Logo

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш учун АҚШга янги шартлар қўйди

Bugun 09:192 daqiqa

Эрон ҳукумати Ҳўрмуз бўғозини кемалар ҳаракати учун қайта очиш бўйича АҚШга янги талаблар рўйхатини тақдим этди. Улар орасида уруш учун товон пули тўлаш ва санкцияларни бекор қилиш талаблари бор. Шу билан бирга, Теҳрон Ҳўрмуз бўйича Уммон билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш учун АҚШга янги шартлар қўйди © Reuters

Эрон ҳукумати АҚШга Ҳўрмуз бўғозини очиш бўйича янги шартларни илгари сурди. Теҳрон Вашингтондан июнь ойида тузилган «ўзаро англашув меморандуми» АҚШ ҳарбийлари томонидан бузилгани учун санкцияларни бекор қилиш ва товон пули тўлашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда 8-август Эрон Ислом Республикаси Миллий хавфсизлик олий кенгаши маълум қилди.

Эроннинг давлат ахборот агентлиги «Tasnim» хабар беришича, Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари Муҳаммад Боқир Зулқадр Оқ уйдан Эронга келажакда АҚШ томонидан ҳеч қачон таҳдид қилинмаслиги бўйича кафолат беришни, АҚШ қўшинларини минтақадан олиб чиқишни, Эрон портларига нисбатан денгиз блокадасини бекор қилишни, санкцияларни олиб ташлашни, Эрон активларини музлатишдан чиқаришни ҳамда мамлакатга берилган ҳарбий зарбалар учун товон пули тўлашни талаб қилган.

АҚШ Эрон талабларига рози бўлиши эҳтимоли паст

Ҳозирча Вашингтон Эрон ҳукумати баёнотига ҳеч қандай муносабат билдирмади. «The New York Times» газетаси ёзишича, Теҳрон бунга ўхшаш талабларни аввал ҳам АҚШ билан ядровий дастур бўйича келишув шартлари сифатида илгари сурган. Энди Эрон ушбу талабларни Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини қайта тиклаш бўйича келишувнинг шартига айлантирмоқчи. Нашрнинг таъкидлашича, Доналд Трамп маъмуриятининг бундай шартларга рози бўлиши эҳтимоли паст.

«Ўзаро англашув меморандуми»га кўра, АҚШнинг Эронга қарши санкциялари фақат ядровий дастур бўйича муваффақиятли келишувга эришилган тақдирдагина бекор қилиниши мумкин. Оқ уй аввалроқ Эрон ўзининг юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечган тақдирдагина Эрон активларини музлатишдан чиқариш мумкинлигини билдирган эди.

Июль ойи охирида АҚШ Эронни бомбардимон қилишни тўхтатди. Трамп бу қарорни Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда олға силжиш бўлгани билан изоҳлади. «Reuters» манбаларига кўра, бундай қарор қабул қилинишига АҚШ ҳарбийлари Эрон билан уруш давомида узоқ масофага учувчи ракеталар захирасининг деярли барчасини ишлатиб бўлгани сабаб бўлган.

Уммон Эрон билан музокараларда ён беришга тайёр

Эрон ва Уммон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини қандай тартибда амалга ошириш бўйича келишувга эришиш мақсадида алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчининг айтишича, музокаралар «якуний босқичга» яқинлашган. Бироқ у буни Ҳўрмуз бўғозидаги блокада тез орада бекор қилинишининг белгиси деб ҳисобламаслик кераклигини таъкидлади.

«Reuters» маълумотларига кўра, Уммон билан келишув шартларига асосан, Эрон Форс кўрфазига денгиз йўли орқали кириб келаётган кемалар устидан назоратни олиши, Уммон эса кўрфаздан чиқиб кетаётган кемалар устидан назорат қилиши мумкин.

Эроннинг «Fars» агентлиги аввалроқ хабар берганидек, томонлар Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати Эрон қирғоғи яқинидаги шимолий коридор орқали амалга оширилиши, бўғоздан чиқиш эса Уммон қирғоғи яқинидаги жанубий йўлак орқали бўлишига келишган. Шунингдек, давлатлар бўғоз орқали ўтиш учун йиғим ундиришни ҳам режалаштирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid