Logo

ТОП-9: Тошкентдаги энг қиммат ва оммабоп хусусий мактаблар

Bugun 16:283 daqiqa

Охирги беш йилда Ўзбекистонда хусусий мактаблар сони қарийб 4,5 баробарга ошди. Бозорга янги ўйинчилар кириб келиши ва рақобат кучайиши эса нархларни ҳам кескин ўзгартириб юборди: бугун пойтахтда ойига 5,6 млн сўм оладиган мактабни ҳам, ойлик тўлови ҳатто 32 млн сўмдан ошадиган «элитар» масканларни ҳам учратиш мумкин. Vaqt.uz мухбири мамлакатдаги хусусий таълим бозори, нарх омиллари ва энг қиммат мактаблар рейтингини таҳлил қилади.

ТОП-9: Тошкентдаги энг қиммат ва оммабоп хусусий мактаблар © Foto: Prezident matbuot xizmati

Сўнгги йилларда ота-оналарнинг фарзандларини хусусий мактабларга беришга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Бу аввало давлат мактабларидаги синфларда бола сонининг ҳаддан ташқари кўплиги ва таълим сифатига бўлган талабнинг ортгани билан изоҳланади. Айнан шу кучайиб бораётган талаб хусусий таълим бозорининг кескин кенгайишига туртки берди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатдаги нодавлат мактаблар сони бир йилнинг ўзида 21,1 фоизга кўпайиб, 551 тага етган. Хусусий мактабларнинг энг катта улуши Тошкент шаҳри (145 та) ва Фарғона вилояти (121 та) ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамлар ортида эса таълим сифати, шароит ва энг муҳими – нарх борасида бутунлай фарқ қиладиган улкан бозор ётибди.

Тошкентдаги хусусий мактаблар рейтинги ва нархлар кўрсаткичи

Бозордаги таклифларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин: халқаро премиум-сегмент ва миллий-чуқурлаштирилган оммабоп сегмент.

 

Мактаб номи

Таълим дастури ва хусусияти

Ойлик тўлов (сўм)

Қўшимча / йиллик бадал

CIS International School

Британия (Cambridge)

32 300 000

Canadian School of Tashkent

Канада (Nova Scotia)

22 500 000

25 млн (қабул) + 9 млн (йиллик)

International Talent Academy

IB (International Baccalaureate)

13 300 000 – 20 700 000

Invento The Uzbek International School

IB (Full Continuum, 12 йиллик)

17 880 000

23 млн (рўйхатдан ўтиш)

Oxbridge International School

IB / Халқаро дастур

16 000 000

Jahon School

Миллий + Хоржиий тиллар

7 000 000

Registon School

Чуқурлаштирилган (Математика, Eng)

6 200 000

Thompson School

Чуқурлаштирилган (Математика, Eng)

5 900 000

Al Jabr School

Миллий + IT / Замонавий фанлар

5 600 000

 

Нархлар ўртасидаги 6 баробарлик фарқ қандай шаклланади?

Хўш, рейтингнинг юқори поғоналарини эгаллаган мактаблардаги жуда юқори нархлар (масалан, CIS’да ойига 32,3 млн сўм ёки Canadian School’да йилига 20 млн сўмдан ортиқ) қандай шаклланади? Бунда нархни оширувчи бир қатор асосий омиллар бор.

Аввало, бу – сертификация ва лицензия харажатлари. Халқаро IB (International Baccalaureate) ёки Cambridge дастурларини олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини ушлаб туриш учун мактаблар йилига ўн минглаб доллар франшиза тўлайди.

Иккинчидан, педагоглар маоши. Премиум мактабларнинг асосий харажати Буюк Британия, Канада, АҚШ каби давлатлардан таклиф этилган чет эллик (native) ўқитувчилар ҳисобига шаклланади. Уларнинг маоши, яшаш харажатлари ва суғуртаси тўғридан-тўғри контракт нархига таъсир қилади.

Шунингдек, кампус ва ижтимоий муҳит ҳам муҳим рол ўйнайди. Бундай мактаблар ўқувчиларни тўғридан-тўғри хорижий университетларга киришга тайёрлайди. Тўлов ичида нафақат таълим, балки муайян ижтимоий мақом (статус) ва атрофдаги нуфузли муҳит нархи ҳам яширинган бўлади.

Аксинча, рейтингда нисбатан арзонроқ ўринларни эгаллаган мактаблар (Registon, Thompson, Al Jabr, Jahon) миллий таълим стандартлари асосида ишлайди. Улар нархни ҳамёнбоп ушлаб туриш учун асосий эътиборни ортиқча ҳашаматга эмас, балки аниқ фанлар ва инглиз тилини чуқурлаштириб ўқитиш, 3 маҳал овқатланиш ҳамда IT ва спорт тўгаракларини ташкил этишга қаратади.

Бу мактабларда ўқитувчилар таркиби асосан маҳаллий тажрибали мутахассислардан иборат бўлгани боис, контракт нархлари ойига 5,6 млн – 7 млн сўм атрофида айланади.

Хулоса

Тошкентдаги хусусий мактаблар бозорининг бугунги ҳолати шуни кўрсатадики, ота-оналар олдида иккита фарқли танлов турибди:

•        Фарзандини хорижга юбориш, нуфузли чет эл университетларига киритиш ва халқаро муҳитда ўстиришни мақсад қилганлар учун қимматроқ халқаро мактаблар (ойига 15 млн – 32 млн сўм).

•        Фарзандига хавфсиз ва тартибли муҳит, чуқурлаштирилган фанлар ва замонавий тўгаракларни таъминлашни истаганлар учун ҳамёнбоп муқобил мактаблар (ойига 5,6 млн – 7 млн сўм).

Манзарани тўлиқ англаш учун яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур: мактаб тўловларининг, айтайлик, 6 баробар қимматлиги таълим сифати ҳам айнан 6 баробар юқорилигини англатмайди. Нарх бу ерда кўпроқ халқаро сертификат, чет эллик ўқитувчилар маоши ва статус ҳисобига баланд. Шу сабабли, ота-оналар мактаб танлашда фақат бренд ёки нархга эмас, балки фарзанднинг келажакдаги аниқ мақсадлари ва шахсий эҳтиёжларига қараб қарор қабул қилишлари энг тўғри стратегиядир.

Диёра Хабибуллаева, журналист

 

 

Teglar

Mavzuga oid