Мирзиёева «блатной»ларни тийиб қўйишни буюрди, Шерзод Хўжаев қайтди, Каримовага нисбатан суд тўхтатилди, асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uzъда яна бир бор эсга оламиз.
Шерзод Хўжаев Энергетика вазири лавозимига тайинланди
Якунланаётган ҳафта Ўзбекистон энергетика тизимида муҳим кадрлар ўзгаришлари ва кескин танқидлар билан ёдда қолди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида тармоқ фаолияти атрофлича таҳлил қилиниб, сўнгги йилларда соҳага миллиардлаб доллар инвестиция жалб этилганига қарамай, электр тармоқларидаги йўқотишлар, дебитор қарздорлик ва бошқарувдаги камчиликлар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Давлат раҳбари муаммо маблағда эмас, балки тизим бошқаруви ва ижро интизомида эканини алоҳида таъкидлади.
Танқидлар ортидан қатор кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинди. Аввалига Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига энергетика тизимида кўп йиллик тажрибага эга Шерзод Хўжаев Энергетика вазири этиб тайинланди.
Орадан кўп вақт ўтмай, 29 июль куни Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яшаш манзилидан олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шунингдек, тизимдаги жиддий камчиликлар сабаб «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси раҳбари ҳам лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Сардор Исақулов тайинланди. Шу тариқа, энергетика соҳасида бошқарувни кучайтириш ва натижадорликни оширишга қаратилган янги босқич бошланди.
Мирзиёева прокурорга «блатной»ларни тийиб қўйишга чақирди
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳар прокурорига пойтахтдаги аҳоли фойдаланадиган ҳудудлар, болалар майдончалари ва яшил ҳудудларнинг ноқонуний эгалланиши ҳолатларини тўлиқ хатловдан ўтказиш бўйича топшириқ берди.
Унинг таъкидлашича, айрим ҳудудларда аҳоли фойдаланиб келган яшил ҳудудлар ва жамоат жойлари йўқ қилинмоқда. Шу сабаб Тошкент бўйича бундай объектлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, қурилиш рухсатномаларининг қонунийлиги ва шаҳарсозлик талаблари текширилади.
Унинг таъкидлашича, пойтахтда қурилишлар туфайли умумий ҳовлилар, болалар ва спорт майдончалари йўқ қилинишига оид мурожаатлар кўпайган.
Қонунбузарлик аниқланган тақдирда, масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Давлатлараро кенгаш тузилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлди. Чўлпонотада Президент Садир Жапаров билан ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда энергетика, логистика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари очилиши ва Давлатлараро кенгаш ташкил этилиши маълум қилинди.
Давлат ташрифининг энг ёрқин воқеаларидан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — I даражали «Манас» ордени билан тақдирлангани бўлди. Мукофотни давлатимиз раҳбарига Президент Садир Жапаров топширди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан ушбу мамлакатга келди. Президент Остона шаҳрида ўтказилган «Келажак ўйинлари» учинчи халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Шунингдек, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари Қирғизистондаги илк халқаро тоифадаги гольф клубига ташриф буюрдилар.
Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёни тўхтатилди
Якунланаётган ҳафта Швейцария суди Ўзбекистон билан боғлиқ пул ювиш иши бўйича «Lombard Odier» банкини жаримага тортди.
Шу билан Ўзбекистоннинг биринчи Президенти қизи Гулнора Каримовага нисбатан суд жараёни тўхтатилди. Швейцария прокуратураси Каримовани пора олишда ва «Офис» деб аталган жиноий гуруҳни бошқаришда айблаган эди.
Швейцария суди «Lombard Odier» хусусий банкини пул ювишнинг олдини олиш бўйича етарли чоралар кўрмагани учун 3 миллион Швейцария франки, яъни тахминан 3,68 миллион доллар миқдорида жаримага тортди.
Терговчиларнинг фикрича, мазкур гуруҳ 2005–2013 йиллар оралиғида юзлаб миллион доллар ноқонуний маблағларни Швейцариядаги банк ҳисобларига ўтказган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Каримова дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлган.
Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари 8 йилдан ортиқ муддатга қамалди
Бу ҳафта Президент томонидан лавозимидан олинганидан қарийб олти ой ўтиб, Солиқ қўмитаси раиси собиқ биринчи ўринбосари Мурод Мирзаевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Шайхонтоҳур туман суди уни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ҳамда ҳокимият ҳаракатсизлиги билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топиб, 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, унга уч йил давомида айрим лавозимларда ишлаш тақиқланди.
Мазкур иш доирасида яна тўққиз нафар айбланувчи ҳам турли иқтисодий ва мансабдорлик жиноятлари бўйича айбдор деб топилиб, уларга 4 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланди. Қайд этилишича, тайинланган жазолар қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган кундан бошлаб ҳисобланади.
«Better Best» 2,2 миллиард сўмлик жаримага тортилди
Июль ойи бошида Тошкентда қурилиш ишлари вақтида канализация қувурига шикаст етказилиши оқибатида «Салар» каналига қарийб 64 минг куб метр оқова сув ноқонуний равишда оқизилгани маълум бўлган эди.
Бу ҳафта мазкур ҳолат юзасидан йирик экологик товон пули белгиланди.
Гап Яккасарой туманида «Better Best» компанияси қураётган кўп қаватли турар жой мажмуаси ҳақида бормоқда. Канализация қувуридаги авариядан кейин қурилиш майдонида тўпланган оқова сув махсус насослар орқали тўғридан-тўғри «Салар» каналига оқизилгани аниқланган. Лаборатория таҳлиллари сув ва тупроқ таркибидаги зарарли моддалар меъёрдан бир неча баробар юқори эканини кўрсатди.
Шу асосда қурилиш компаниясига табиатга етказилган зарар учун 2 миллиард 220 миллион сўмдан ортиқ компенсация тўлаш мажбурияти юклатилди. Бу сўнгги вақтларда экологик қонунчиликни бузган қурилиш компанияларига нисбатан қўлланган энг йирик молиявий чоралардан бири бўлди.
179 миллионлик бекатлар: талабга жавоб берадими?
Тошкентда янги автобус бекатлари қурилиши атрофидаги баҳслар ҳали ҳам муҳокама марказида. Бу ҳафта уларнинг ҳақиқий қиймати ва молиялаштириш манбаларига ойдинлик киритилди.
28 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида бекатлар нима учун айнан «EWI SNACKS» компаниясига топширилгани, ҳар бир бекат учун қанча маблағ сарфланиши ва лойиҳа қайси манбалар ҳисобидан амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Маълум қилинишича, биринчи босқичда инвестор ўз маблағлари ҳисобидан 240 та замонавий бекат ўрнатади. Улардан ярми даромадли ҳудудларга, қолган қисми эса ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларга жойлаштирилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, рекламасиз бекатнинг ўртача қиймати 42 миллион сўм, рекламали бекатлар эса 114 миллиондан 178 миллион сўмгача баҳоланган. Лойиҳа шаҳар бюджети ҳисобидан эмас, инвестор маблағлари асосида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда ўзгаришсиз қолдирди
Ўтаётган ҳафта Марказий банк иқтисодиёт учун муҳим қарорлардан бирини эълон қилди. Регулятор инфляциядаги қисқа муддатли ўсишга қарамай, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Марказий банк маълумотига кўра, июнь ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни ташкил этган. Бунга асосан энергия ресурслари ва кўмир нархларининг қимматлашуви таъсир кўрсатган. Шунга қарамай, регулятор йил якунида инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланишини прогноз қилмоқда.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиёти жорий йилда 7,5–8 фоиз суръатларда ўсиши кутилаётгани қайд этилди. Марказий банкнинг таъкидлашича, амалдаги пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолишга қаратилган.
Асосий ставка бўйича навбатдаги қарор сентябрь ойида қабул қилинади.





