Logo

Аҳоли қарз юкининг ортиб бораётгани «ташвишли ҳолат» — Марказий банк

Bugun 17:133 daqiqa

Олти йилда аҳолининг банклар олдидаги қарзи беш баробардан зиёд ошди. Регулятор эса асосий хавф кредитлашнинг ўзида эмас, балки фуқароларнинг қарзларни узиш қобилиятида эканини айтди.

Аҳоли қарз юкининг ортиб бораётгани «ташвишли ҳолат» — Марказий банк

Марказий банк аҳолининг қарз юки ортиб бораётганини «ҳақиқатдан ҳам ташвишли ҳолат» деб баҳолади. Регулятор вакили Санжар Носиров 7-август куни Сенатда кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантиришларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган йиғилишда бу ҳақда маълум қилди.

Сенатор Ҳусан Эрматовнинг айтишича, сўнгги бир йилда аҳолига ажратилган кредитлар 21,2 фоизга ошган. Тадбиркорларнинг қарздорлиги ҳам 12 фоизга кўпайган. Аҳолининг банклар олдидаги қарзи эса олти йилда беш баробардан зиёд ошиб, 231 трлн сўмга етган.

Эрматов Марказий банк вакилидан кредит рекламасида хавфлар ҳақида мажбурий огоҳлантириш қарз юкининг ўсишини қанчалик чеклаши мумкинлиги ва бу борада тадқиқотлар ўтказилгани ҳақида сўради.

Носиров бунга жавобан: «Жуда тўғри таъкидладингиз. Бу ҳақиқатдан ҳам ташвишли ҳолат. Охирги йилларда шундай ўсиш кузатилди», — деди.

Асосий хавф нимада?

Марказий банк вакили кредитлар ҳажмининг ўсишига бир томонлама салбий баҳо бериб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ўсишнинг бир қисми аҳолининг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайгани ва аввал қондирилмаган кредит талабининг мавжуд бўлгани билан боғлиқ.

Бироқ регулятор учун асосий масала кредитларнинг қанчага кўпайгани эмас. Марказий банк аҳолининг олинган қарзларга хизмат кўрсатиш, яъни уларни ўз вақтида қайтариш имкониятидан кўпроқ хавотирда.

«Асосий хавотирларимиз рақамларнинг ўзи ўсаётгани билан эмас, кўпроқ қарз юкининг ортиб бораётгани, аҳоли ушбу қарзга хизмат кўрсатишга қанчалик қодирлиги билан боғлиқ. Айнан мана шу кўрсаткичларнинг ўсиши бизни кўпроқ ташвишга солмоқда», — деди Носиров.

Регулятор бу хавфни чеклаш учун бир қатор меъёрларни жорий қилган. Жумладан, қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 50 фоиз этиб белгиланган. Яъни фуқаро ойлик даромадининг кўпи билан ярмини кредит тўловларига сарфлаши керак.

Бундан ташқари, йил бошидан қарз суммасининг даромадга нисбати бўйича ҳам чеклов амал қила бошлади. Расмий даромади тасдиқланган шахсга кредит миқдори унинг даромадининг 8 бараваридан, норасмий даромадда эса 5 бараваридан ошмаслиги керак.

Қарз юки қанчалик катта?

Сенатдаги муҳокама давомида сенатор Рустам Халмурадов Марказий банкнинг 2025 йил биринчи ярмидаги молиявий барқарорлик материалларига таяниб, аҳоли қарздорлигига оид бошқа кўрсаткичларни ҳам келтирди.

Унинг айтишича, аҳоли қарз мажбуриятларининг 93 фоизи банк кредитлари ҳиссасига тўғри келади. Қарз юки кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этган ва бу 2024-йилга нисбатан 18 фоизга юқори.

2026-йил 1-феврал ҳолатига 9,3 миллион қарз олувчида умумий 610 трлн сўмлик кредит қарздорлиги мавжуд бўлган. Улар орасида 376 мингта кредит шартномаси бўйича қарздорлик муаммоли кредитлар тоифасига ўтган.

Марказий банкнинг 2025-йил июл ойида ўтказган сўровномаси ҳам аҳолининг қарз юки юқори эканини кўрсатган. Респондентларнинг 73 фоизи банк ёки нобанк ташкилотлар олдида қарзи борлигини билдирган. Уларнинг 61 фоизи қарз мажбуриятларини ўз вақтида бажаришда муайян қийинчиликларга дуч келаётганини айтган.

Жисмоний шахсларнинг умумий ўртача қарз юки 50 фоизни ташкил этган. Бу 2024 йилга нисбатан 16 фоизга юқори кўрсаткичдир.

Реклама чеклови ечим эмас

Сенатда муҳокама қилинган ўзгартишлар кредит ва микроқарзлар рекламасида молиявий таваккалчиликлар ҳақида мажбурий огоҳлантиришни назарда тутади. Бироқ Марказий банк бу чоранинг ўзи қарз юки муаммосини ҳал қилмаслигини таъкидлади.

«Ушбу механизм қарз юкини бевосита тўхтатиб қолмайди, лекин одамларнинг хабардорлиги ва масъулиятини оширади. Бу реклама орқали чалғитишнинг олдини олишга ҳамда одамларни онгли қарорлар қабул қилишга ундашга ёрдам беради», — деди Носиров.

Марказий банк вакили бундай ёндашув аҳоли ва банклар ўртасида масъулиятли кредитлаш маданиятини шакллантиришга хизмат қилишига умид билдирди. Унинг таъкидлашича, таклифни тайёрлашда Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядаги амалиёт ҳам ўрганилган.

Ушбу давлатларда кредит рекламасидаги огоҳлантиришларга ўхшаш чоралар кредит бозори фаоллиги кескин пасаймаган ҳолда қарзга хизмат кўрсатиш кўрсаткичларининг яхшиланиши ва муддати ўтган қарздорликнинг камайиши билан кечган.

Шу тариқа, Марказий банк учун масала аҳолига кредит беришни тўхтатишда эмас, балки қарз олаётган фуқаронинг уни қайтариш имкониятини таъминлашда. Қарзлар ҳажми ўсиб бораётган шароитда регуляторнинг асосий эътибори ҳам айнан аҳолининг қарзга хизмат кўрсатиш қобилиятига қаратилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid