Logo

Россияда дрон ҳужумида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари олиб келинди

Bugun 11:251 daqiqa

Яна бир неча ўзбекистонликлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонада қолмоқда.

Россияда дрон ҳужумида ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари олиб келинди © TIV matbuot xizmati

Аввалроқ Татаристондаги дрон ҳужуми оқибатида 7 ўзбекистонлик ҳалок бўлгани, сал ўтиб уларнинг сони яна бир кишига ортгани ҳақида хабар берган эдик. Уларнинг жасадлари 12-август куни Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик матбуот хизматининг ёзишича, Ўзбекистон президентининг топшириғига мувофиқ ташкил этилган Ҳукумат комиссияси доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ҳалок бўлган ватандошларнинг жасадларини олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Жумладан, ватандошларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Б. Асадов ҳамда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Н. Қосимов зудлик билан воқеа жойига бориб, маҳаллий масъул идоралар билан учрашувлар ўтказган.

«Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мазкур ҳолат билан боғлиқ барча масалалар, жумладан, жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари Россия томони билан ҳамкорликда назоратга олинган», — дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, ушбу ҳодиса 11-август куни Нижнекамск шаҳрида юз берган. Қурбонлар шаҳар ҳудудида фаолият юритган қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган. Яна бир неча ўзбекистонлик турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid