиши бўйича дунёдаги етакчи компаниялар иштирок этяпти. Улар бевосита ҳозир Ўзбекистонга келиб, Ўзбекистонда ҳам анча ишлар қилинганлигини, финтех соҳаси бўйича биз энди қадамлар босаётган бир пайтимизда, бугунги кундаги ютуқларимиз ва олдимизга қўяётган мақсадларимизни муҳокама қилаётганимизда, бу улар учун ниҳоятда қизиқ бўляпти», — деди у.

Турдалиевга кўра, бундай мулоқотлар Ўзбекистонни Марказий Осиёда финтех хабига айлантириш ва янги инвесторларни жалб қилишга хизмат қилиши мумкин.

Узоқ муддатли инвестициялар киради

Форум Ўзбекистонга қанча инвестиция олиб келиши ҳозирча аниқ рақамларда баҳоланмаган. Бироқ Марказий банк бу каби тадбирлар орқали қисқа муддатли капитал эмас, мамлакатда бир неча йил ишлашга тайёр инвесторларни жалб қилишни мақсад қилган.

Турдалиевнинг айтишича, форум, аввало, Ўзбекистондаги мавжуд салоҳият, яратилган инфратузилма ва давлат идораларининг молия бозоридаги ўзгаришларга тайёрлигини халқаро инвесторлар олдида кўрсатиш учун майдон бўлмоқда.

«Бу соҳа бўйича инвесторлар қисқа муддатда капитал киритиб, уч ой ёки тўрт ой ичида фойдасини олиб чиқиб кетадиган инвесторлар эмас. Аксинча, улар уч-тўрт йилга, ҳатто беш йилга инвестиция қиладиган компаниялар келишга олиб келади. Яъни бу жараён бизга қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли ва сифатли инвестициялар кириб келишига хизмат қилади», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Унинг фикрича, инвесторлар Ўзбекистонни фақат 37 миллион аҳолига эга бозор сифатида эмас, балки Марказий Осиёдаги иқтисодий, маданий ва молиявий интеграция кучаяётган яхлит бозор сифатида ҳам кўриши мумкин. Бу эса янги ҳамкорлар пайдо бўлишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Турдалиев бундай форумларни ҳар йили ўтказиш режалаштирилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, келгуси форумларда янада кўпроқ инвестор ва ҳамкорлар иштирок этиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid