Logo

Ҳафталик нархлар таҳлили: бозорда нарх-наво қандай?

Ўзбекистонда сабзавотлар ва гўшт нархи ошишда давом этаётган бир пайтда, мевалар нархи арзонлади. Сотилаётган гўштнинг энг қиммати Тошкентда, туман ва шаҳарлар кесимида эса Бектемир туманига тўғри келмоқда.

Ҳафталик нархлар таҳлили: бозорда нарх-наво қандай?

14-октябр ҳолатига бозорларда айрим сабзавотлар, хусусан, бодринг ва бақлажон нархи 1,7 фоизга ошди. Мевалар орасида эса аксинча, нархлар пасайган. Хусусан, лимон 4,5 фоиз, узум 1,8 фоиз ва олма 1 фоизга арзонлади.

Vaqt.uz Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини анъанавий тарзда ўрганиб боради.

Асосий маҳсулотлар

Кундалик харид қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархида сезиларли ўзгариш бўлмади. Кунгабоқар ёғининг литри 21 минг 482 сўм, пахта ёғиники эса 20 минг 286 сўмни ташкил этди. Ҳар икки маҳсулот нархи ҳафта давомида деярли ўзгармади.

Ун нархида ҳам барқарорлик сақланиб қолди. Биринчи навли уннинг килограмми 6 минг 250 сўм, олий навли ун эса 9 минг 363 сўмдан сотилмоқда. Биринчи навли ундан тайёрланган нон нархи ҳам 6 минг 294 сўм бўлиб, ўзгаришсиз қолди.

Бошқа маҳсулотлар орасида тухум нархи 0,4 фоизга ошди. Унинг 10 донаси 12 минг 395 сўмни ташкил этди.

Гуруч ва шакар эса бироз арзонлашди. Гуручнинг килограмми 14 минг 986 сўмга тушиб, нархи 0,1 фоизга пасайди. Шакар нархи эса 0,7 фоизга арзонлаб, килограмми 12 минг 502 сўмни ташкил этди.

1

Сабзавотлар

Бу ҳафта сабзавотлар нархи ҳам ошди. Хусусан, бодринг ва бақлажон энг кўп қимматлаб, ҳар икки маҳсулот нархи 1,7 фоизга кўтарилди. Натижада бодрингнинг килограмми 8 минг 224 сўмга, бақлажонники эса 5 минг 848 сўмга етди.

Картошка ва пиёз нархи ҳам ошди. Картошканинг килограмми 1,3 фоизга қимматлаб, 4 минг 790 сўмни, пиёз эса 0,3 фоизга ошиб, 2 минг 726 сўмни ташкил этди.

Помидор ва карам нархи ҳам кўтарилди. Помидорнинг килограмми 8 минг 491 сўмни, карамники эса 4 минг 133 сўмни ташкил этди. Булғор қалампири нархи ҳам 1,2 фоизга кўтарилиб, 8 минг 615 сўмга етди.

Сабзавотлар орасида сабзи нархи пасайди. Унинг килограмми 1,8 фоизга арзонлаб, 5 минг 348 сўмни ташкил этди. Умуман, кузатилган даврда сабзавотларнинг аксарияти қимматлашди, сабзи эса арзонлаган.

2

Мевалар

Бу ҳафта ҳам мевалар нархи тушишда давом этмоқда. Жумладан, мевалар орасидаги энг катта нарх пасайиши лимонда кузатилди. Унинг килограмми 4,5 фоизга арзонлаб, 38 минг 208 сўмни ташкил этди. Бунга одатда иссиқхоналардан чиққан ҳосилнинг бозорга чиқиши ва таклифнинг кўпайиши таъсир қилган бўлиши мумкин. Олма нархи ҳам 1 фоизга тушиб, 11 минг 524 сўмни бўлди.

Узум ва нок нархлари эса турлича ўзгарди. Ўтган ҳафтада ҳар икки мева нархи 0,1 фоизга ошган бўлса, бу ҳафтада узум 1,8 фоизга, нок эса 0,2 фоизга арзонлади. Натижада узумнинг килограмми қарийб 12 минг сўмни, нокнинг нархи эса 18 минг сўмни ташкил этди.

Умуман олганда, жорий ҳафтада мевалар орасида энг катта нарх пасайиши лимонда кузатилди. Узум ва нок нархларининг ўтган ҳафтадаги кичик ўсишдан кейин пасайиши эса бозордаги талаб ва таклиф ўзгаришлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

3

Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қанча?

7–14-октябр ҳолатига гўшт маҳсулотлари нархи бироз қимматлашди. Ҳафта давомида мол гўшти ва қўй гўшти нархлари ҳам 0,1 фоизга ошди. Мол гўштининг 1 килограмми ўртача 125 минг 247 сўмни, қўй гўшти нархи эса 136 минг 865 сўмни ташкил қилди.

Мол гўшти нархларининг ҳудудлар кесимидаги ўртача кўрсаткичлари қуйидагича:

4

Мол гўштининг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилди. 14-октябр ҳолатига кўра, пойтахтда бир килограмм мол гўштининг ўртача нархи 134 минг 881 сўмни ташкил этди. Қорақалпоғистонда эса бу кўрсаткич 116 минг 245 сўм бўлди. Икки ҳудуд ўртасидаги фарқ 18 минг 636 сўмга етди.

Ҳафта давомида мол гўшти нархи энг кўп Тошкент шаҳрида ошди. Бир килограмм маҳсулот нархи 134 минг 65 сўмдан 134 минг 881 сўмга кўтарилиб, қарийб 800 сўмга қимматлади. Қорақалпоғистонда нарх 471 сўмга, Навоий вилоятида эса 314 сўмга ошди.

Айрим ҳудудларда ўсиш анча паст бўлди. Бухоро ва Самарқандда нарх 50 сўмга яқин қимматлашган бўлса, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ўзгаришсиз қолди.

Ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути ҳам сақланиб қолмоқда. 14-октябр ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистондаги нархлар фарқи 18 минг 636 сўмга етган. Яъни, Тошкент шаҳрида 1 килограмм мол гўшти Қорақалпоғистонга нисбатан қарийб 16 фоиз қимматроқ бўлган.

Туман ва шаҳарлар кесимида нархлар бир-биридан анча фарқ қилмоқда. Мол гўштининг энг юқори нархи Бектемир туманида қайд этилиб, бир килограмми 137 минг сўмни ташкил этди. Қўй гўштининг энг юқори ўртача нархи эса Марҳамат туманида кузатилди. Унинг бир килограмми 155 минг сўм бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сентябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида кузатилган ўзгаришларни ҳам таҳлил қилган эдик.

Teglar

null null

Zilola Xolto'rayevaMaqolalar soni: 47

Barchasi

Mavzuga oid