«Ўзбекистоннинг Қўштепа каналини баҳс остига қўйиш учун асослари етарли эмас» — Афғонистоннинг собиқ вазири
Афғонистон Амударёдан сув оладиган 290 километрлик канал қурмоқда. Ушбу лойиҳа минтақада сув ресурсларининг амалдаги тақсимотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дарёнинг қуйи оқимида суғориладиган ерларга етказилган сувнинг атиги ярмига яқини етиб боради. Қолган сув тупроқ каналлар орқали сизиб кетиши ва буғланиш оқибатида йўқолади. Энг мураккаб вазият Ўзбекистоннинг Хоразм ва Қорақалпоғистон, Туркманистоннинг Дашоғуз ҳудудларида кузатилмоқда.
© ritmeurasia.ruАфғонистон ҳудудида Қўштепа каналининг қурилиши сўнгги йилларда Марказий Осиёда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди. Айримлар бу лойиҳани бутун минтақа учун сув хавфсизлигига таҳдид деб баҳоласа, бошқалар Афғонистоннинг Амударё сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича қонуний ҳуқуқини амалга ошираётганини таъкидламоқда.
Қўштепа канали ҳақида
Ушбу канал Амударёдан сув олиб, уни Афғонистоннинг ички ҳудудларига етказиб бериш учун мўлжалланган йирик гидротехник иншоот. Лойиҳага кўра, асосий каналнинг узунлиги 290 километр, сув олиш қисмидаги кенглиги 125 метр, чуқурлиги эса тахминан 8 метр бўлади. Қурилиш тугаллангач, Афғонистон қарийб 550 минг гектар янги қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштиришни режалаштирмоқда.
Лойиҳанинг тўлиқ ишлаши учун яна 500 километрдан ортиқ тақсимловчи каналлар қурилиши керак. Турли баҳоларга кўра, қурилиш қиймати 680 миллион доллардан 2 миллиард долларгача бўлиши мумкин. ОАВда Қўштепа кўпинча «Толибон» ҳаракати лойиҳаси сифатида тилга олинади. Бироқ канал қуриш ғояси «Толибон» ҳокимиятга келишидан анча олдин пайдо бўлган.
Афғонистоннинг собиқ Фавқулодда вазиятларни бошқариш вазири Нажиб Оға Фаҳимнинг айтишича, канал қуриш ҳақидаги гаплар бир неча ўн йиллардан бери давом этиб келган. Унинг сўзларига кўра, биринчи лойиҳа 1970-йилларда президент Муҳаммад Довуд даврида пайдо бўлган. Ғарб қўллаб-қувватлаган Афғонистон ҳукумати даврида, яъни 2001–2021-йилларда эса уни амалга ошириш деярли бошланган.
«Республика ҳокимияти ағдарилгандан кейин лойиҳа “Толибон”га мерос бўлиб қолди», — дейди Нажиб Оға Фаҳим.

Нега «Толибон» қурилишни бошлади?
2018-йилда Афғонистоннинг ғарбпараст ҳукумати мамлакат шимолий ҳудудларини Амударё сув ресурсларидан фойдаланиш орқали ўзлаштириш ғоясига яна қайтди. Бу мамлакат жанубида Ҳилманд дарёсида Камолхон тўғони ва суғориш тизими лойиҳаси амалга оширилаётган бир пайтга тўғри келди. Ўша вақтда ҳукумат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва мамлакатнинг озиқ-овқат импортига қарамлигини камайтиришни режалаштирган.
2018-йил декабрь ойида расмий Қобул лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун АҚШнинг AECOM муҳандислик компанияси билан шартнома тузди. Ишлар АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги — USAID томонидан молиялаштирилди.
2021-йил август ойида «Толибон» Қобул устидан назоратни ўрнатганида, канал лойиҳасига оид ҳужжатлар тўлиқ тайёр эди. AECOM муҳандислари Амударёда сув олиш жойини ҳам белгилаб бўлган эди. Янги ҳокимиятга эса маблағ топиш ва қурилишни бошлаш қолган.
Қўштепа канали лойиҳаси раҳбари Саид Забиҳулла Мирининг таъкидлашича, иншоот Амударё сув сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Унинг фикрича, дарёда, айниқса тошқинлар ва музликлар эриши натижасида сув кўпайган даврларда, сув миқдори катта бўлади.
«Қўштепа канали Амударё сув сатҳига сезиларли таъсир кўрсатмаслиги кутилмоқда, чунки дарё катта ҳажмда сув олиб келади», — дейди Мири.
Амударё суви учун баҳс
Қобул канал қурилиши қўшни давлатлар билан баҳсларга сабаб бўлиши мумкинлигини тан олмоқда. «Толибон» ҳокимиятга келишидан олдин ҳам Афғонистон ҳукумати Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрган.
Нажиб Оға Фаҳимнинг фикрича, ҳуқуқий нуқтаи назардан Ўзбекистон ва Туркманистоннинг лойиҳани баҳс остига қўйиш учун асослари етарли эмас. Унинг айтишича, Афғонистоннинг сувдан фойдаланиш ҳуқуқи тарихий келишувлар ва халқаро меъёрлар билан белгиланган. У 1958-йилда Афғонистон ва Совет Иттифоқи ўртасида тузилган келишувни мисол қилиб келтиради. Унда Амударё трансчегаравий дарё сифатида тан олинган. Фаҳимнинг сўзларига кўра, ҳужжат томонларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича тенг ҳуқуқларини назарда тутади.

СССР парчаланганидан кейин Марказий Осиё давлатлари 1992-йилдаги Олмаота келишуви орқали сув тақсимотининг совет давридаги тизимини сақлаб қолди. Унга кўра, давлатлар совет даврида белгиланган сув ресурсларидан фойдаланиш лимитларини сақлаб қолишга келишиб олган.
Амударёдан йиллик сув олиш квоталари қуйидагича тақсимланган:
Ўзбекистон — 48,2 фоиз;
Туркманистон — 35,8 фоиз;
Тожикистон — 15,4 фоиз;
Қирғизистон — 0,6 фоиз.
Афғонистон ушбу келишув иштирокчиси эмас.
Афғонистон қанча сув олиши мумкин?
Амударё Марказий Осиёнинг энг серсув дарёси ҳисобланади. Пянж билан биргаликда унинг узунлиги қарийб 2400 километр, йиллик сув оқими эса Нил дарёси оқимига яқин — тахминан 75 куб километр. Бир куб километр бир миллиард тонна сувга тенг.
Афғонистон томонининг таъкидлашича, Амударё ҳавзасидаги табиий сув оқимининг тахминан 30 фоизи Афғонистон ҳудудида шаклланади. Сўнгги 30 йиллик ўртача кўрсаткич ҳисобга олинса, бу йилига тахминан 21–23 куб километр сув дегани.
Қўштепа канали орқали Афғонистон ҳар йили 6–10 куб километр сувдан фойдаланишни режалаштирмоқда. Нажиб Оға Фаҳимнинг фикрича, Қўштепа лойиҳаси максимал қувватда ишлаган тақдирда ҳам олинадиган сув миқдори Амударёнинг умумий оқимининг 12 фоизидан ошмайди. Бироқ экспертлар ҳатто сув ресурсларининг 10–12 фоизга қисқариши ҳам Амударёнинг қуйи оқимидаги давлатлар учун жиддий синов бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Чунки Ўзбекистон ва Туркманистоннинг қишлоқ хўжалиги Амударё сувига катта даражада боғлиқ.
Ўзбекистон қарама-қаршилик ўрнига музокараларни танлади
Ижтимоий тармоқлар ва ОАВдаги хавотирли прогнозларга қарамай, расмий Тошкент канал қурилишига нисбатан кескин муносабат билдиришдан воз кечди. 2025-йил баҳорида Ўзбекистон ва Афғонистон Амударё ҳавзасининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича келишув имзолади. Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Тошкент Афғонистонни Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган қўшни давлат сифатида кўришини айтди.

«Очиқ айтадиган бўлсак, афғонлар — бизга қариндош. Уларнинг ҳам Амударёдан сув олиш ҳуқуқи бор. Ҳозир интернетда “Қўштепа қуриляпти, нимадир бўляпти...” деган гаплар ёзилмоқда. Биз қўлимизга қурол олиб, урушга боришимиз керакми? Йўқ. Биз муносабатларни йўлга қўйяпмиз, мулоқот олиб боряпмиз», — деган Ҳамроев.
Унинг айтишича, сув тақсимоти билан боғлиқ масалалар музокаралар, ҳужжатлар ва давлатлар ўртасидаги ишчи алоқалар орқали ҳал қилиниши керак.
Асосий муаммо — сувнинг йўқотилиши
Сўнгги 30 йилда Амударёнинг сув оқими тахминан 12 фоизга камайган. Бироқ бу пасайиш бир неча ўн йил давомида аста-секин содир бўлган. Қўштепа канали тўлиқ қувватда ишлай бошласа, сув миқдорининг қисқариши анча тезлашиши мумкин.
Шу билан бирга, экспертлар минтақадаги сув танқислиги муаммоси фақат Афғонистоннинг янги лойиҳаси билан боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда. Асосий хавфлардан бири — мавжуд суғориш тизимидаги сув йўқотишлари.
Лондонда жойлашган «Central Asia Due Diligence» таҳлилий ташкилоти директори Алишер Илҳомовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Бироқ инфратузилманинг ҳолати сабаб сувнинг катта қисми якуний истеъмолчиларга етиб бормайди.
«Мамлакатимизда ва эҳтимол, Туркманистонда ҳам қишлоқ хўжалиги умумий сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилади. Аммо бу сувнинг барчаси фермерларга етиб бормайди. Чунки суғориш каналларининг 65 фоизида бетон қоплама йўқ. Ҳисоб-китобларга кўра, сув ресурсларининг тахминан 36 фоизи шунчаки ерга сингиб кетади», — дейди Илҳомов.
Унинг сўзларига кўра, кўплаб каналлар қониқарсиз ҳолатда ва уларни реконструкция қилиш зарур.
Эски суғориш тизимлари миллиардлаб куб метр сувни йўқотмоқда
Ўзбекистон ва Туркманистон Амударё сувидан магистрал каналлар ва насос станцияларининг кенг тармоғи орқали фойдаланади. Икки давлатдаги магистрал каналларнинг умумий узунлиги 2500 километрдан ошади. Барча суғориш тармоқларининг узунлиги эса анча катта: Ўзбекистонда 182 минг километрдан зиёд, Туркманистонда эса қарийб 39 минг километр.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Амударёнинг қуйи оқимида суғориладиган ерларга етказилган сувнинг атиги ярмига яқини етиб боради. Қолган сув тупроқ каналлар орқали сизиб кетиши ва буғланиш оқибатида йўқолади. Энг мураккаб вазият Ўзбекистоннинг Хоразм ва Қорақалпоғистон, Туркманистоннинг Дашоғуз ҳудудларида кузатилмоқда. Жаҳон банки сув йўқотишларининг сабабларидан бири сифатида суғориш инфратузилмасининг эскиргани ва каналлар сифатининг пастлигини кўрсатади. Ўзбекистонда каналларнинг тахминан 30 фоизи, Туркманистонда эса 20 фоизга яқини қаттиқ қопламага эга.
Жаҳон банки баҳосида Туркманистондаги Қорақум магистрал канали мисол сифатида келтирилади. 1967-йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу канал бугун Амударёдан олинаётган сувнинг атиги ярмини етказиб бермоқда. Қорақум канали орқали ҳар йили 12 куб километргача сув ўтказилади. Бу Амударё оқимининг тахминан бешдан бир қисмига тенг. Экологлар бундай иншоотларни модернизация қилиш минтақадаги асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблайди.
Туркманистонлик эколог ва ҳуқуқ ҳимоячиси Фарид Тухбатуллиннинг айтишича, бутун сув етказиб бериш тизими янгиланмаса, фақат битта йирик канални реконструкция қилиш муаммони ҳал қилмайди.
«Бу каналга кўпроқ сув етказилиши ва унда сувнинг кўпроқ сақланиши сувнинг далаларга ҳам тўлиқ етиб боришини англатмайди. Биринчи ва иккинчи даражали каналларни ҳам шундай тарзда таъмирлаш керак. Уларнинг кўпчилиги анчадан бери реконструкция қилинмаган ва тозаланмаган», — дейди Тухбатуллин.
Ўзбекистон сув истеъмолини қандай камайтирмоқда?
Сув ресурслари танқислиги кучайиши фонида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва сув сарфини камайтиришга қаратилган технологияларни жорий этишни бошлади. Асосий йўналишлардан бири қишлоқ хўжалигида кластер тизимини жорий этиш бўлди. Бу тизим хомашё ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар ва етказиб берувчиларни ягона ишлаб чиқариш занжирига бирлаштиришни назарда тутади. Ҳукумат бундай модел инвестицияларни жалб қилиш, замонавий суғориш усуллари ва сув тежовчи технологияларни жадал жорий этиш имконини беради, деб ҳисоблаган.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда бундай тизимлар 2,6 миллион гектар суғориладиган ерда, яъни умумий майдоннинг қарийб 60 фоизида қўлланмоқда. Ҳукуматнинг маълум қилишича, 2025-йилда ушбу технологиялар ёрдамида тахминан 2 куб километр сув тежалган. Бироқ экспертлар фақат техник чораларнинг ўзи етарли эмас, деб ҳисоблайди.
Алишер Илҳомовнинг фикрича, муаммо нафақат сувни етказиб бериш усулларида, балки қишлоқ хўжалигининг ўзидаги тизимда ҳам. Унинг айтишича, фермерлар, айниқса пахтачиликда ишловчилар, экин турларини танлаш ва ердан фойдаланиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш имконияти чекланган.
«Айниқса пахтачилик соҳасида фермерлар ҳозир ҳам қарам ҳолатда. Марказлашган маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиёти босими остида. Улар ўз ерини мустақил тасарруф этиш, қайси экинларни экишни ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас», — дейди Илҳомов.
Унинг фикрича, маъмурий усуллар ўрнига фермерлар сув истеъмолини камайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишдан ўзлари манфаатдор бўладиган иқтисодий шароитларни яратиш зарур. Экспертнинг айтишича, ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар яқин 2–3 йил ичида юзага келиши мумкин бўлган инқирознинг олдини олиш учун етарли эмас.
Асосий кўрсаткич ўзгаришсиз қолмоқда
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар кўпайишига қарамай, Амударёдан олинаётган сув миқдори сезиларли даражада камаймаган. Дарё оқимининг катта қисми ҳануз қишлоқ хўжалигида ишлатилади, Орол денгизига эса сувнинг жуда кичик қисми етиб боради.

Экспертлар Қўштепа канали минтақанинг мавжуд сув тизимига тушаётган босимни кучайтириши мумкин, аммо келажакдаги муаммоларнинг ягона сабаби айнан шу лойиҳа эмаслигини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, сувдан қанчалик самарали фойдаланиш Қўштепа канали ишга тушганидан кейинги оқибатларни белгилаб берадиган асосий омил бўлади.
Қўштепа лойиҳасининг ўзи ҳам тўлиқ қувватда ишлашидан олдин техник муаммоларга дуч келган. 2023-йил охирида сунъий йўлдош тасвирларида қурилаётган каналнинг бир қисмида сув сизиб чиққани аниқланган. Оқибатда сув қарийб 30 квадрат километр майдонга тарқалган. Бу ҳодиса қурилиш сифати ва Афғонистон томонидан мураккаб гидротехник иншоотни ишончли бошқариш имконияти ҳақида қўшимча саволларни юзага келтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё давлатлари суғориш мавсумида Амударё ва Сирдарёдан қанча сув ишлатиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.





