Зойир Мирзаев амфитеатрни таъмирлашга 7 млрд сўм сарфламоқчи
Маблағлар вилоят бюджетининг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ишлатилади. Андижон ҳокими эса Тошкентдаги тадбирни юқори савияда ўтказишга 600 млн сўм ажратди.
© Foto: Toshkent viloyati hokimligiТошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳрининг «Янги Ўзбекистон боғи» ҳудудидаги амфитеатр биносини мукаммал қилиб таъмирлаш учун 7 миллиард сўм ажратди.
16-ноябр куни Мирзаев имзоси билан тасдиқланган ҳокимлик фармойишига кўра, пуллар вилоят бюджетининг II чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан «Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси» ДУК ҳисоб рақамига ўтказилади.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса 2026-йил 25–27-ноябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркаси, унинг доирасидаги Биринчи туризм соҳасидаги халқаро инвестиция форуми ҳамда БМТ Туризм ташкилотининг «2027-йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили»нинг тантанали очилиш маросимида Андижон вилояти делегациясининг юқори савияда иштирокини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят бюджетининг 2026 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан 602 миллион 704 минг 800 сўм ажратди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хива шаҳар ҳокимлиги гул харид қилиш, ижтимоий ҳимоя, маҳалла биносини янгидан қуриш ва бошқа масалалар учун бюджетдан умумий ҳисобда 2 млрд 230 млн сўм, Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўлларни таъмирлашга 2,6 млрд сўмдан ортиқ пул ажратганди.





