Logo

Чипта топиш қийин бўлган поездларни танқид қилган ҳоким, ноқонуний қурилишнинг ҳар бир квадратига 2,2 млн сўмлик жазо ва 60 млн долларлик майиз экспорти — 12 август дайжести

Kecha 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Чипта топиш қийин бўлган поездларни танқид қилган ҳоким, ноқонуний қурилишнинг ҳар бир квадратига 2,2 млн сўмлик жазо ва 60 млн долларлик майиз экспорти — 12 август дайжести

«Чиққан одам касал бўлади, таниш-билишсиз билет ололмайсан» — Сурхондарё ҳокими

Сурхондарё ҳокими Улуғбек Қосимов вилоятдаги темир йўл, авиақатнов ва шаҳарлараро транспорт хизматларини кескин танқид қилди. У поездларда совитиш тизими ишламаслиги, вагонлар тўлиб кетиши ва билет топиш қийинлигини айтди. Ҳоким авиабилетлар савдосида ҳам шаффофликни таъминлаш, таниш-билишчилик ва воситачиликка йўл қўймасликни талаб қилди.

Қосимов масъулларга Тошкент ва Сариосиё йўналишларидаги поездлар, вокзал ва аэропортлардаги шароитларни бир ҳафта ичида текшириб, камчиликларни бартараф этишни топширди. Билетлар онлайн тарзда очиқ сотилиши, йўловчилар учун хизмат сифати яхшиланиши ва транспорт инфратузилмасидаги муаммолар бартараф этилиши керак.

Россияда дрон ҳужумида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари олиб келинди

Россиянинг Татаристон ҳудудида дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 8 нафар ўзбекистонликнинг жасадлари 12 август куни Ўзбекистонга олиб келинди. Ҳодисада яна бир неча ватандош турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда.

Президент топшириғи билан тузилган Ҳукумат комиссияси ҳалок бўлганларнинг жасадларини олиб келиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этди. 11 август куни Нижнекамск шаҳрида юз берган ҳодисада қурбонлар қурилиш корхонасида ишлаган.

Алишер Қодиров: Ноқонуний қурилиш энди қурувчига жуда қимматга тушиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ноқонуний қурилиш ва шаҳарсозлик талабларини қўпол бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасида бундай компаниялардан ҳар бир квадрат метр учун 2,2 млн сўмдан ундириш таклиф этилмоқда. Депутат Алишер Қодиров амалдаги жазолар ноқонуний қурилишни тўхтатиш учун етарли эмаслигини, соҳада коррупция хавфи юқорилигини таъкидлади.

Қодировнинг фикрича, жарима қурувчи учун ноқонуний қурилишдан олинадиган даромаддан кўра қимматга тушиши керак. Унинг таъкидлашича, асосий мезон тадбиркорлик манфаати эмас, аҳоли ҳаёти ва хавфсизлиги бўлиши лозим. Қонун лойиҳаси 88 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланиб, 15 нафари қарши овоз берди ва ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрланади.

Ўзбекистонга 7 ойда 7,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ келди

Январ–июл ойларида Ўзбекистонга 7,75 млндан ортиқ хорижий сайёҳ келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,6 фоиз кўп. Туристларнинг асосий қисми Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган, кейинги ўринларда Россия, Афғонистон ва Хитой қайд этилган.

Шу даврда туристик хизматлар экспорти 3,9 млрд долларга етиб, йиллик ҳисобда 56 фоизга ошди. Аэропортларда йўловчилар оқими ҳам кўпайиб, январь–июнь ойларида 8,15 млн кишига етди. Мазкур даврда 705 та янги жойлаштириш воситаси ташкил қилиниб, улардаги ўринлар сони 202,6 мингтага етган.

Ўзбекистонда капитал бозори учун янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Ўзбекистонда капитал бозорини тартибга солишга қаратилган янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 16 боб ва 123 моддадан иборат ҳужжатда опцион, своп, фьючерс, форвард ва сукук каби молиявий воситаларни жорий этиш, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва бозор инфратузилмасини халқаро стандартларга мослаштириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳага кўра, 2030 йилгача фонд бозорига 10 трлн сўм инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Шунингдек, сукук учун алоҳида ҳуқуқий механизм яратиш, марказий контрагент ва облигация эгалари вакили институтларини жорий этиш, маҳаллий компанияларнинг хорижий капитал бозорларига чиқиши учун шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

Капитал бозорида ўсиш ҳам қайд этилган: фонд биржасидаги савдолар ҳажми 2023 йилдаги 2,9 трлн сўмдан 2025 йилда 17,6 трлн сўмга етган.

Ўзбекистон ярим йилда майиздан 60 миллион доллар даромад олди

2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон 57 та давлатга 47,7 минг тонна майиз экспорт қилди. Экспорт қиймати 60 млн долларни ташкил этди.
Майизнинг энг йирик харидорлари Қозоғистон — 15,2 минг тонна, Хитой — 6 минг тонна, Россия — 5,6 минг тонна ва Туркия — 3,9 минг тонна бўлди.

Германияга 1 минг тонна, Бразилияга эса 994,2 тонна майиз етказиб берилган.
2024 йилда Ўзбекистон 53 минг тонна майиз экспорт қилиб, дунёда еттинчи ўринни эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid