Сотиладиган «Ўзэкспомарказ» ва «Туронбанк», контракт пулини тўлашнинг сўнгги саналари ва охирги 5 йилдаги энг катта иқтисодий ўсиш — 8 сентябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон иқтисодиётида сўнгги беш йилдаги энг юқори натижа қайд этилди
Евроосиё тараққиёт банкининг сентябь ойидаги макроиқтисодий шарҳига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсиб, сўнгги беш йилдаги энг юқори натижани қайд этди. Ушбу кўрсаткич бўйича республика Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қирғизистондан (11,1 фоиз) ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, мамлакатда хизмат кўрсатиш, саноат ва қурилиш соҳалари ўсишнинг асосий драйверлари бўлган ҳамда йил якунига қадар ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Иқтисодий ўсиш фонида Ўзбекистонда инфляция даражаси мақсадли кўрсаткич сари секинлашишда давом этмоқда. Минтақанинг бошқа давлатларида эса вазият турлича шаклланган: жаҳон бозорида энергия манбалари ва озиқ-овқат нархларининг ошиши Тожикистон ва Қирғизистонда инфляциянинг тезлашишига олиб келган бўлса, Қозоғистонда ҳукумат ва Миллий банкнинг биргаликдаги чора-тадбирлари натижасида инфляция кўрсаткичини 2025 йил охиридаги 12,3 фоиздан август ойида 9,8 фоизгача пасайтиришга эришилган.
«Туронбанк» қаторида жами 100 трлн сўмлик давлат активлари йил охиригача савдога чиқарилади
Ўзбекистонда 2026 йилда 100 триллион сўмлик давлат активлари савдога чиқарилиб, йил якунига қадар камида 14 триллион сўмлик даромад олиш режалаштирилмоқда. Президентнинг 28 августдаги фармонига асосан, йирик активларни харид қилиш шартлари енгиллаштирилиб, аванс тўлови 35 фоиздан 15 фоизгача туширилди ва қолган суммани фоизсиз босқичма-босқич тўлаш, шунингдек, тўловни қисқа муддатда амалга оширганларга чегирма ва муддатли тўлов имкониятлари берилди. Бундан ташқари, сотилмаган активлар нархини босқичма-босқич пасайтириш ҳамда ер участкаларини «тайёр пакет» тамойили асосида сотиш механизмлари жорий этилади.
Хусусийлаштириладиган йирик объектлар рўйхатига «Туронбанк»нинг 98,9 фоиз, «Ўзэкспомарказ»нинг 91,83 фоиз ва Халқаро ҳамкорлик марказининг 79,27 фоиз улушлари киритилган бўлиб, уларнинг қаторида «Халқ суғурта», «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи», «Андижон механика заводи» каби 100 фоиз давлат улушига эга корхоналар ҳам бор. Шу билан бирга, йўл қурилиши корхоналари ҳамда Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги қатор деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларидаги давлат улушларини сотиш кўзда тутилмоқда.
Талабалар контрактни қачонгача тўлаши керак?
Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олувчи талабалар шартнома пулини йил давомида босқичма-босқич (25, 50, 75 ва 100 фоизга етказган ҳолда) тўлаш имкониятига эга. Амалдаги тартибга кўра, тўловнинг дастлабки 25 фоизи биринчи курсга қабул қилинганлар учун 15 сентябргача, юқори курс талабалари учун эса 1 октябргача амалга оширилиши лозим бўлиб, мазкур муддатлар ОТМ ректори ёки давлат комиссияси томонидан узайтирилиши мумкин.
Тўловни амалга оширишдан аввал талабалар ўз шартномаларини my.gov.uz ва kontrakt.edu.uz электрон тизимлари орқали бепул, ҳеч қандай ортиқча ҳужжатларсиз юклаб олишлари мумкин. Тизим орқали автоматик шакллантирилган электрон шартномадаги маблағ миқдори ва тўлов реквизитлари текширилгач, талабалар контракт пулини банк ёхуд онлайн усулда тўлашлари мумкин.
Хива ва Бухоро ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилмоқда
9 сентябрдан бошлаб Хива ва Бухоро шаҳарлари ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилади. «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабарига кўра, 5 та вагон ва жами 415 та эконом-класс ўриндиғига эга бўлган CRRC-Daliyan русумли ушбу поезд орқали «Хива — Бухоро» йўналиши сешанбадан ташқари ҳар куни (09:55 дан 14:32 гача), «Бухоро — Хива» қатнови эса душанбадан ташқари барча кунларда (15:45 дан 20:25 гача) амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур йўналишлар доирасида 14 сентябрдан бошлаб ҳар душанба куни «Бухоро — Тошкент», 15 сентябрдан эса ҳар сешанба куни «Тошкент — Бухоро» электропоездлари қатнови ҳам йўлга қўйилади. Янги тезюрар поездларнинг ишга туширилиши муносабати билан Тошкент — Хива, Андижон — Қўнғирот, Душанбе — Тошкент ва Урганч — Нукус каби бир қатор бошқа маҳаллий ва халқаро йўловчи поездларининг ҳаракат жадвалига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.





