Logo

Путин билан «яқин алоқаларга» эгалиги айтилган Усманов Европа санкцияларидан чиқарилади

Kecha 22:262 daqiqa

Европа Иттифоқининг 27 давлати элчилари россиялик миллиардерлар Алишер Усмонов ва Михаил Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқаришга келишиб олди.

Путин билан «яқин алоқаларга» эгалиги айтилган Усманов Европа санкцияларидан чиқарилади

Европа Иттифоқининг 27 та давлати доимий вакиллари россиялик тадбиркорлар Алишер Усмонов ва Михаил Фридманни санкциялар рўйхатидан чиқариш бўйича дастлабки келишувга эришди. Бу ҳақда европалик дипломатларга таяниб, «Reuters» агентлиги маълум қилди.

Хабар қилинишича, агар яқин бир неча соат ичида Европа Иттифоқи ҳукуматларидан бирортаси ушбу қадамга эътироз билдирмаса, Россиянинг Украинадаги уруши сабабли жорий этилган мазкур санкциялар бекор қилинади.

Дипломатларнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат элчиларининг бу қарори минглаб бошқа россиялик жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкцияларни уч йилга узайтириш бўйича пакет келишувининг бир қисми сифатида амалга оширилган. Ушбу муддат одатдаги олти ёки 12 ойлик узайтириш муддатларидан анча узоқроқ экани таъкидланмоқда.

Усмонов ва Фридманни рўйхатдан чиқариш ташаббуси

Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларида ҳайрат ва ғазабни келтириб чиқарган ҳолда, жорий ойда Франция россиялик ўзбек миллиардери Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқариш ташаббуси билан чиққан Словакияга қўшилган. Дипломатларнинг қайд этишича, шундан сўнг Люксембург россиялик Фридманни ҳам рўйхатдан чиқаришни талаб қилган.

«Reuters» агентлигига ўтган ҳафта уч нафар европалик дипломат маълум қилишича, Франция камида икки нафар Франция фуқаросини ҳибсга олган Озарбойжон томонидан босимга учраганини билдириб, Европа Иттифоқини Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишга чақирган. Бироқ, кейинчалик озарбойжонлик юқори мартабали дипломат бу даъволарни рад этган.

Ўз навбатида, Франция томони Усмоновга нисбатан Европа Иттифоқига кириш тақиқи ва Иттифоқ ҳудудидаги активларини музлатишни ўз ичига олган санкцияларни бекор қилишга ундаганини очиқ тасдиқламаган.

Санкциялар ва суд иши

Европа Иттифоқи ҳар икки тадбиркорга нисбатан 2022 йилда санкциялар жорий қилган эди. ЕИ Усмоновга нисбатан санкция қўллашда уни Россия президенти Владимир Путин билан «яқин алоқаларга» эга дея таърифлаган.

Шунингдек, Фридман ҳозирда арбитраж судига ўтган иш доирасида Люксембургдан 16 миллиард доллар талаб қилмоқда. Европа Иттифоқи дипломатларининг таъкидлашича, Люксембург агар Усмонов ёлғиз ўзи санкциялар рўйхатидан чиқарилса, Фридманга нисбатан Европа Иттифоқи санкцияларини сақлаб қолиш бўйича Люксембургнинг позицияси заифлашиши мумкинлигини айтмоқда.

Teglar

Mavzuga oid