АҚШ Эронда стратегик объектларга зарба беришни режалаштирмоқда

Kecha 21:113 daqiqa

АҚШ маъмурияти Эронга қарши тўлиқ масштабли уруш эмас, балки чекланган операциялар орқали босим ўтказиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

АҚШ Эронда стратегик объектларга зарба беришни режалаштирмоқда

Дипломатик алоқалар тўхтаб қолган бир пайтда, Пентагонда махфий равишда сўнгги ўн йил ичидаги энг хавфли ҳарбий режа устида иш олиб борилмоқда. Мудофаа вазирлигидаги манбаларга кўра, Трамп маъмурияти Эрон ҳудудига қуруқликдан қўшин киритиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

Гап 2003-йилдаги каби кенг кўламли босқин ҳақида кетмаяпти — Эроннинг 1,6 миллион квадрат километрлик ҳудуди ҳамда Загрос ва Элбурс тоғ тизмалари мамлакатни тўлиқ босиб олишни логистик жиҳатдан мушкул вазифага айлантиради. Фақат Теҳронни қўлга киритиш учунгина 600 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи талаб этилади. Шу сабабли, АҚШ бутун давлатни эгаллаш эмас, балки фақат энг муҳим нуқталарга аниқ ва тезкор зарба бериш режасини ўйлаб кўрмоқда.

1

I сценарий: Харк оролига ҳужум — «Иқтисодий бўғиш»

Харк ороли Эрон иқтисодиётининг «шоҳ томири» ҳисобланади. Форс кўрфазидаги ушбу миттигина ҳудуд орқали мамлакат хом нефт экспортининг 90 фоизи ўтади. Оролни эгаллаш орқали АҚШ Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) молиявий оқимларини бутунлай фалаж қилишга эришади. 13-март куни АҚШ оролдаги ҳарбий объектларга зарбалар берди, бироқ нефт инфратузилмасига атайлаб зарар етказмади.

Оролнинг қўлга киритилиши Вашингтонга Эроннинг иқтисодий «жўмраги»ни ўз назоратида ушлаб туриш имконини беради. Бироқ ушбу махсус амалиёт Пентагон учун катта таваккалчиликлар билан боғлиқ. Орол материкдан бор-йўғи 25 км узоқликда жойлашган. Бу дегани, у ерда Америка аскарлари Эрон ракеталари ва дронлари учун доимий нишонга айланади. Бундан ташқари, Теҳрон оролга борувчи қувурларни шунчаки ёпиб қўйиши мумкин. Бу эса оролнинг эгалланишини иқтисодий жиҳатдан маъносиз қилиб қўяди.

2

II сценарий: Ҳўрмуз бўғозига ҳужум

Эрон бўғозни амалда тўсиб қўйганидан сўнг, глобал кема қатнови 70 фоизга қисқарди. «Brent» маркали нефт нархи бир баррел учун 112–120 долларгача кўтарилди.

Пентагон Жаск портига (Ўмон кўрфази) денгиз пиёдаларини тушириб, шимол томон — Бандар-Аббос йўналишида ҳаракатланиш режасини кўриб чиқиши мумкин. Ушбу операциядан кўзланган асосий мақсад — юк танкерлари хавфсизлигига таҳдид солаётган ракета тизимлари, денгиз минаси омборлари ва патрул катери базаларини зарарсизлантиришдан иборат бўлади.

Пентагон учун бу энг мақбул ҳарбий сценарий бўлиб кўринса-да, бу каби ҳар қандай амалиёт қуролли тўқнашувлар кўламининг назоратдан чиқиб кетишига ва вазиятнинг кескинлашиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

III сценарий: Исфахондаги «уран ови»

Бу Пентагонда «тарихдаги энг буюк махсус амалиёт» деб аталаётган улкан ва хавфли режадир. Гап Эроннинг уран захираларини қўлга киритиш ёки зарарсизлантириш ҳақида бормоқда.

Эронда 60 фоизгача бойитилган тахминан 450 кг уран мавжуд. Бу тахминан 11 та ядровий заряд яратиш учун етарли. Хом ашё Исфахон остидаги чуқур туннелларда яширилган.

3

«Делта» гуруҳи ва денгиз пиёдаларининг элита бўлинмаларидан ташкил топган 1000 кишилик қўшин муҳандислар ҳамда ядровий соҳа мутахассислари ҳамроҳлигида туннеллардаги уранни қўлга киритиш учун йўлга чиқиши мумкин.

Бундай вазиятда Вашингтон танлов қаршисида қолади: уранни олиб чиқиб кетиш ёки унинг концентрациясини шу ернинг ўзида пасайтириш.

Аммо уранни йўқ қилиш учун Америка махсус кучлари аввало радиоактив материалнинг аниқ манзилини аниқлаши лозим. Ҳатто АЭХА ҳам тўққиз ойдан бери ураннинг аниқ қаердалигини тасдиқлай олмаяпти. Туннелларга ёриб кириш учун оғир техника талаб этилади, бу эса кутилмаган ҳужум имкониятини йўққа чиқаради.

Кириш бор, чиқиш-чи?

Ғарб ҳарбий таҳлилчиларининг огоҳлантиришича, ҳар учта сценарийнинг ҳам битта заиф томони бор — чиқиш стратегиясининг йўқлиги.

Агар Харк оролини эгаллаш бир неча кунлик иш бўлса, уни тинимсиз артиллерия зарбалари остида ушлаб туриш ойлаб давом этиши мумкин.

Агар Исфахондаги рейд нотўғри разведка маълумотлари туфайли муваффақиятсизликка учраса, АҚШ душман ҳудуди ичкарисида шармандали қуруқлик жангига кириб қолади.

Шундай бўлса-да, Трамп маъмурияти учун тикилган гаров ҳаёт-мамот масаласига айланган. Оқ уй тийиб туриш сиёсати энди наф бермайди, Теҳроннинг ядровий амбицияларига чек қўйишнинг ягона йўли — хавфни қуруқликдаги амалиётлар бўйича мутахассислар ёрдамида жисмоний йўқ қилишдан иборат, деган хулосага келган кўринади.

Teglar

Mavzuga oid