Logo

Ўзбекистоннинг 12 та стартапи октябрда $1,5 млндан ортиқ инвестиция жалб қилди

Kecha 21:103 daqiqa

«Delever», «Bigmart» ва «CoreAI» октябрь ойида энг кўп инвестиция жалб қилган стартаплар қаторига кирди. Бу ойда Ўзбекистон стартапларига етти инвестор маблағ киритган.

Ўзбекистоннинг 12 та стартапи октябрда $1,5 млндан ортиқ инвестиция жалб қилди © Teranews

Октябрь ойида Ўзбекистондаги 12 та стартап етти инвестордан жами $1,5 млндан ортиқ маблағ жалб қилди. Энг йирик инвестиция «Delever» компаниясига йўналтирилди. Энг кўп битимни эса «Yoshlar Ventures» амалга оширди.

«Stanbase» венчур маълумотлар платформаси маълумотларига кўра, октябрь ойидаги инвестицияларнинг катта қисми «Yoshlar Ventures» ҳиссасига тўғри келди. Фонд «UzCombinator» акселераторининг Demo Day тадбири якунлари бўйича еттита битимни ёпиб, стартапларга жами $575 минг йўналтирди.

Ойнинг энг йирик инвестиция битими «Delever» стартапи билан боғлиқ бўлди. Ресторанлар ва чакана савдо учун онлайн буюртмалар ҳамда етказиб беришни бошқариш платформаси $380 минг инвестиция жалб қилди. Шундан $300 мингини «AloqaVentures», $80 мингини «Nexus Club» киритди. «AloqaVentures» компанияга 2024 йилда ҳам $100 минг инвестиция киритган эди.

Бизнес учун корпоратив харидларни бирлаштирувчи «Bigmart» маркетплейси $300 минг маблағ жалб қилди. Инвестициянинг $200 минги «United Ventures», $100 минги «Imkon Ventures» ҳиссасига тўғри келди.

Сунъий интеллект инфратузилмаси билан шуғулланувчи «CoreAI» $200 минг инвестиция олди. Маблағни «Yoshlar Ventures» киритди. Компания бизнесларга генератив сунъий интеллектни жорий этиш, нейротармоқлар учун сервер қувватларини ижарага бериш ва AI моделларини мослаштириш хизматларини таклиф қилади.

Ходимларнинг иш вақтини ҳисобга олишга ихтисослашган «TimePay» стартапи ҳам «Yoshlar Ventures»дан $165 минг жалб қилди. Компания маълумотларига кўра, унинг хизматларидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги 800 дан ортиқ мижоз фойдаланади.

Логистика соҳасида фаолият юритувчи «Tezbor» стартапи «CS//Angels» бизнес-фаришталар клубидан $150 минг инвестиция олди. Компания сунъий интеллект асосидаги «охирги миля» етказиб бериш платформасини ишлаб чиқади. Ушбу стартап сентябрь ойида «IT Park Ventures»дан ҳам $100 минг жалб қилган эди.

«CS//Angels» шунингдек, савдо ва мижозларни қўллаб-қувватлаш жараёнларини автоматлаштирувчи «Reveo» лойиҳасига $60 минг, болалар ва ота-оналар учун мўлжалланган «Oyna» иловасига эса $45 минг инвестиция киритди.

Қурилиш соҳаси учун рақамли платформани ишлаб чиқаётган «Binova» «Yoshlar Ventures»дан $50 минг олди. Ушбу сервис буюртмачиларни қурилиш материаллари етказиб берувчилар, пудратчилар ва техника ижараси билан шуғулланувчи компаниялар билан боғлайди.

«Yoshlar Ventures» яна тўртта стартапга $40 мингдан инвестиция киритди. Улар — «Hamroh IO» иш столи учун режалаштириш дастури, интерьер дизайнига ихтисослашган «Mimoram AI», ўзбек нутқини автоматик таниб, субтитрлар яратувчи «Jilo AI» ҳамда тупроқ таҳлили асосида фермерларга тавсиялар берувчи «SpaceAgro» платформаларидир.

1



Бундан ташқари, октябрь ойида яна икки битим амалга оширилган, аммо улар умумий инвестиция ҳажмига киритилмаган.

Жумладан, «Nexus Club» «Bito ERP» компаниясидаги «Startup Garage» акселераторига тегишли улушни $46 мингга сотиб олган. Бу иккиламчи битим бўлиб, маблағ компаниянинг ўзига эмас, улушни сотган томонга йўналтирилган.

Шунингдек, «DOMiNO Ventures» Қозоғистоннинг «Paidax» финтех стартапига инвестиция киритишини эълон қилган, аммо маблағ миқдори очиқланмаган.

Қайд этиш керакки, келтирилган кўрсаткичлар «Stanbase» платформасига тақдим этилган ва очиқ эълон қилинган битимларга асосланади. Улар октябрь ойидаги барча инвестицияларнинг тўлиқ ҳажмини акс эттирмаслиги мумкин.

Teglar

Mavzuga oid