«Адолатга етолмаяпмиз»: фуқаролар Олий суд раисига мурожаат қилди
Тошкентда Олий суд, Судялар олий кенгаши ҳамда Тошкент судлари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқаролар суд қарорларидан норозилигидан тортиб, мерос ва уй-жой низоларигача бўлган муаммоларини айтди. Айрим мурожаатчилар бир неча йилдан бери судма-суд юраётганини билдирди.
Қабул давомида айрим мурожаатлар бўйича ишларни қайта ўрганиш, суд ҳужжатларини талаб қилиб олиш ва фуқароларга кейинги тартибда мурожаат қилиш бўйича йўналишлар берилди.
«Тўрт йилдан бери отамнинг мулкига эгалик қила олмаяпман»
Фуқаролардан бири Қашқадарёдаги мерос масаласи юзасидан мурожаат қилди. Унинг айтишича, кадастр ҳужжатларидаги хатолар сабаб нотариус мерос гувоҳномасини беришдан бош тортган. Кейинчалик судларга мурожаат қилган бўлса-да, иш бўйича чиқарилган қарорлардан норози.
Фуқаро судларда айрим талаблари кўриб чиқилмагани, далилларга етарли баҳо берилмагани ва давлат божи нотўғри ҳисобланганини ҳам таъкидлади.
Олий суд раиси мурожаатни тинглаб, ишни талаб қилиб олиш ва фуқаро келтирган важларни қайта ўрганиш топшириғини берди.
34 нафар ўқитувчи иши ҳам ўрганилади
Сайёр қабулда бир гуруҳ педагоглар ҳам ўз муаммоларини кўтарди. Уларнинг айтишича, аттестация билан боғлиқ низолар сабаб айрим ўқитувчиларнинг меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Мурожаатчилар фуқаролик ва маъмурий судларга мурожаат қилган, бироқ ишларнинг қайси судга тааллуқли экани борасида муаммога дуч келганини айтди. Гуруҳ вакилининг билдиришича, 34 нафар ўқитувчи мурожаат қилган, улардан 18 нафари низони давом эттирмоқда.
Олий суд раиси фуқаролик ва маъмурий судлардаги тегишли ишларни чақириб, масалани биргаликда ўрганишини билдирди. Зарурат туғилса, Мактабгача ва мактаб таълими вазири билан ҳам масалани муҳокама қилишини айтди.
«Етти йилдан бери мол-мулкимни ололмаяпман»
Андижон вилоятидан келган фуқаро эса 2019 йилда онлайн аукцион орқали молхона сотиб олгани, бироқ етти йилдан бери ушбу мол-мулкдан тўлиқ фойдалана олмаётганини айтди.
У жиноят иши бўйича оқланганини, бироқ фуқаролик иши юзасидан муаммо ҳал бўлмаётганини билдирди. Мурожаатчи апелляция ишини бошқа вилоят судида кўриб чиқишни сўради.
Олий суд раиси унинг мурожаатини жойида кўриб, жиноят ишини Андижон вилоят судига апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юбориш, фуқаролик ишини эса талаб қилиб олиш бўйича кўрсатма берди.
Уй-жой низоси: «Беш йилдан бери қийналиб келяпман»
Яна бир фуқаро 2021 йилда қонуний олди-сотди шартномаси асосида уй сотиб олгани, бироқ сотувчи ва унинг оила аъзолари уйни бўшатмаганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, суд кўчиришни қаноатлантирган бўлса-да, апелляция инстанцияси собиқ мулкдорларга уйда яшаш ҳуқуқини берган. Фуқаро нотариус томонидан шартномага киритилган банд ҳамда суд қарорларидан норози эканини билдирди.
У масалани Олий судда қайта кўриб чиқишда ёрдам сўради.
Олий суд раиси мурожаатнинг мураккаблигини қайд этиб, фуқарони барча ҳужжатлари билан қайта келишга чақирди. Масалани алоҳида, батафсил ўрганиш учун масъул судяга йўналтиришини билдирди.
Сайёр қабулда бундан ташқари уй-жой, мерос, меҳнат ва суд қарорларидан норози фуқароларнинг бошқа мурожаатлари ҳам тингланди.
Қабул давомида суд раҳбарлари айрим ишларни талаб қилиб олиш, уларни қайта ўрганиш ҳамда мурожаатчиларга процессуал тартибда кейинги ҳаракатлар бўйича тушунтиришлар берди.
Teglar






