Logo

Ўзбекистонда экстремистик материалларни биринчи марта тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинмоқда

Бугун 19:232 дақиқа

Шунингдек, қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамаси умумий «экстремизм» сўзи билан алмаштирилмоқда.

Ўзбекистонда экстремистик материалларни биринчи марта тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинмоқда

Ўзбекистонда экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни биринчи марта тайёрлаган, сақлаган ёки тарқатган шахслар энди жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарликка тортилади. Олий Мажлис Сенати экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълум қилди.

Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари либераллаштирилади.

«Хусусан, бундай ҳаракатларни биринчи марта содир этганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик бекор қилиниб, маъмурий жавобгарлик киритилмоқда, такроран содир этилган тақдирдагина жиноий жавобгарлик юзага келиши қайд этилмоқда», — дейилади расмий хабарда.

Экстремизм таърифи саккиз турдаги ҳаракатлар билан чекланади

Шунингдек, ҳужжат доирасида «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳам такомиллаштирилиб, унда экстремизм тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда. Қонунчиликдаги «диний экстремизм» атамаси умумий «экстремизм» сўзи билан алмаштирилади.

Бу ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қонунда экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритиш, хавф-хатарларни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, экстремистик фаолият ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, интернет ва оммавий ахборот воситаларида бундай ғоялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган қўшимча механизмлар жорий этилмоқда. Экстремизмга оид жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш тартиби ҳам такомиллаштирилиши белгиланган.

Мажлисда бугунги кунда экстремизмнинг шакл ва кўринишлари тобора ўзгариб, унинг хавфи фақат диний эмас, балки бошқа экстремистик ғоя ва ҳаракатлар орқали ҳам намоён бўлаётгани, шу муносабат билан ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш зарурати юзага келгани таъкидланди.

Сенаторларнинг қайд этишича, мазкур қонун экстремизмга қарши курашиш соҳасида инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ўртасидаги ҳуқуқий мувозанатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳокамалар якуни бўйича сенаторлар қонунни маъқуллади.

Теглар

Мавзуга оид