Ўзбекистоннинг қўшнилари билан савдоси қандай ўзгарди?
Ўзбекистоннинг етти ойлик ташқи савдоси 49,5 млрд долларга етди. Шундан 5,4 млрд долларлик савдо Марказий Осиёдаги тўрт қўшни давлатга тўғри келган. Улар орасида Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, минтақадаги савдонинг 61 фоизини ташкил этган.
© Asia-Plus2026-йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдоси 5,4 млрд долларга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,2 фоизга кўп бўлиб, мамлакат умумий ташқи савдосининг 10,9 фоизига тенг.
Савдо таркибида экспорт 2 млрд долларни, импорт эса 3,4 млрд долларни ташкил қилган. Экспортнинг 34,5 фоизга, импортнинг эса 24,8 фоизга ўсиши минтақа давлатлари билан савдо алоқалари кенгаяётганини кўрсатади.

Manba: Vaqt. uz
Айниқса, сўнгги уч йилда савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. 2024-йилнинг июлида Марказий Осиё давлатларидан импорт 2,45 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2026-йилнинг июлига келиб бу кўрсаткич 3,38 млрд долларга етган. Яъни икки йил ичида импорт қарийб 38 фоизга ошган.
Экспортда эса ўсиш суръати янада юқори бўлди. Сўнгги 3 йилда экспорт ҳажми 2 млрд долларга етиб, 41,4 фоизга кўпайган. Демак, экспорт фоизларда импортга қараганда тезроқ ўсган.
Аммо экспорт ҳажми ҳали ҳам импортдан анча паст. 2024-йилда импорт ва экспорт ўртасидаги фарқ 1,04 млрд доллар бўлган бўлса, 2026-йилга келиб бу тафовут 1,38 млрд долларга кенгайган.
Қозоғистон ва Туркманистонда импорт устун
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо ҳамкори Қозоғистон бўлиб қолмоқда. 2026-йил январ–июл ойларида икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 3,3 млрд долларни ташкил этган. Бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги тўрт қўшни давлат билан жами савдосининг 61 фоизига тенг.
Аммо бу савдонинг катта қисми импорт ҳисобига тўғри келади. Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти 868 млн доллар бўлган бўлса, у ердан импорт қилинган маҳсулотлар 2,4 млрд долларни ташкил этган.
Экспортда автомобиллар, тўқимачилик ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари муҳим бўлса, Қозоғистондан эса Ўзбекистон буғдой, металл, нефт маҳсулотлари ва кўмир харид қилган. Натижада икки давлат ўртасидаги савдода импорт экспортдан қарийб уч баравар юқори бўлган.
Туркманистон билан савдода ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Етти ойда икки давлат ўртасидаги савдо 779,4 млн долларни ташкил этган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,9 фоизга ошган.
Ўзбекистоннинг бу давлатга экспорти 121,8 млн доллар бўлган. У ерга қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари ва айрим техника воситалари юборилган. Аксинча, импорт 657,5 млн долларни ташкил этиб, унинг катта қисмини нефт маҳсулотлари ва полимерлар ташкил қилган. Шундай қилиб, Қозоғистон ва Туркманистон билан савдода импорт экспортдан сезиларли даражада юқори.
Қирғиз Республикаси ва Тожикистонда экспорт устун
Қирғизистон ва Тожикистон билан савдода эса вазият бошқача. Бу икки давлат билан Ўзбекистоннинг экспорти импортдан анча юқори. Шу билан бирга, айнан ушбу икки давлатнинг савдо айланмаси қолганларига қараганда кўпроқ ўсган.
Қирғиз Республикаси билан савдо шу йилнинг январ–июл ойларида 776,7 млн долларни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,8 фоиз кўп.
Ўзбекистоннинг Қирғизистонга экспорти 575,8 млн доллар, импорти эса 200,9 млн доллар бўлган. Ушбу давлатга кўпроқ маиший техника, автомобиллар, тўқимачилик ва қурилиш маҳсулотлари сотилган. Қирғизистондан эса кўмир, цемент ва табиий тошлар харид қилинган.
Тожикистон билан савдо айланмаси эса 565 млн долларга етиб, бир йил ичида 44,9 фоизга ошган. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 437,5 млн долларни, импорти эса 127,5 млн долларни ташкил қилган. Бу йўналишда экспорт импортдан уч баравар юқори.
Шундай қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо таркибида икки хил манзара юзага келмоқда. Қозоғистон ва Туркманистон билан савдода импорт устун бўлса, Қирғизистон ва Тожикистон билан Ўзбекистон экспорти анча юқори.
Умуман олганда, Ўзбекистон савдосида импорт ҳали ҳам экспортдан юқори. Шунинг учун келгусида экспортни кўпайтириш, айниқса тайёр маҳсулотларни қўшни давлатлар бозорига кўпроқ чиқариш муҳим. Экспортнинг ошиши савдо ҳажмини кенгайтириш билан бирга, импорт ва экспорт ўртасидаги фарқни ҳам камайтириши мумкин.





