Logo

Ядровий куч, молиявий қудрат ва йирик армия: Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон мудофаа келишуви нимани англатади?

Яқин Шарқда кескинлик кескин ортиб бораётган бир пайтда, Ислом дунёсининг уч йирик давлати — Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон тарихий ҳарбий пакт тузди. Макка шаҳрида имзоланган келишувга кўра, мазкур уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум барчага нисбатан қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.

Ядровий куч, молиявий қудрат ва йирик армия: Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон мудофаа келишуви нимани англатади? © Foto: AP

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда, Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия қўшма мудофаа пактини имзолади.

«Макка қўшма тийиб туриш келишуви» деб номланган ушбу ҳужжат 7 август, жума куни Саудиянинг муқаддас Макка шаҳрида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва бош вазири Муҳаммад бин Салмон ҳамда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланди.

Ҳамкорларнинг қўшма баёнотига кўра, пакт ҳар қандай тажовузга қарши жамоавий тийиб туриш вазифасини ўтайди. Унга мувофиқ, ушбу уч давлатдан бирига қилинган қуролли ҳужум барчага нисбатан қилинган ҳужум деб баҳоланади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида таъкидлашича, мазкур мудофаа битими «уч давлат ўртасидаги кўп йиллик тарихий алоқаларга, уларни бирлаштирувчи мустаҳкам биродарлик ва исломий бирдамлик ришталарига, шунингдек, умумий стратегик манфаатлар ҳамда узоқ йиллик мудофаа ҳамкорлигига асосланади».

Вазирликнинг қўшимча қилишича, ушбу келишув «хавфсиз ва фаровон келажак йўлида минтақа ҳамда ундан ташқарида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, қолаверса, жамоавий хавфсизликни янада мустаҳкамлаш бўйича уч давлатнинг умумий интилишини» акс эттиради.

Маълумот ўрнида, келишув Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф армия қўмондони Осим Мунир ҳамроҳлигида Саудия Арабистонига келиб, Маккада Умра зиёратини адо этганидан бир кун ўтиб имзоланди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам жума куни Муҳаммад бин Салмон билан учрашиш мақсадида Саудия Арабистонига ташриф буюрган эди.

Нега бу келишув айнан ҳозир тузилди?

Анқара, Ар-Риёд ва Исломобод ўртасидаги мудофаа битими устида анчадан буён иш олиб борилаётган эди. Музокаралар 2023 йил Ғазода Исроил томонидан бошланган геноциддан сўнг бошланди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши давом этаётган уруши фонида эса бу жараён янада жадаллашди.

Ҳозирга қадар минтақадаги кескинликлар Туркия ва Покистонга бевосита таъсир кўрсатмаган бўлса-да, ўз ҳудудида АҚШнинг ҳарбий объектлари ва инфратузилмаси жойлашган Саудия Арабистони Эрон ҳамда унинг иттифоқчилари — Ямандаги ҳусийчилар ҳужумига учради. Шунингдек, Теҳрон АҚШнинг ҳарбий базаларига жой берган Форс кўрфазининг бошқа давлатлари ҳамда Иорданияга ҳам ҳужумлар уюштирган.

Бу уч давлат Эрон урушининг оқибатларидан, қолаверса, Исроилнинг минтақада ортиб бораётган таъсири ва ҳужумларидан жиддий хавотирда. Хусусан, Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳининг таянч нуқталарини нишонга олаётганини иддао қилиб, Ливан ҳудудининг қарийб бешдан бир қисмини босиб олди. Айни пайтда, Ироқдаги Эронга тобе гуруҳлар Саудия Арабистонига дронлар орқали ҳужумлар уюштиришда айбланмоқда. Ўз навбатида, бу гуруҳларнинг ўзи ҳам АҚШ ва Исроил зарбалари нишонига айланмоқда.

«Ал-Жазира» мухбири Расул Сердарнинг маҳаллий расмийларга таяниб маълум қилишича, минтақада кучайиб бораётган кескинлик ҳақиқатан ҳам ушбу давлатларни бирлашишга мажбур қилган.

«7 октябрдан кейинги давр Исроилнинг хатти-ҳаракатлари ва босқинчилик сиёсати туфайли минтақани кескин ўзгартириб юборди. Ҳозирда эса Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз ва Эронга қарши давом этаётган ҳужумлар, қолаверса, Теҳроннинг минтақа давлатларига қайтараётган жавоб зарбалари кузатилмоқда», — деди журналист.

Унинг қўшимча қилишича, қатор заруриятлар бирлашиб, бу уч йирик давлатни бир жойга жам бўлишга ва мазкур келишувни имзолашга ундаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 март куни Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари Ар-Риёдда ўтган Ислом саммити доирасида учрашиб, қўшма хавфсизлик келишуви лойиҳасини муҳокама қилган эди.

Ушбу учрашувдан аввалроқ, 2025 йилнинг сентябрида Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳам мудофаа битими имзоланган. Ўша келишув 2025 йил 9 сентябр куни Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳага қилган ҳужуми ортидан тузилган эди.

АҚШдаги Немис Маршалл жамғармасининг Туркия бўйича минтақавий директори Ўзгур Унлуҳисаржиклига кўра, ушбу мудофаа битими мавжуд хавфсизлик тизимига нисбатан ишонч сўнган бир пайтда, минтақавий стратегик мустақилликка бўлган истак кучайиб бораётганини акс эттиради.

«Бу учала давлат минтақавий барқарорлик борасида асосан марказлашган бошқарувга таянувчи қарашларни илгари суради. Ўзларидаги тафовутларга қарамай, улар кучли марказий ҳукуматлар, ҳудудий яхлитлик ва ишлаб турган давлат институтларини тартибнинг асоси деб билишади, шу билан бирга давлатларнинг парчаланиши, фуқаролик низолари ва нодавлат иштирокчиларнинг кучайишини узоқ муддатли беқарорлик манбалари сифатида кўришади», — деди эксперт.

Ушбу пакт қандай вазифани бажаради?

Уч томонлама мазкур битим Анқара ва Исломобод ўртасида аввалроқ тузилган келишувга асосланиши тахмин қилинмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳужжат ҳар бир мамлакатнинг ҳарбий ва молиявий салоҳиятини ўзаро бирлаштиради. Маълумки, Туркия НАТО доирасидаги иккинчи энг йирик армияга эга, Саудия Арабистони дунёдаги етакчи нефт экспорт қилувчи давлат, Покистон эса ядро қуролига эга бўлган ягона мусулмон мамлакати ҳисобланади.

Унлуҳисаржиклининг сўзларига кўра, бу уч ҳамкор бир-бирини тўлдирувчи кучларга эга. Хусусан, бу ерда «Туркиянинг мудофаа-саноат салоҳияти, Саудия Арабистонининг молиявий қудрати ва таъсири, шунингдек, Покистоннинг ҳарбий тажрибаси ҳамда стратегик тийиб туриш имкониятлари» жамланмоқда.

«Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу НАТОга тенглаштириш мумкин бўлган ўзаро мудофаа пакти эмас. Аксинча, бу минтақадаги учта нуфузли давлат ўртасида стратегик, ҳарбий ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш учун хизмат қилувчи асосдир», — дея қўшимча қилди эксперт.

Туркиянинг Ҳасан Калёнжу университети халқаро сиёсат бўйича доценти Мурат Аслан «Ал-Жазира»га берган интервюсида, мазкур пакт «салоҳиятни ошириш» масалаларини ҳам қамраб олиши мумкинлигини айтди.

«Туркия ва Саудия Арабистони турли хил хавфсизлик масалаларига дуч келмоқда. Биринчи навбатда, бу — Эрон омили. Бунга Покистонни ҳам қўшиш мумкин, чунки улар умумий чегарага эга. Саудияликларда эса Эрон уларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги ҳақида доимий хавотир мавжуд. Шу сабабли, бу пакт муайян маънода уларнинг хавфсизлик қамровини кенгайтиради», — деди таҳлилчи.

Эрон бу келишувга қандай муносабат билдирди?

Эронлик депутат Иброҳим Ризоий жума куни «X» тармоғидаги саҳифасида мазкур пактни кескин танқид қилди.

«Америкаликларга йиллар давомида бир томонлама қарам бўлиш уларга хавфсизлик келтирмаганидек, Туркия ва Покистон билан имзоланган қоғоздаги келишув ҳам хавфсизликни таъминламаслигини саудияликлар тушуниб етиши керак. Бошқалардан хавфсизлик тиланиб юрмаслик учун ўз сиёсатингизни ислоҳ қилинг, — деб ёзди у.

Бу пакт Исроил учун нимани англатади?

Туркия расмийси жума куни «Reuters» ахборот агентлигига маълум қилишича, уч давлат ўртасидаги келишув фақат мудофаа хусусиятига эга ва бирор-бир аниқ давлатга қарши қаратилмаган. Шунингдек, ушбу пакт минтақадаги бошқа давлатлар қўшилиши учун ҳам очиқ экани таъкидланди.

Бироқ шуниси маълумки, бу уч давлат Исроилнинг минтақадаги таъсири ортиб бораётганидан ва сўнгги пайтлардаги ҳужумларидан жиддий хавотирда.

Июл ойи бошида Истанбулда Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда баёнот берган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Яқин Шарқдаги тинчлик саъй-ҳаракатлари минтақавий қўллаб-қувватлашсиз муваффақият қозона олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у Исроилга АҚШ-Эрон келишувини барбод қилишга йўл қўйиб бўлмаслигини қўшимча қилди.

«Исроил маъмуриятининг мазкур (АҚШ-Эрон) келишувини йўққа чиқаришга уринишларини диққат билан кузатиб боряпмиз... Урушга муккасидан кетган ҳозирги Исроил ҳукумати минтақамизни яна порох ва қон исига ботиришига йўл қўймаслик керак», — деди у.

Туркия раҳбари Исроилни 17 июн куни жангларни тўхтатиш ва музокаралар учун имкон яратиш мақсадида имзоланган АҚШ-Эрон Ўзаро англашув меморандумига путур етказишга уринишда бир неча бор айблади. Эрдўғон, шунингдек, Исроилнинг Ғазо, Ливан ва Суриядаги ҳужумларини ҳам кескин қоралаган.

Ўз навбатида, Покистон ҳам Исроилнинг Ғазодаги геноцид сиёсатини қоралаб келмоқда. 2023 йилнинг октябр ойидан бери у ердаги ҳужумлар оқибатида 71 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди. Уларнинг мингга яқини ўтган йили АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилинганидан кейинги даврда қурбон бўлган. Исломобод, шунингдек, «Буюк Исроил» ҳақидаги ҳар қандай ғояни кескин қоралайди.

Шу билан бирга, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида Покистон воситачи ролини ўз зиммасига олиб, кенг кўламли минтақавий можаронинг олдини олишга интилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп узоқ вақтдан буён Саудия Арабистонини Исроил ва мусулмон мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирувчи «Иброҳим келишуви»га қўшилишга кўндиришдан умидвор. Бироқ Саудия Арабистони Исроилнинг Ғазо ва босиб олинган Ғарбий соҳилдаги хатти-ҳаракатларини бир неча бор қоралади. Қолаверса, Фаластин давлатчилиги учун аниқ йўл харитаси яратилмагунча Исроил билан муносабатларни тикламаслигини қатъий таъкидлаб келмоқда (Исроилнинг ҳозирги ҳукумати эса бунга кескин қарши).

Халқаро инқирозлар гуруҳининг Форс кўрфази ва Арабистон ярим ороли минтақаси бўйича лойиҳа директори Ясмин Фарук ўзининг 20 июл кунги ҳисоботида Туркия, Покистон, Саудия Арабистони ҳамда Миср ўртасида мудофаа соҳасидаги яқинлашув — бу тўрт давлат машаққат билан англаб етган ҳақиқатнинг инъикоси эканини айтди.

«Бу мамлакатларнинг кўплаб расмийлари ҳали феврал ойи охирида, яъни АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумидан аввалроқ шу хулосага келиб бўлган эди. Бироқ уруш ва ундан кейинги Эроннинг жавоб зарбалари, хусусан, Форс кўрфазидаги араб давлатларига йўлланган ракета ва дрон ҳужумлари, қолаверса, Ҳурмуз бўғозининг ёпилиши бу жараёнга янги ва кучли туртки берди», — дейди эксперт.

Шунга қарамай, унинг таъкидлашича, Исроил ва АҚШдаги бир қатор таҳлилчилар ҳамда расмийлар мазкур давлатларнинг қўшма хавфсизлик ҳаракатларини «сунний давлатларнинг Исроилга ёки Исроил ва БААга қарши блоки» сифатида талқин қилмоқда.

Жорий йилнинг феврал ойида Қуддусдаги конференция чоғида Исроилнинг собиқ бош вазири Нафтали Беннет Туркияни «янги Эрон» деб атаган эди. Шунингдек, у Анқара Саудия Арабистонини Исроилга қарши қайрашга ҳамда Покистон билан биргаликда суннийлар ўқини яратишга уринаётганини иддао қилган.

 

Teglar

Mavzuga oid