Нефт нархи ўсиши криптобозорда йирик ликвидацияга сабаб бўлди

Нефт нархи кескин қимматлашгач, нефт арзонлашади деб тиккан криптобозор трейдерлари миллионлаб долларлик позицияларидан айрилди.

Нефт нархи ўсиши криптобозорда йирик ликвидацияга сабаб бўлди

Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинлашув ортидан нефть нархининг тарихий сакраши криптовалюта платформаларида йирик ликвидацияларга сабаб бўлди. Hyperliquid биржасида нефтга боғланган токенлаштирилган фьючерс шартномалари бўйича қарийб 40 млн долларлик позициялар ёпилди. Уларнинг 36,9 млн доллари нефть арзонлашади деб тиккан қисқа (short) позициялар ҳиссасига тўғри келди.

Coinglass маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида нефт нархи тахминан 30 фоизга ошган. Бу эса нефт нархи тушади деб ҳисоблаган трейдерларнинг катта йўқотишларга учрашига олиб келди. Hyperliquid платформасидаги CL-USDC нефть контракти 114,77 долларгача кўтарилди. Бу бир сутка ичида қарийб 20 фоизлик ўсишни англатади.

Шу билан бирга, USOIL-USDH савдо жуфтлиги 135 долларга етди. Бу ҳам бир кунда тахминан 9 фоизлик ўсишни кўрсатди. Нефт бозоридаги бу кескин ҳаракат бошқа товар бозорларини ҳам ортда қолдирди. Brent ва WTI маркали нефт нархлари 2022 йилда Россиянинг Украинага босқинидан кейин кузатилган даражаларга яқинлашди.

Нархлар ўсишининг асосий сабаби Яқин Шарқдаги сиёсий-ҳарбий вазиятнинг кескин ёмонлашуви бўлди. Эронда Мужтаба Хоманаий янги олий раҳбар сифатида тайинланди. Шу билан бирга, Исроил Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасига янги зарбалар берди.

Можаро минтақада янада кенгайиб, Эрон томонидан учирилган ракеталар ва дронлар Саудия Арабистони ва Баҳрайн ҳудудларига ҳам зарба берди. Риёд яқинида икки киши ҳалок бўлди ва энергетика инфратузилмалари нишонга олинди. Ироқда нефт ишлаб чиқариш ҳажми тахминан 60 фоизга қисқарди.

Шу билан бирга, Кувайт ва БАА ҳам ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлди, Ормуз бўғози орқали танкер ҳаракати кескин камайди.

Натижада нефтга қарши позиция олган трейдерлар катта зарар кўрди. Hyperliquid биржасидаги нефт шартномалари биткоин ва эфирдан ташқари энг йирик ликвидация воқеаларидан бирига айланди.

Teglar

Mavzuga oid