Logo

Эҳтиёжманд оилаларга ярим йилда электр ва газ учун 92 млрд сўм компенсация тўланди

Компенсацияни умумий ҳисобда 562 минг 918 та оила олган.

Эҳтиёжманд оилаларга ярим йилда электр ва газ учун 92 млрд сўм компенсация тўланди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун жорий йилнинг 6 ойи давомида 92,1 млрд сўм компенсация тўлаб берилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Унга кўра, бу пулларнинг 51,4 миллиард сўми электр энергияси, 40,7 миллиард сўми эса табиий газ учун тўланган. Компенсацияни умумий ҳисобда 562 минг 918 та эҳтиёжманд оила олган.

Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг 2025-йил 2-апрелдаги ПҚ-134-сонли «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ бўйича белгиланган базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилмоқда.

Бунда электр энергияси истеъмоли бўйича — ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача, табиий газ истеъмоли бўйича — иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ тўлаб берилади.

Компенсация олиш бўйича батафсил маълумотга эга бўлиш учун маҳалладаги ижтимоий ходимга, тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ёки агентликнинг 1140 қисқа рақамли Call-марказига мурожаат қилиш лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда иситиш мавсуми давомида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун 73,7 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, оилаларнинг коммунал харажатлари енгиллаштирилганди.

Teglar

Mavzuga oid