«Milliy bank» ва «Solfy» платформаси ўзаро судлашмоқда
«Solfy» инвесторлари «Milliy bank» раиси томонидан таҳдидларга учрагани айтилмоқда.

2026 йил 24 феврал куни Лондонда жойлашган «Amsterdam & Partners» LLP «Milliy bank» ва «Solfy» платформаси ўртасида юзага келган шартномавий низода «Solfy» платформаси ҳамда унинг асосий инвестори Максим Полетаэв манфаатларини ҳимоя қилишини маълум қилди.
«Икки томон ўртасидаги бизнес муносабатларининг бузилиши ортидан жаноб Полетаэв ва унинг шериклари NBU вакиллари томонидан жиддий таҳдидларга дуч келишди», — дейилади «Amsterdam & Partners» маълумотларида.
«Amsterdam & Partners» LLP Лондон ва Вашингтонда жойлашган, сиёсий ва халқаро ҳимоя ишларига ихтисослашган юридик фирма ҳисобланади. Компания баёнотида иш тафсилотлари очиқланмаган.
Ҳозирча «Milliy bank» томонидан мазкур баёнотга расмий муносабат билдирилгани ҳақида маълумот берилмаган.
Маълумот учун: «Milliy bank» ва «Solfy» маълум давр мобайнида ҳамкорлик қилиб, «Solfy» содиқлик дастурини жорий этган эди. Икки томон ўртасидаги шериклик 2021 йилда бошланган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон бозори учун инновацион бўлиб-бўлиб тўлаш картасини ишга туширишдан иборат эди.
Лойиҳа ўзаро манфаатли, «win-win» тамойили асосида қурилган ҳамкорлик сифатида баҳоланган. Режага кўра, «Solfy» замонавий технологик ечимлар ва халқаро тажрибани тақдим этиши, «Milliy bank» эса маҳаллий инфратузилма, бозор шароити ва тартибга солиш масалаларида амалий кўмак кўрсатиши кутилган. Айни вақтда платформа номини «Сабзи»га ўзгартирилган ҳолда ишламоқда.





