Қўшни давлатларда пенсия ёши қандай шаклланган?
Ўзбекистонда пенсия ёши 2028-йилдан бошлаб босқичма-босқич оширилиб, 2039-йилда эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун эса 58 ёш этиб белгиланиши мумкин. Vaqt.uz навбатдаги мақоласида қўшни давлатлардаги пенсия тайинланиши ва белгиланган ёш чегараларини ўрганди.

Ўзбекистонда умумий пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклифи жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Президент фармони лойиҳасига кўра, 2028-йилдан пенсия ёшини ҳар йили 3 ойдан ошириб бориш режалаштирилмоқда.
Амалда умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эркакларда 60 ёшдан, аёлларда 55 ёшдан бошланади. Таклиф амалга ошса, 2039-йилга келиб бу чегара эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш бўлиши мумкин. Шу билан бирга, 2027-йилдан умумий белгиланган ёшни бир йилга қисқартириб пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш ҳам таклиф этилмоқда.
Лойиҳа муаллифлари ўзгаришни аҳолининг умр кўриш давомийлиги ортиб бораётгани ҳамда фуқароларнинг пенсия тизимида иштирок этиш даври билан пенсия тўловларини олиш даври ўртасидаги мувозанатни таъминлаш зарурати билан изоҳламоқда.
Бу ҳали амалдаги қоида эмас, ҳозирча таклиф. Шунинг учун якуний кўрсаткичлар қонунчиликда қандай кўриниш олиши муҳокама натижаларига боғлиқ. Аммо қўшни давлатларда пенсияга чиқиш ёши қандай шаклланган?
Қозоғистонда аёллар пенсия ёши 58 ёшдан 63 ёшгача оширилмоқда
Қозоғистон ҳам Ўзбекистон каби пенсия ёшини секин-асталик билан оширишни танлаган.
Қозоғистонда эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 61 ёшда умумий тартибда пенсияга чиқади. Аёллар учун 61 ёш чегараси 2023–2027-йилларда сақланади.
Бу вақтгача эркаклар ва аёллар учун пенсия ёши турли йиллар давомида оширилган. Масалан, Қозоғистонда эркаклар учун пенсия ёши 1998–2003-йиллар давомида 60 ёшдан 63 ёшгача босқичма-босқич оширилди.
Аёллар учун эса пенсия ёшини ошириш 2018-йилдан бошланди. Дастлаб 58,5 ёшдан бошланган жараён ҳар йили олти ойга ошириб борилиб, 2023-йилда 61 ёшга етиши, 2027-йилда эса 63 ёш бўлиши режалаштирилган эди.
Бироқ 2023-йилдан бошлаб бу ошириш вақтинча тўхтатилиб, 2023–2027-йилларда аёллар учун пенсия ёши 61 ёш даражасида сақланадиган бўлди. Шу сабабли дастлабки режадаги 2024–2027-йиллар учун 61,5–63 ёш кўрсаткичларга амал қилинмаяпти.
2028-йилдан эса илгари бошланган ошириш жараёни қайта давом эттирилади. Хусусан, 2028-йилда — 61,5, 2029-йилда — 62, 2030-йилда — 62,5 ва 2031-йилдан 63 ёш бўлиши кутилмоқда.
Қирғизистонда 63 ва 58 ёш сақланмоқда
Қирғизистонда умумий тартибда эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда пенсияга чиқади. Бу кўрсаткич 2026-йилда ҳам ўзгармаган. Мамлакат Ижтимоий фондининг расмий маълумотида ҳам айнан 63 ва 58 ёш кўрсатилган.
Тарихан эса Қирғизистонда пенсия ёши 60/55 даражасидан 63/58 гача босқичма-босқич оширилган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бу жараён 1999–2007-йиллар давомида амалга оширилган.
Шунга қарамай, мамлакатда пенсия олиш учун талаб қилинадиган суғурта стажи оширилмоқда. 2024-йил ўртасидан 5 йиллик талаб жорий этилган ва у 2045-йилгача ҳар йили оширилиб, 20 йилга етказилиши кўзда тутилган.
Тожикистонда янги пенсия ислоҳоти режалаштирилмаяпти
Расмий манбаларда келтирилишича, Тожикистонда ҳозир эркаклар 63 ёшда, аёллар 58 ёшда пенсияга чиқиши белгиланган.
Мамлакатнинг 1993-йилги қонунчилигида назарда тутилган босқичларга кўра, 2001-йил 1-июлдан пенсия ёши эркаклар учун 61, аёллар учун 56 ёш, 2002-йилдан 62/57 ёш ва 2003-йилдан 63/58 ёш этиб белгиланиб, бугунгача сақланиб қолган.
Ҳозирча Тожикистонда пенсия ёшини яна ошириш бўйича расмий маълумотлар мавжуд эмас.
Туркманистонда пенсия ёши 62 ва 57 ёш даражасида қолган
Туркманистонда умумий тартибда эркаклар 62 ёшда, аёллар эса 57 ёшда пенсияга чиқади. Мамлакат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг маълумотига кўра, пенсия тайинланиши учун фуқаро мажбурий пенсия суғуртаси тизимида камида 5 йил иштирок этган бўлиши керак.
Туркманистонда ҳам яқин йилларда пенсия ёши ўзгариши ҳақида бирор асос йўқ.
Келгусида манзара қандай ўзгаради?

Марказий Осиёда эркаклар учун энг юқори умумий пенсия ёши 63 ёш бўлиб, бу кўрсаткич Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда амал қилмоқда. Аёллар бўйича эса ҳозирги энг юқори чегара 61 ёш билан Қозоғистонга тўғри келади.
Агар давлатларнинг ҳозирги қоидалари ва эълон қилинган режалари ўзгармаса, яқин йилларда минтақадаги энг юқори пенсия ёши Қозоғистонга тўғри келади. 2031-йилдан бу мамлакатда эркаклар ҳам, аёллар ҳам 63 ёшда пенсияга чиқиши кутилмоқда.
Ўзбекистондаги таклиф тўлиқ амалга ошса, мамлакат ҳам 2039-йилга бориб эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш кўрсаткичига етади. Бу эркаклар бўйича Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги амалдаги 63 ёш билан тенглашади. Аёллар бўйича эса Ўзбекистоннинг 58 ёшлик кўрсаткичи Қозоғистоннинг 2031-йилдан белгиланган 63 ёшидан 5 йилга паст даражада қолади.
Бошқа жиҳатдан мамлакатларни фақат пенсия ёши билан солиштириш вазиятни тўлиқ очиқламайди. Қирғизистонда, масалан, пенсия ёши ўзгармаётган бўлса ҳам, пенсия олиш учун зарур суғурта стажи босқичма-босқич оширилмоқда ва 2045-йилга бориб 20 йилга етказилиши режалаштирилган.
Teglar
