Бугун қарийб 1 миллиард киши ноёб осмон ҳодисасига гувоҳ бўлади
Осмон жисмларининг ўзаро соя солишидан ҳосил бўладиган бу ҳайратланарли манзара минтақани четлаб ўтса-да, Ўзбекистон аҳолиси ҳам худди шундай табиат ҳодисасига гувоҳ бўладиган кун ва ҳатто унинг аниқ вақти аллақачон ҳисоблаб чиқилган.
© Jongsun Lee / Unsplash.com2026-йил 12-август куни Гринвич вақти (GMT) билан соат 15:34 дан бошлаб Ой сояси Арктикадан Гренландия, Исландия ва Испания бўйлаб ҳаракатланади ҳамда Қуёшни 2 дақиқа-ю 18 сониягача тўсиб қўяди.
Бугунги ҳодиса Европа қитъасида 1999-йилдан буён кузатилаётган илк тўлиқ қуёш тутилиши бўлади. Қуёшнинг тўлиқ тутилиш йўлида яшовчи қарийб 15 миллион аҳолининг асосий қисми Испанияга тўғри келади.
Қисман тутилиш эса Ғарбий Европанинг аксарият қисмида, Шимоли-ғарбий Африканинг баъзи ҳудудларида ва АҚШнинг кичик бир қисмида кўринади. Умуман олганда, дунё бўйлаб тахминан 980 миллион киши — яъни Ер юзидаги ҳар саккиз кишидан бири Қуёшнинг камида бир қисми тўсилганига гувоҳ бўлиши мумкин.
Қуёш тутилиши аслида қанақа жараён?
Умуман олганда, Қуёш тутилиши бир осмон жисми иккинчисининг соясига кирганида юз беради. Ой тутилишида Ернинг сояси Ойга тушади. Қуёш тутилишида эса Ой Ер ва Қуёш ўртасидан ўтиб, қуёш нурини тўрт хил усулдан бири орқали тўсиб қўяди:
· Қисман тутилиш — Ой Қуёшнинг фақат бир четини кесиб ўтиб, унинг маълум бир қисминигина қоплайди.
· Тўлиқ тутилиш — Ой Қуёшни бутунлай тўсиб қўяди. Натижада кундуз куни атроф қоронғилашади ва Қуёшнинг хира ташқи атмосфераси — тож қисми кўзга ташланади.
· Ҳалқасимон тутилиш — Ой Ердан узоқроқ масофада жойлашгани сабабли Қуёшни тўлиқ қоплай олмайди ва унинг атрофида ёрқин нурли ҳалқа ҳосил бўлади.
· Гибрид тутилиш — бу энг кам учрайдиган ҳодиса бўлиб, унда тутилиш ўз траекторияси бўйлаб ҳалқасимон ва тўлиқ тутилиш турлари ўртасида алмашиб туради.
Қуёш Ойдан тахминан 400 баробар катта, лекин шу билан бирга, Ердан 400 баробар узоқроқда жойлашган. Шу сабабли, Ердан қараганда бу икки осмон жисми деярли бир хил ўлчамда кўринади ва айнан шу омил тўлиқ қуёш тутилиши содир бўлишига имкон яратади.

Қуёш тутилиши қанчалик тез-тез содир бўлиб туради?
NASA маълумотларига кўра, Ерда ҳар йили икки мартадан бешта мартагача қуёш тутилиши кузатилади. Бу ҳисоб-китоб ўз ичига барча тўртта турдаги — қисман, ҳалқасимон, тўлиқ ва гибрид тутилишларни олади.
Тўлиқ қуёш тутилиши эса анча кам учрайди. У ўртача ҳисобда бир асрда 66 марта ёки тахминан ҳар бир ярим йилда бир марта содир бўлади.
Барча қуёш тутилишларининг тахминан учдан бир қисми қисман, яна учдан бири ҳалқасимон, чоракдан сал кўпроғи тўлиқ ва 5 фоизга яқини гибрид тутилишлардан иборат.
Тўлиқ қуёш тутилиши қайси давлатларда кузатилади?
12-август куни Испания, Исландия, шунингдек, Гренландия, Россия ва Португалиянинг айрим қисмларида яшовчи 15 миллионга яқин аҳоли Қуёшнинг бутунлай тутилишига гувоҳ бўлади.
Бу ҳодисани кузатиш учун энг қулай нуқталар Испаниянинг шимолий ва шарқий қисмидаги Леон, Валядолид, Сарагоса, Теруэл ва Валенсия шаҳарлари бўлиб, улар айнан тўлиқ тутилиш йўлагида жойлашган. Тўлиқ тутилиш Испаниянинг ғарбий қисмида Гринвич вақти билан тахминан 18:27 да (маҳаллий вақт билан 20:27 да) бошланади ва аниқ жойлашувга қараб 110 сониягача давом этади. Аҳоли гавжум Мадрид ва Барселона шаҳарлари бу минтақадан бироз ташқарида қолса-да, мазкур шаҳарлардаги кузатувчилар барибир Қуёшнинг 99 фоиздан кўпроқ қисми тўсилганига гувоҳ бўлади.
Қисман тутилиш қайси давлатларда кузатилади?
Қисман тутилиш анча кенг ҳудудни қамраб олади. Европанинг аксарият қисмида кечга яқин сезиларли даражадаги қисман тутилиш кузатилади. Кўпгина жойларда эса Қуёш ҳали тўлиқ очилмасдан туриб, қисман тўсилган ҳолатда уфққа бош қўяди.
Жумладан, Парижда Қуёшнинг тахминан 92 фоизи, Лондонда 91 фоизи, Берлинда эса 85 фоизи тўсилади.
Шарқроқда жойлашган кўпгина Европа шаҳарларида тутилиш ўзининг энг юқори чўққисига чиққунига қадар Қуёш ботиб кетади. Яъни, тутилишнинг энг юқори нуқтаси бу ҳудудларда осмонда кўринмайди. Шимолий Африкада ҳам худди шундай ҳолат юз беради. Жазоирда Қуёшнинг қарийб 98 фоизи, Касабланкада эса 87 фоизи тўсилишини кўриш мумкин. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам тутилиш жараёни тўлиқ якунланмасидан олдин Қуёш ботади.
Атлантика океани ортидаги ҳудудларда Қуёш ботиши билан боғлиқ муаммо кузатилмайди. Чунки тутилиш вақти эрталаб ва тушдан кейинги пайтга тўғри келади. Бироқ Шимолий Америка бу асосий йўлакдан узоқроқда жойлашгани сабабли, у ерда Қуёшнинг фақат кичик бир қисмигина тўсилгани кўринади. Масалан, Канаданинг шимоли-шарқидаги Сент-Жонс шаҳрида Қуёшнинг тахминан 53 фоизи тўсилса, бу кўрсаткич Монреалда 18 фоизгача, Торонтода эса 8 фоизгача пасаяди.

АҚШ ҳудудида тутилиш энг яхши кўринадиган жой Алясканинг айрим қисмлари бўлиб, у ерда Қуёш 37 фоизгача тўсилади. Мамлакатнинг қолган ҳудудларида эса унинг фақатгина кичик бир қисми қопланади.
Бу ҳодиса Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудида кузатилмайди.
Ўзбекистонда қуёш тутилиши қачон юз беради?
Тошкент шаҳрида навбатдаги қуёш тутилиши тахминан 12 ойдан сўнг — 2027-йил 2-август куни кутилмоқда. Маҳаллий вақт (Тошкент, GMT+5) билан ҳисобланган ушбу ҳодисанинг аниқ кўрсаткичлари қуйидагича:
Биринчи контакт (ҳодисанинг бошланиши): 15:07:14
Максимал тутилиш вақти: 15:31:12
Сўнгги контакт (ҳодисанинг якунланиши): 15:54:40
Қуёшнинг тўсилиш даражаси: 2 фоиз.
Қуйида Ўзбекистонда кузатиладиган навбатдаги 10 та қисман қуёш тутилишининг санаси, тўсилиш даражаси ва вақти келтирилган:
Сана | Тури | Тўсилиш даражаси | Максимал вақти |
2027-йил 2-август | Қисман | 2% | 15:31:12 |
2030-йил 1-июн | Қисман | 51% | 10:53:50 |
2031-йил 21-май | Қисман | 1% | 12:25:51 |
2032-йил 3-ноябр | Қисман | 16% | 09:27:29 |
2034-йил 20-март | Қисман | 72% | 16:46:04 |
2035-йил 2-сентябр | Қисман | 25% | 05:55:20 |
2037-йил 16-январ | Қисман | 13% | 15:56:05 |
2048-йил 11-июн | Қисман | 81% | 19:19:59 |
2049-йил 25-ноябр | Қисман | 6% | 09:22:32 |
2051-йил 11-апрел | Қисман | 62% | 06:12:58 |





