Logo

Туристик стартаплар учун 1 млрд сўмгача субсидия ажратилади

Туризм соҳасидаги стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Субсидия ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳага ажратилади.

Туристик стартаплар учун 1 млрд сўмгача субсидия ажратилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Туризм соҳасида янги хизматларни ишлаб чиқиб, уларни амалиётга жорий этаётган стартаплар учун давлат субсидияси ажратилади. Бу тартиб ҳукумат қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентда белгиланди.

Унга кўра, стартап лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бироқ бир лойиҳа учун ажратиладиган субсидия миқдори 1 млрд сўмдан ошмайди.

Маблағ ҳар йили туризм соҳасидаги энг яхши 10 тагача стартап лойиҳасига берилади. Демак, субсидия автоматик тарзда эмас, лойиҳаларни саралаш ва баҳолаш натижалари асосида ажратилади.

Ариза ва баҳолаш тартиби

Субсидия олишни истаган талабгорлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали — «мй.гов.уз» орқали ариза топшириши мумкин.

Аризалар Туризм қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. Лойиҳаларни баҳолаш учун қўмита раиси томонидан махсус комиссия тузилади.

Ариза келиб тушганидан кейин 5 иш куни ичида талабгорга суҳбат ўтказилиши ҳақида хабарнома юборилади. Суҳбатдан сўнг комиссия 10 иш куни давомида талабгор ва унинг стартап лойиҳаси белгиланган талабларга мослигини ўрганади.

Баҳолашда лойиҳанинг муайян туристик хизматни ривожлантиришга қаратилгани, туристлар учун долзарблиги ҳамда бозорда илгари мавжуд бўлмаган ёки сезиларли даражада такомиллаштирилган ечим таклиф қилиши асосий мезонлардан бўлади.

Маблағ қачон ўтказилади

Комиссия харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг Туризм қўмитаси 7 иш куни ичида субсидия маблағларини талабгорнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

Янги механизм туризм бозорида рақамли хизматлар, янги туристик маҳсулотлар ва инновацион ечимларни яратишни рағбатлантириши кутилмоқда. Шу билан бирга, давлат маблағи фақат танлаб олинган ва белгиланган мезонларга жавоб берадиган лойиҳаларга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хивада 12 гектарлик халқаро туризм шаҳарчаси қурилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид