«Навоийазот» ва «Халқ банки» расман Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилди

Bugun 16:392 daqiqa

Уларнинг ўрнига «SQB»нинг жамғармадаги улуши расмий равишда 10 фоизга оширилиб, 40 фоизга етказилди.

«Навоийазот» ва «Халқ банки» расман Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилди

2026-йил февраль ойида Президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди.

Унда Миллий инвестиция жамғармаси таркибига киритиладиган бир қанча ўзгаришлар ва режалаштирилаётган IPO ҳақида маълумот берилганди.

Миллий инвестиция жамғармаси президентнинг 2024-йилдаги қарори билан ташкил қилинган эди. 2025-йил якуни бўйича унинг таркибида 15 та давлат улуши мавжуд компания ва банклар бор эди. Bloomberg жамғармани қарийб 2 млрд долларга баҳолаганди.

Президент қарори билан рўйхатда 12 та давлат компанияси ва 1 та давлат банки қолиши белгиланганди.

Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган маълумотга кўра, жамғарма таркибидан 30 фоиз улушга эга «Халқ банки» ва 25 фоиз улуши мавжуд бўлган «Навоийазот» расман чиқарилди.

2025-йил кузида «Бизнесни ривожлантириш банки» (25 фоиз) ва «Микрокредитбанк» (40 фоиз) улушлари ҳам Миллий инвестиция жамғармасидан чиқарилган эди.

Бу икки банк ўрнига «Саноатқурилишбанк»нинг 30 фоизи ўтказилган эди. Бу банкнинг жамғарма пакетидаги улуши ҳам расмий равишда 10 фоизга оширилиб, 40 фоизга етказилди.

Бошқа давлат банклари улуши бутунлай чиқарилиб, «SQB»нинг улуши кўпайтирилгани банкнинг инвесторлар учун қай даражада жозибадор экани билан боғлиқ.

«SQB» 2025-йилда «Миллий банк»дан атиги 39 млрд сўм камроқ фойда олиб, 1,9 трлн сўм билан Ўзбекистондаги иккинчи энг кўп соф фойда олган банкка айланган эди.

Таққослаш учун, «SQB»нинг ўтган йилдаги фойдаси «Халқ банки» (702,5 млрд сўм), «BRB» (503 млрд сўм) ва «Микрокредитбанк» (160,8 млрд сўм) соф фойдасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам 37,6 фоизга кўпроқ.

IPO қай тарзда ўтказилади?

Bloomberg хабарига кўра, Ўзбекистон ҳукумати Миллий инвестиция жамғармаси IPO’сини Тошкент ва Лондонда dual listing кўринишида икки томонлама амалга оширмоқчи. Аммо бу бўйича расмий маълумот берилгани йўқ.

IPO жараёни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда жамғарманинг ишончли бошқарувчиси — «Franklin Templeton Asset Management» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Teglar