Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш учун янги қоидалар ишлаб чиқди

Bugun 12:252 daqiqa

Эрон юк ташиш компаниялари ўз танкерларига Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишга рухсат бериш учун тўлдиришлари керак бўлган «Кема ҳақида маълумот декларацияси» лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжатда 40 дан ортиқ саволлар мавжуд.

Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш учун янги қоидалар ишлаб чиқди

Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш учун танкер эгаларини «Кема ҳақида маълумот декларацияси»ни тўлдиришга мажбур қилмоқчи. Бу ҳақда кеча, 7-май куни CNN ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга таяниб хабар берди.

40 дан ортиқ саволдан иборат мазкур «декларация»ни 5-май куни Эрон ҳукумати томонидан тузилган Форс кўрфази бўғози маъмурияти (PGSA) ишлаб чиққан. Ҳужжатда, жумладан, кема номи ва идентификация рақами, унинг аввалги номи, келиб чиққан мамлакати ва йўналиш манзилини кўрсатиш талаб қилинади. Шунингдек, кема эгалари, операторлари ва экипаж аъзоларининг фуқаролиги ҳақида маълумот тақдим этилиши лозим. Ташилаётган юк тўғрисидаги батафсил маълумот ҳам мажбурий ҳисобланади.


Ушбу маълумотларнинг барчаси кема Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишидан олдин PGSA электрон почтасига юборилиши керак.


«Нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот тақдим этилгани учун жавобгарлик тўлиқ ариза берувчи зиммасига юклатилади, келиб чиқадиган барча оқибатлар учун ҳам у жавоб беради», – дейилади ташкилот электрон хатида, у билан CNN танишган.
 

Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш учун ҳақ ундиришни режалаштираётгани ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас


CNN таъкидлашича, Теҳрон ҳукумати буни аввалроқ эҳтимолий даромад манбаи сифатида кўрган. Ушбу маблағлар АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган бомбардимонлардан кейин мамлакатни тиклашга йўналтирилиши мумкин. CNN маълумотига кўра, ҳозирда Эрон ҳар бир кемадан 2 миллион долларгача ҳақ ундириши мумкин.


Шу билан бирга, агар бундай тўловлар жорий этилса, АҚШ фуқаролари ва америкалик компанияларга уларни амалга ошириш тақиқланади.

«Эрон ҳукумати ёки Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш учун тўғридан тўғри ёки билвосита тўловларни амалга оширишга АҚШ жисмоний шахслари, жумладан америкалик молиявий муассасалар ёки АҚШ назоратидаги хорижий ташкилотларга рухсат берилмайди», – дея изоҳ берган мамлакат Молия вазирлиги.
 

АҚШ «Озодлик лойиҳаси» ёрдамида Эроннинг бўғоз устидан назоратини бузиш ниятида эди


АҚШ Эроннинг Ҳўрмуз бўғози устидан назоратини сусайтириш учун «Project Freedom» («Озодлик лойиҳаси») операциясини бошлашни режалаштирган эди. 4-май куни старт берилган ушбу операция доирасида америкалик ҳарбийлар Ҳўрмуз бўғозида тижорат кемаларига ҳамроҳлик қилиши керак эди.
Доналд Трамп америкалик кемаларга ҳужум қилинган тақдирда Эронга қарши жавоб чоралари кўрилишидан огоҳлантирди. Марко Рубио сўзларига кўра, гап «ҳужумкор эмас, балки мудофаа характеридаги операция» ҳақида кетмоқда. «Агар биринчи бўлиб бизга ўқ узишмаса, ҳеч қандай отишма бўлмайди», – дея тушунтирган АҚШ давлат котиби.


6-майга ўтар кечаси Доналд Трамп «Truth Social» ижтимоий тармоғида «Project Freedom» операцияси Эрон билан келишувни якунлаш ва имзолаш имкони бор-йўқлигини аниқлаш учун «қисқа муддатга тўхтатиб турилиши»ни ёзди. АҚШ президентининг айтишича, буни Покистон «ва бошқа давлатлар» сўраган.

Teglar

Mavzuga oid