Logo

Moody’s Ўзбекистон банк тизимини «оралиқ босқич»да баҳолади — давлат таъсири сақланиб қолмоқда

Bugun 12:554 daqiqa

Агентлик банк назоратининг кучайиши ва халқаро стандартларга яқинлашувни ижобий баҳолади. Бироқ давлат банклари ҳамон тизим активларининг 62 фоизи ва кредитларнинг 66 фоизини назорат қилмоқда. 2025 йилгача давлат улуши мавжуд бўлмаган банклар улушини 60 фоизга етказиш мақсади эса бажарилмаган.

Moody’s Ўзбекистон банк тизимини «оралиқ босқич»да баҳолади — давлат таъсири сақланиб қолмоқда © Bloomberg

Moody’s Ratings Ўзбекистон банк тизимини тартибга солиш даражаси бўйича Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари орасида «оралиқ босқич»да деб баҳолади. Ўзбекистон бу гуруҳдан Озарбайжон билан бирга жой олган.

Агентликнинг 4 августда эълон қилинган ҳисоботида Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон банк тизимларидаги тартибга солиш ислоҳотлари таҳлил қилинган.

Moody’sга кўра, минтақа регуляторлари капитал, захиралар ва ликвидлик бўйича талабларни кучайтириб, халқаро стандартларга яқинлашмоқда. Бу кредитлар сифатини яхшилаши, банкларнинг эҳтимолий зарарларни қоплаш салоҳиятини ошириши ва тизимли хатарларни босқичма-босқич камайтириши кутилмоқда.

Агентлик бу ўзгаришларни “credit positive” деб баҳолаган. Бироқ бу Ўзбекистон ёки маҳаллий банкларнинг рейтинги автоматик равишда оширилганини англатмайди. Гап ислоҳотларнинг кредитга лаёқатлиликка ижобий таъсир қилаётгани ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистон ҳали илғор гуруҳга кирмади

Moody’s тартибга солиш тизимининг ривожланиш даражаси бўйича Қозоғистон, Грузия ва Арманистонни илғор гуруҳга киритган. Ўзбекистон ва Озарбайжон оралиқ, Қирғизистон ҳамда Тожикистон эса дастлабки босқичда деб баҳоланган.

Ўзбекистоннинг институционал салоҳияти b1 даражасида қайд этилган. Бу Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия ва Арманистонга берилган баҳолардан паст.

Мазкур кўрсаткични мамлакатнинг Ba2 даражасидаги суверен рейтинги билан чалкаштирмаслик керак — b1 айнан институтларнинг сифати ва ислоҳотларни амалга ошириш салоҳиятига берилган алоҳида баҳо.

1

Ўзбекистон бўйича ижобий ўзгаришлар қаторига FSAP йўл харитаси асосидаги ислоҳотлар, Марказий банк салоҳиятининг кучайиши, Basel III талабларининг жорий этилиши ҳамда таваккалчиликка асосланган назоратга ўтиш киритилган.

Консолидациялашган назорат, банкларни соғломлаштириш, омонатларни кафолатлаш ва мустақил директорлар институтини ривожлантириш ҳам ижобий баҳоланган.

Moody’s давлат томонидан йўналтириладиган кредитлашдан қисман чекиниш кредитлар сифатини яхшилагани ва маблағларни таваккалчилик асосида тақсимлашга ёрдам берганини қайд этган.

Ўзбекистонда активлар сифати ва зарарларни қоплаш салоҳияти 2021 йилда ёмонлашган, кейинги йилларда эса тикланиб бормоқда.

Марказий банк эълон қилган FSAP натижаларида ҳам Ўзбекистон Basel қўмитасининг 29 та асосий тамойилидан фақат 4 тасига тўлиқ, 16 тасига эса асосан мос экани кўрсатилган. Бу тартибга солиш базаси сезиларли яхшиланганини, аммо халқаро стандартларга тўлиқ ўтиш ҳали якунланмаганини англатади.

Банкларнинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланган

Марказий банкнинг 2025 йил учун молиявий барқарорлик шарҳига кўра, 2026 йил бошида банк тизимининг умумий капитал етарлилиги 18,3 фоизни, биринчи даражали асосий капитал кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилган.

Ликвидликни қоплаш коэффициенти 208 фоиз, соф барқарор молиялаштириш коэффициенти эса 120 фоизга етган. Регулятор таснифидаги муаммоли кредитлар улуши 3 фоизгача камайган.

Бироқ бу 3 фоизлик кўрсаткични Moody’s графикларидаги муаммоли активлар улуши билан бевосита таққослаб бўлмайди. Агентлик фақат ўзи рейтинг берадиган банкларнинг IFRS 9 бўйича Stage 3 ва POCI кредитларини ҳисобга олган. Марказий банк эса бутун тизим бўйича ўзининг амалдаги NPL таснифидан фойдаланади.

Давлат банклари бозорнинг асосий қисмини назорат қилмоқда

Moody’s Ўзбекистон банк тизимидаги асосий чеклов сифатида давлатнинг катта таъсири ва йўналтирилган кредитлаш амалиёти сақланиб қолаётганини кўрсатган. Марказий банк статистикаси ҳам бу хулосани тасдиқлайди.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, давлат банклари 627,9 трлн сўмлик активларни бошқарган. Бу банк тизимидаги жами 1 005,8 трлн сўмлик активларнинг 62 фоизига тенг.

Давлат банклари кредит портфели 422,3 трлн сўмни ёки тизимдаги барча кредитларнинг 66 фоизини ташкил қилган. Бошқа банклар ҳиссасига активларнинг 38 фоизи ва кредитларнинг 34 фоизи тўғри келмоқда.

Таққослаш учун, 2020–2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида давлат улуши мавжуд бўлмаган банклар активлари улушини 2025 йилгача 15 фоиздан 60 фоизга етказиш режалаштирилган эди

Орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтгач ҳам уларнинг улуши 38 фоиз атрофида қолмоқда. Режа амалдаги натижадан 22 фоиз пункт юқори бўлган.

Бу тафовут хусусийлаштириш бошланган бўлса-да, давлатнинг банк сектори ва кредит ресурсларини тақсимлашдаги роли кутилган даражада камаймаганини кўрсатади.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам 2026 йил апрелидаги хулосасида давлат банкларини хусусийлаштиришни тезлаштириш, тижорат ва давлат вазифалари доирасидаги кредитларни ажратиб ҳисоблаш ҳамда йўналтирилган ва имтиёзли кредитлаш дастурларини босқичма-босқич қисқартиришга чақирган.

2

Moody’s келгусида Ўзбекистон ва Озарбайжон институционал ислоҳотлар ҳисобига Қозоғистон, Грузия ва Арманистонга яқинлашишини кутмоқда. Бироқ бунинг тезлиги фақат янги талаблар қабул қилинишига эмас, уларнинг амалда қандай ишлашига ҳам боғлиқ.

Ҳозирча натижа икки томонлама: банкларнинг капитали, ликвидлиги ва таваккалчиликни бошқариш тизими кучаймоқда, аммо кредитларни бозор тамойиллари асосида тақсимлаш ва давлат банклари улушини камайтириш бўйича ислоҳотлар белгиланган мақсаддан ортда қолмоқда.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 268

Barchasi

Mavzuga oid