Президент маълум қилган иккинчи АЭС лойиҳаси, шаффофлик талабидан ўтолмаган Ўзбекистон ва эркаклардан кўпроқ жамғарма йиғаётган аёллар — 20 август дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Президент: Ўзбекистонда иккинчи АЭС қурилиши учун тайёргарлик бошланади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятидаги тадбирда мамлакатда иккинчи атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича тайёргарлик ишлари бошланганини маълум қилди. Давлат раҳбари Жиззах вилоятида барпо этилаётган биринчи лойиҳани ёдга олиб, навбатдаги станция бўйича катта тайёргарлик кетаётганини таъкидлади. Бироқ ҳозирча иккинчи АЭСнинг қаерда жойлашиши, қуввати ва қачон амалга оширилиши ҳақида аниқ расмий маълумотлар очиқланмаган.
Президент энергетика соҳасидаги бундай йирик лойиҳаларни мамлакатга инвестиция жалб қилиш ҳамда инвесторларни кафолатли ва арзон электр энергияси билан таъминлаш зарурати билан изоҳлади. Унинг қайд этишича, хорижий сармоядорларни биринчи навбатда энергия нархи ва узлуксизлиги қизиқтиради. Эслатиб ўтамиз, «Ўзатом» агентлиги раҳбарияти аввалроқ Жиззахдаги майдон яна иккита йирик энергоблокни жойлаштириш имконини бериши ҳақида тўхталиб ўтган эди.
Ўзбекистонда пул йиғишда аёллар етакчи — Марказий банк
Марказий банкнинг молиявий оммабоплик бўйича ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда маблағ жамғариш бўйича аёллар етакчилик қилмоқда. Мамлакат бўйича вояга етган аҳолининг 4 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд бўлса, аёллар орасида бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этади. Шунингдек, хотин-қизларнинг 86 фоизи асосий банк ҳисобварағига эга бўлиб, ажратилган янги чакана кредитлар ҳажмининг 35 фоизи ҳамда чакана кредит портфели қолдиғининг 38 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Ҳисоботда аҳолининг кредитлаш ҳолати ва қишлоқ ҳудудларидаги молиявий фаоллик ҳам таҳлил қилинган. Унга кўра, мамлакатда қарийб ҳар учинчи қарз олувчида (29 фоиз) бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит мавжуд бўлиб, ҳар бир мижозга ўртача 1,7 та кредит тўғри келади. Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси орасида жамғармалардан фойдаланиш даражаси жуда паст эканлиги қайд этилди: қишлоқда яшовчиларнинг атиги 1 фоизигина муддатли ҳисобвараққа эга ва бу ўртача республика кўрсаткичидан тўрт баробар кам демакдир.
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда молиявий шаффофлик етарли эмаслигини қайд этди
АҚШ Давлат департаментининг «Fiscal Transparency Report 2026» (Фискал шаффофлик ҳисоботи)да Ўзбекистон минимал талабларга жавоб бермаган 67 та давлат қаторига киритилди. Жами баҳоланган 139 та ҳукуматдан 73 таси белгиланган мезонларни бажарган бўлиб, Марказий Осиё минтақасидан Қозоғистон ва Қирғизистон минимал талабларни бажарди, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон эса мазкур талабларга жавоб бера олмади.
Ҳисоботда Ўзбекистон томонидан бюджет ҳужжатлари ва унинг ижроси ўз вақтида эълон қилингани, бюджетдан ташқари маблағлар очиқлангани ҳамда олий молиявий назорат органининг мустақиллиги ижобий баҳоланган. Бироқ давлат ва йирик давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари тўлиқ ошкор этилмагани, суверен кредитлар шартлари, табиий ресурслардан олинадиган даромадлар ва давлат харидлари соҳасидаги шартномалар эълон қилинмагани Ўзбекистоннинг минимал талабларга жавоб беришига тўсқинлик қилди.
Туристик стартаплар учун 1 млрд сўмгача субсидия ажратилади
Ўзбекистонда туризм соҳасида янги хизматларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этаётган стартаплар учун давлат субсидияси ажратилади. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги тартибга кўра, лойиҳа харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади, бироқ бир лойиҳа учун ажратиладиган маблағ 1 миллиард сўмдан ошмайди. Ушбу молиявий кўмак ҳар йили автоматик тарзда эмас, балки саралаш натижаларига асосан энг яхши 10 тагача туристик стартап лойиҳасига тақдим этилади.
Субсидия олишни истаган талабгорлар Давлат хизматлари марказлари ёки «my.gov.uz» портали орқали ариза топширишлари мумкин. Аризалар Туризм қўмитаси ҳузурида тузилган махсус комиссия томонидан суҳбат, лойиҳанинг туристлар учун долзарблиги ҳамда бозорга янги ечим таклиф қилиши каби мезонлар асосида баҳоланади. Комиссиянинг харажатларни қоплаш тўғрисидаги қарори чиққандан сўнг, маблағлар 7 иш куни ичида талабгорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Суғурта компаниялари ярим йилда 505,5 млрд соф фойда олди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 35 та суғурта компаниясининг жами соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 61,3 фоизга ошиб, 505,5 млрд сўмни ташкил этди. Соҳа фойдасининг 96 фоизи (484 млрд сўм) умумий суғурта ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди. Бозордаги умумий соф фойданинг 51 фоиздан ортиғи (259 млрд сўмдан ортиқ) атиги икки йирик компания — 153,9 млрд сўм фойда билан етакчи бўлган «Apex Insurance» ҳамда 105 млрд сўмлик кўрсаткичга эга «Euroasia Insurance» томонидан таъминланди. Кейинги ўринларни «Mosaic Insurance Group» (33,4 млрд сўм) ва «O‘zbekinvest» (31,8 млрд сўм) эгаллади.
Ҳаёт суғуртаси билан шуғулланувчи 7 та компаниянинг жами соф фойдаси эса қарийб уч баробар ошиб, 21 млрд сўмга етди ва бу йўналишда «TBC Sug‘urta» (20,5 млрд сўм) етакчилик қилди. Ҳисобот даврида «Neo Insurance» ва «Temiryo‘l-Sug‘urta» каби компанияларда соф фойданинг минглаб фоизлик кескин ўсиши кузатилган бўлса-да, айрим иштирокчилар даврни салбий натижа билан якунлади: «Prestige Insurance» 5,6 млрд сўм, «Alskom» эса 2,2 млрд сўм молиявий зарар кўрди, шунингдек, яна тўққизта суғурта ташкилотининг фойдаси камайди.





