Logo

Жаҳон савдосида тўлиқ бензинли автомобилларнинг улуши илк бор 50 фоиздан пастга тушди

Kecha 20:453 daqiqa

Дунё бўйича электромобиллар савдосининг қарийб ярми тўғри келадиган Хитойда солиқ имтиёзлари қисқартирилганидан кейин уларнинг савдоси 3 фоизга камайди.

Жаҳон савдосида тўлиқ бензинли автомобилларнинг улуши илк бор 50 фоиздан пастга тушди © FreePik

Фақат бензинли автомобиллар илк бор жаҳон янги автомобиллар бозорининг ярмидан кам қисмини эгаллади: 2026-йилнинг январь–июнь ойларида уларнинг улуши савдоларнинг 49 фоизини ташкил этди. Бу ҳақда Nikkei илгари «S&P Global Mobility» номи билан фаолият юритган «Mobility Global» таҳлилий компанияси маълумотларига таяниб ёзди.

2021-йилда эса бензинли автомобилларнинг бозордаги улуши 73 фоиз эди.

2026-йилнинг биринчи ярмида дунё бўйича бензин двигателига эга 20,25 миллионта автомобиль сотилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга кам. Статистикада гибридлар ва бошқа электрлаштирилган автомобиллар, шунингдек, айрим оғир транспорт воситалари ҳисобга олинмаган. Nikkei ҳисоб-китобига кўра, бензинли автомобиллар улуши 50 фоиздан пастга автомобиллар 1920-йилларда кенг тарқала бошлаганидан бери илк бор тушган.

Шу билан бирга, электромобиллар савдоси 12 фоизга ошиб, 6,87 миллион донага етди. Уларнинг жаҳон бозоридаги улуши эса 17 фоизни ташкил этди. Айниқса, Европада савдо тез ўсди — 32 фоизга, яъни 1,81 миллионтагача. Nikkei Европа автомобил ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (ACEA) маълумотларига таяниб ёзишича, Европанинг 31 давлатида биринчи ярим йилликда электромобиллар савдоси илк бор бензинли автомобиллар савдосидан ошиб кетди. ACEA’нинг алоҳида статистикаси шуни кўрсатадики, фақат Европа Иттифоқининг ўзида электромобиллар январ–июн ойларида бозорнинг 20,7 фоизини эгаллаган, бензинли автомобиллар улуши эса 22,2 фоизгача камайган.

Дунё бўйича электромобиллар савдосининг қарийб ярми тўғри келадиган Хитойда эса солиқ имтиёзлари қисқартирилганидан кейин уларнинг савдоси 3 фоизга камайиб, 3,44 миллион донани ташкил этди. Шимолий Америкада АҚШдаги айрим қўллаб-қувватлаш чоралари бекор қилингани сабабли электромобиллар савдоси 15 фоизга тушди. Жануби-Шарқий Осиёда эса аксинча, савдо 81 фоизга ошиб, 350 мингта автомобил­га етди. Океанияда эса бу кўрсаткич икки баравардан кўпроқ ошиб, 110 минг донага етди.

Nikkei электромобилларга ўтиш жараёнининг тезлашишини бошқа омиллар қатори АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумларидан кейин нефт нархларининг ошиши билан ҳам боғлайди. Шу фонда биринчи ярим йилликда бензинли автомобиллар савдоси Хитойда 26 фоизга, Европада эса 13 фоизга камайди. Шу билан бирга, гибридларга бўлган талаб ҳам ошмоқда: уларнинг дунё бўйича савдоси 10 фоизга кўпайиб, 7,27 миллион донага етди, бозор улуши эса 18 фоизни ташкил этди.

Россияда электромобиллар ва ташқи қувват манбаидан зарядланадиган гибридлар савдоси 2026-йил ёзида икки баравардан кўпроққа ошди — 12,2 минг донадан 26,5 минг донагача. «The Insider» «Автостат» маълумотлари асосида ҳисоб-китоб қилиб, янги енгил автомобиллар савдосида уларнинг улуши 2025-йил ёзидаги 3,7 фоиздан бир йил ўтиб 7,5 фоизгача ошганини ёзди. Ўсиш Украина ҳужумларидан кейин Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларида бензин танқислиги юзага келган бир пайтда содир бўлди.

Шу билан бирга, Россияда бу сегментнинг катта қисмини ҳозирча тўлиқ электромобиллар эмас, балки ташқи қувват манбаидан зарядланадиган гибридлар ташкил этмоқда. 1-июл ҳолатига кўра, мамлакатда ушбу икки турдаги автомобилдан қарийб 230 мингта мавжуд бўлган: уларнинг 63 фоизини ташқи қувват манбаидан зарядланадиган гибридлар, 37 фоизини эса электромобиллар ташкил этган. Россияда сотилган электромобиллар ва ташқи қувват манбаидан зарядланадиган гибридларнинг аксарияти Хитойда ишлаб чиқарилган.

«Mobility Global» 2030-йилга бориб электромобиллар дунё бўйича ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг 30 фоиздан кўпроғини ташкил қилишини айтди. Компания прогноз­ига кўра, ўша пайтга бориб электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича ҳам гибридларни, ҳам фақат ички ёнув двигателига эга автомобилларни ортда қолдиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда бозорда ишлатилган машиналардан кўра янгилари кўпроқ сотилаётгани ҳақида ёзган эдик. Август ойида ишлатилган автомобиллар сотуви бир ойда 10 фоизга камайди.

Teglar

Mavzuga oid